2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚОЯТОШЛАРДАГИ СУРАТЛАР

Нурота ва Моргузар тоғ тизмалари кесишган жойда Ғўбдин қишлоғи жойлашган, аҳолиси асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Кенг яйловларда ёйилиб юрган қўй-қўзиларнинг яйраб кўпайиши учун шарт-шароитлар етарли бўлганлигидан аҳолининг турмуш тарзи йилдан-йил яхшиланиб, фаровонлашиб бормоқда. Биз бу ерда баланд қоятошлардаги суратларни ҳам кўздан кечиришга муваффақ бўлдик.

Қоятошлардаги суратларда тоғ эчкиси, архарлар, уй ҳайвонлари, сурув ортидан келаётган чўпон каби кўплаб тасвирлар акс этган. Улар тошларга ўйиб ишланган, ўлкамизнинг нодир дурдоналари ҳисобланади.

Ҳар бир тошнинг ўзига хос хусусияти бор. Улардаги ноёб дурдоналарнинг контурлари аниқ ва равшан ифодаланган. Мусаввир томонидан суратнинг ҳар бир қисми моҳирона чизилган. Ушбу тасвирларни кўздан кечирарканмиз, ўтмишда ҳам ўлкамиз табиати бой ва хилма-хил бўлганлиги, уй ҳайвонларининг кўпайиши учун шарт-шароитлар мавжуд эканлигини яқиндан билиб олдик.

Тоғларда жамланган ҳолдаги харсангтошлар кўп. Икки қўчқор шохлашиб, тош қотганга ўхшайди. Айиқ, кобра, тошбақа, балиқ каби жониворларга ўхшаш тошлар ҳам мавжуд. Баланд тепаликдаги қирққиз ва кампиртошлар жонсиз бўлса-да, оналар ҳамда шўх-шодон қизлар сиймосини эслатади. Ҳеч ким ишлов бермаган, тарашламаган бу тошлар она табиатнинг халқимизга инъомидир.

Сафаримиз давомида қадимий тош ўчоқ, меҳнатдан сўнг ҳордиқ чиқариш учун улкан тошлардаги бир нечта айвон ва супаларни ҳам кўздан кечирдик.

Умуман олганда, Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган Ғўбдин қишлоғидаги ўнга яқин қоятошда жами 300 дан ортиқ сурат мавжуд экан. Улар нодир асарлар ҳисобланиб, ҳайратимиз янада ортди. Табиат бағрига сайрга чиққан ўқувчиларнинг таассуротлари бойиб, улар вужудида янада куч-ғайрат ва шижоат пайдо бўлди. Уни очиқ осмон остидаги музей дейиш ҳам мумкин.

Шу тумандаги Қоранғул қишлоғи ҳудудидаги айрим тошларнинг турли нуқтадан ранг-баранг кўриниши ҳайратланарлидир. Улар олисдан одам гавдасини эслатади: ибодат қилаётган аёлни, йиғлаётган болани, қўй-қўзилар боқиб юрган чўпонни... Келинтош эса худди сизга салом бераётгандек туюлади. Шунда беихтиёр табиат – моҳир ҳайкалтарош, деган фикр кўнглингизда пайдо бўлади.

Баҳорги таътил кунлари ўқувчилар билан уюштирилган саёҳат давомида нонтош, кенг, ёйиқ супа ҳамда тухумсимон тошларга ҳам дуч келдик. Мутахассисларнинг айтишича, табиатнинг бу сирли топилмалари неча-неча асрлар муқаддам вулқон отилишлари, тоғ жинсларининг емирилиши ҳамда кучли шамол туфайли вужудга келган экан.

Биз дара бўйлаб тобора юқорига кўтариларканмиз, қаттиқ, ялтироқ, худди пичоқ билан кесилгандек кўринишдаги баланд қоятошларда тоғ эчкиси, ҳўкиз, қўй-қўзи ҳамда бўри, қоплон, турли қушларнинг суратларини кўришга муваффақ бўлдик. Шунингдек, қадимда ов маросимида қўлланилган ўқ-ёйлар ҳам ўша даврдаги ҳаваскор мусаввирлар томонидан моҳирона акс эттирилган. Уларда аждодларимиз дунёқараши, тасаввури ва ҳаёт тарзи ифодаланган.

Қоятошлардаги суратлар ёмғир ёққанида ёки қуёш тик тушганида кўзга яққол ташланади. Бу суратлар ўтмишдан хабар беради. Табиатнинг бу мўъжизаларидан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Уларнинг табиат маҳсули, ўлкамизнинг бой мероси ва тарихий аҳамиятга эга эканлигини ёш авлодга тушунтириб борамиз.

Қисқаси, Ғаллаорол тумани «Маданият» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қоранғул қишлоғидаги қоятошларда йигирма бешга яқин ҳар хил сурат ва тасвирлар ўқув даргоҳимизда фаолият юритаётган «Ёш табиатшунослар» тўгарагининг Мафтуна Норқулова, Шоҳсанам Эргашева ва Рухшона Юсупова каби аъзоларига бир олам завқ бағишлади.

Ирода МАМАЮСУПОВА

 

Информеры