2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ГЕРМАНИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Нафақат Европа, балки жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидан бири бўлган Германия Федератив Республикаси Қуролли Кучлари ўз жанговар қобилияти, ҳарбий техника ва қуроллар билан таъминланиш даражаси, ҳарбий соҳага ажратиладиган сарф-харажатлар миқдори бўйича дунёнинг етакчи армияларидан бири ҳисобланади.

1990 йилда Шарқий ва Ғарбий Германия бирлашганидан сўнг Бундесвер улкан жанговар қудратга – 7 мингдан ортиқ танк, деярли 9 мингга яқин пиёдалар жанговар машинаси ва зирҳли транспортёр, 4,6 мингта тўп, миномёт ва бараварига ўт очувчи ракета тизими, мингдан зиёд жанговар самолётга эга бўлди. Бундан ташқари, ўша вақтларда мамлакат ҳудудида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Канада, Голландия ва Бельгия Қуролли Кучларининг ҳарбий бўлинмалари ҳамда уларга қарашли 7,5 мингта танк, 7 мингдан зиёд жанговар машина, 7,2 мингта артиллерия тизими ва 300 дан ортиқ самолёт ҳам жойлаштирилган эди. Бунинг натижасида Бундесвер НАТОнинг Европадаги асосий зарбдор кучига айланган. Аммо ҳозирги даврга келиб, буларнинг барчаси ўтмишга айланган.

Бироқ сўнгги йиллар мобайнида содир бўлган ўзгаришларга қарамай, Бундесвер Европанинг энг йирик, юқори жанговар қобилиятга эга бўлган армияларидандир. Мамлакатнинг ҳарбий йўналишдаги харажатлари миқдори 30,3 миллиард долларни ташкил этади. Германия мудофаа вазирлигининг 2017 йил 30 ноябрдаги маълумотига кўра, анъанавий кўринишдаги тузилма, яъни Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган Германия Қуролли Кучларининг умумий сони 179 408 кишини, шу жумладан, Қуруқликдаги қўшинлар – 60 582 киши, ҲҲК – 28 090, ҲДК – 16 213, бирлашган таъминот кучлари – 28 453, марказий тиббий санитария хизмати – 20 079, кибероперациялар ва ахборот таъминоти кучлари – 12 519 кишини ташкил этади.

2011 йилнинг 1 июлида мамлакат ҳукумати томонидан муддатли ҳарбий хизматга мажбурий чақирув бекор қилинганидан сўнг Бундесвер тўлалигича профессионал асосда шакллантириладиган бўлди. Ҳозирда Қуролли Кучлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар уч турга бўлинади: кўнгиллилар, шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар ва профессионал ҳарбийлар. Кўнгиллиларнинг хизмат муддати 12 – 23 ойни ташкил этади. Шартнома бўйича эса 2 йилдан 15 йилгача хизмат қилиш мумкин.

Қуруқликдаги қўшинлар

Германия Қуролли Кучларининг энг кўп сонли, замонавий қуроллар билан таъминланган бу турдаги қўшинлари асосан қуруқликда жанговар ҳаракатлар олиб боришга мўлжалланган. Қуруқликдаги қўшинлар таркибига 3 та дивизия, 23 та бригада (9 та механизациялашган, 2 та ҳаво-десант, 2 та фронт орти таъминоти, тоғ пиёдалари, армия авиацияси, артиллерия, муҳандислик, ҳаво ҳужумидан мудофаа, кимёвий ҳимоя­кураш, шунингдек, 3 та қисқартирилган таркибдаги механизациялашган бригада), махсус вазифаларни бажарувчи кучлар қўмондонлиги ва франко-герман бригадасининг немис бўғини киради. Қўшин ихтиёридаги танк парки асосини Германиянинг ўзида ишлаб чиқарилган турли модификациядаги «Леопард» типидаги 1095 танк ташкил этади. Шунингдек, қўшин тасарруфида «Фенек», «Мардер», «Боксер», «Динго» ва бошқа русумдаги 2563 та зирҳли жанговар машина (уларнинг 736 таси зирҳли транспортёр), «Спайк-LR» ва «Тоу» русумли танкка қарши ракета комплекслари (235 та), кўп миқдордаги ўзиюрар ва шатакка олинувчи артиллерия қурилмалари ҳамда миномётлар, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари, армия авиацияси таркибида эса 200 дан ортиқ «Тигр» UHT, Во-105, UH-1D ва NH-90 типидаги жанговар вертолёт бор.

Ҳарбий ҳаво кучлари (Люфтваффе)

 Люфтваффе 4 та дивизиядан иборат бўлиб, уларнинг таркибига 1 та разведка, 4 та қирувчи-бомбардимончи, 3 та қирувчи ҳамда 4 та ҳаво ҳужумидан мудофаа эскадраси, 4 та оператив қўллаш бошқармаси, шунингдек, объектларни ҳимоялаш батальони, ҳарбий транспорт авиацияси қўмондонлиги, Ҳарбий ҳаво кучларини оператив бошқариш қўмондонлиги, 2 та моддий-техник таъминот полки ва қуролларга хизмат кўрсатиш маркази киради. Оператив қўмондонлик ва Марказий бошқарма Кёльн шаҳрида жойлашган.

Люфтваффенинг жанговар қудрати асосини Германия – Англия – Испания – Италия мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган «Тайфун» русумли қирувчи-бомбардимончи (135 та) ва «Торнадо» типидаги бомбардимончи (131 та) самолётлар ташкил этади. Шунингдек, қўшин ихтиёрида ҳозирги кунга келиб анча эскириб қолган F-4F типидаги 40 та қирувчи самолёт, турли русумдаги транспорт ва ёнилғи қуйиш самолётлари (90 дан ортиқ) ҳамда CH-53G ва AS532 типидаги 88 та жанговар вертолёт бор. Люфтваффе ўқув авиациясига эга эмас, учувчилар АҚШда маҳаллий ўқув самолётларида тайёргарликдан ўтадилар. Ерда жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари таркибида «Пэтриот» типидаги зенит-ракета тизими билан таъминланган 20 та батарея бор. Шунингдек, 2 та резерв ва 2 та ўқув батареяси ҳам мавжуд.

Ҳарбий денгиз кучлари

Бу турдаги қўшинлар таркибига ҳарбий флот, денгиз авиацияси ва махсус вазифаларни бажарувчи бўлинмалар киради. Ҳарбий денгиз флоти мамлакат денгиз салоҳиятининг асосий таркибий қисми, давлат ташқи сиёсатининг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади ва дунё океанида Германия ҳамда унинг иттифоқчилари манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, мамлакатга яқин денгизларда ҳарбий-сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш учун мўлжалланган.

Ҳарбий денгиз кучлари ихтиёрида 205 (1 та), 206А (11) ва 212А (1) типидаги жами 13 та сувости кемаси, турли русумдаги 14 та фрегат, 14 та ракета катери, 5 та корвет, 40 та мина-трал кемаси, 6 та десант катери ҳамда 60 дан зиёд ёрдамчи кема бор. Денгиз авиацияси эса Р-3С «Орион» русумли кемаларга қарши самолёт (8 та), Do-228 типидаги патруль самолёти (3 та), «Супер Кинг» ва «Супер Линкс» русумли 43 та жанговар вертолёт билан таъминланган. Шунингдек, NH90 типидаги 18 та вертолёт харид қилиниши режалаштирилган.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры