2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАДБИРКОР ҲАРБИЙ ОИЛА БЕКАЛАРИ

ҳарбий қисм ҳудудида иссиқхона ташкил қилди

Ҳарбийлар оиласи бекалари Нозигулхон ва Моҳичеҳрахон худди катталарнинг орзусидагидек эпли чиқиб қолди. Уйда бўш ўтиришни истамаган бу аёллар банкдан кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилишди. Уларнинг  бу ташаббуси  ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Ҳужжат ишлари, югур-югурлар кўпга чўзилмади. Бу борада уларга ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Феруза Эргашева кўмак берди. Ниҳоят, Сирдарё туман хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига асосан Нозигул Имомалиева ҳамда Моҳичеҳра Умаровага халқ банки томонидан имтиёзли кредит ажратилди. Яна оз эмас, кўп эмас  нақ йигирма миллиондан!

–  Банкдан имтиёзли кредит олганимиздан кейин иссиқхона қуришга киришдик, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Улуғбек Имомалиевнинг турмуш ўртоғи Нозигул Имомалиева. – Бунинг учун ҳарбий қисм ҳудудидан 2 сотих ер ажратилди. Ерни суғориб, юмшатиб ишлов берганимиздан кейин унга тезпишар бодринг навини экдик. Ҳозир экинлар гуркираб ўсяпти. Тез кунда ҳосилини оламиз. Кун сайин яшнаётган ниҳолларга қараб баҳридилим очилаяпти. Меҳнат қилишга иштиёқим ортяпти.

Суягим деҳқончилик билан қотган. Болалигимдан отам-онамнинг ёнида туриб томорқада меҳнат қилганман. Шунинг учун экин экиш, унга ишлов бериш, парвариш қилиш ишлари мен учун қийинчилик туғдиргани йўқ. Энг асосийси, вақтимни фойдали ишга сарфлаётганимдан хурсандман.

– Менга 4 сотих ер ажратилди. Унга булғор қалампири экдим, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Воҳид Умаровнинг турмуш ўртоғи Моҳичеҳра Умарова. – Булғор қалампири жуда серҳосил бўлади. Яхшилаб ишлов бериб турилса ва яна энг муҳими, тез-тез суғорилса, ҳосилдорлик кун сайин ошаверади. Айни вақтда экинларим ҳосилга кириш арафасида.

Феруза Эргашева яна бир хушхабар айтиб қолди. Яна олти нафар ҳарбий хизматчи оиласи «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредит олишяпти. Кимдир тикув, яна кимдир эса қандолат цехи очмоқчи. Демак, тадбиркор аёллар сафи кенгаймоқда, аёлларнинг иш билан бандлиги таъминланаяпти. 

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры