2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БУЮК СОҲИБҚИРОНГА МУНОСИБ ИЗДОШЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига кўра буюк саркарда Амир Темурнинг мардлиги ва ватанпарварлиги, азму шижоати ва адолатпарварлигини ёшларимизга ўрнак қилиш мақсадида мамлакатимиздаги барча ҳарбий лицейларга «Темурбеклар мактаби» деб ном берилди. Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли тақдирни, шарафли йўлни танлаган ҳар бир ёш она Ватанимизнинг шонли кечмишини, халқ қаҳрамонлари, буюк саркардалари ва қўмондонлари ҳаё­тини яхши билиши, улар билан ғурурланиши, уларга муносиб бўлишга интилмоғи керак.

Фарғона шаҳридаги «Темурбеклар мактаби»да ҳам бошқа шу каби мактаблардагидек таълим-тарбия ишлари ана шу асосда йўлга қўйилган. Сўнгги бир ярим йил ичида бу ерда салмоқли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Айни кунда мактабда 437 ўқувчи таҳсил олмоқда.

Президент ташрифидан сўнг мухбиримиз мактабдаги янгиланишлар билан танишди.

Мазкур мактабда илгари ҳам бир неча марта бўлганман. Бу галги боришимизда… мактаб қиё­фаси таниб бўлмас даражада ўзгарибди. Қисқа фурсат ичида Фарғона шаҳрининг энг кўркли таълим муассасаларидан бирига айланибди. Катта кўчадан қайрилиб, ҳарбий лицейга яқинлашганингиз сари ўзгариш­ларни сеза бошлайсиз. Равон ва озода йўлаклар, узоқдан кўзга яққол ташланиб турадиган, мармартошга зарҳал ҳарфлар билан ёзилган «Темурбеклар мактаби»…

Бу ерда улкан ишлар амалга оширилган. Ободонлаштириш ишлари туфайли ўқув бинолари атрофи очилган. Спорт шаҳарчасига ҳам катта эътибор қаратилибди. Унда бемалол мактаб­лараро мусобақаларни ташкил қилиш мумкин. Дарвоқе, биз мактабда бўлган кунимиз бу ерда спорт мусобақаси ўтаётган экан. Жанговар наърани эслатиб юборадиган кучли ҳайқириқлар билан ажралиб турган мусобақада Урганч шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» ўқувчилари барчани доғда қолдириб, биринчи ўринни эгалладилар.

Мусобақа ҳақида гапириб, мавзудан узоқлашай, дебман. Хуллас, ўзгаришлар кўп. Бу ташқи томондан қараганда. Ичкарида ҳам янгиликлар кўп. Бир вақтнинг ўзида 250 ўқувчига хизмат кўрсатадиган ошхонада аутсорсинг тизими йўлга қў­йилган. Ўқувчилар ётоқхонаси ҳам эътибордан четда қолмаган. Спорт залига унча-мунча махсус мактаблар ҳавас қилса арзийди.

Машғулот заллари замонавий кўргазмали воситалар билан жиҳозланган. Ҳар бир фан учун алоҳида синф мавжуд ва фан талабидан келиб чиққан ҳолда кўргазмали қуроллар билан таъминланган.

Фарғона «Темурбеклар мактаби»да аниқ фанлар чуқур ўргатилади. Жорий йилнинг март ойида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган аниқ фанлар олимпиадасида мактабнинг уч ўқувчиси муваффақиятли қатнашди. Бунда муаллимлар Шавкат Ўринов, Эргашали Ғиёсовнинг алоҳида хизматлари бор.

Улкан воқеа

Фарғона «Темурбеклар мактаби»га давлатимиз раҳбарининг ташрифи мактаб ҳаётида энг муҳим, унутилмас воқеа бўлди. Бу улкан воқеа ҳар бир ўқувчи, муаллим ҳаётида ўчмас из қолдирди.

Давлатимиз раҳбари «Темурбеклар мактаби»да яратилган шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Шу куни мактабга автобус совға қилинди.

Тоирбек РАҲМОНАЛИЕВ, ўқувчи:

– Мамлакатимиз Президенти мактабимизга келишларини ҳаяжон билан кутдик. Улар синфимизга кирдилар. Суҳбатларини тинглаб, ҳая­жонимиз босилди. Ҳарбий лицейларнинг номи ўзгарганини, энди унинг мазмун-моҳияти, таълим сифати ҳам Темур бобомизга муносиб бўлиши зарурлигини, «Темурбеклар мактаби» ҳамма ҳавас қиладиган маскан бўлиши лозимлигини, бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарурлигини таъкидладилар. Сиз ҳаммадан ажралиб туришингиз керак, атрофдагилар ўн бола орасидан ҳам сизни «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси экан, деб танисинлар, дедилар.

Айнан шу куни Президентимиз «Темурбеклар мактаблари»ни ривожлантириш бўйича янги тизимни белгилаб берди. Унга кўра, бу мактабларга ёшлар чекланган миқдорда танлаб олинади. Ўқувчилар замонавий ахборот технологиялари ва камида иккита хорижий тилни пухта ўрганади, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама етук, ёшлар орасида етакчи бўлиб шаклланади. Ушбу мактаблар битирувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Ҳа, бу жуда катта имконият. Бироқ бу янада улкан масъулият ҳамдир!

Мактабда инглиз тили

Комила Қўчқорова «Темурбеклар мактаби»да инглиз тилидан сабоқ беради. Унинг ўқувчилари орасида иқтидорлилари талайгина. Келинг, яхшиси, бу ҳақда муаллиманинг ўзидан эшитайлик:

– Бу ерда ишлаётганимга ҳам етти йилдан ошиб қолди. Йилдан-йилга ўқувчиларнинг хорижий тилларга қизиқиши ортиб бормоқда. Ўқувчиларим орасида ижодкорлари ҳам бор. Шоҳинур Муҳаммаджонов улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг «Бир ниҳол» шеърини инглиз тилига ўгирди. Рустамбек Бобобеков эса Муҳаммад Юсуфнинг машҳур «Ватаним» шеърини инглиз тилига таржима қилди. Эътибор берган бўлсангиз, бу шеър ғоят ўзбекона! Унинг хорижий тилга таржимаси ҳам ўта мураккаб кечди. Масалан, «чўлиғимсан», «сўлиғимсан» каби сўзларни инглизчага қандай ўгириш мумкин?! Бу таржимадан кейин шеър ўзбек тилидаги каби жарангламас, бироқ энг муҳими, ўқувчининг ана шу мураккаб ишга қўл урганидир. Яна бир ижодкор ўқувчимиз Самандар Нуъмонов ўзининг ҳаваскорлик машқи бўлган «Ўзбекистон» шеърини инглиз тилига ўгирди.

– Ўқувчилар мисли игна билан қудуқ қазишдек мураккаб бўлган таржима ишига қўл ураётганларига қараганда, мактабда инглиз тили чуқур ўргатилар экан-да, – деб сўрадим ўқувчиларнинг интилишларидан ҳайратланиб.

– Аксарият ўқувчиларимизнинг инглиз тилидан билимлари ҳарбий лицейга қадар шаклланган. Улар бу ерга келгунча инглиз тилини ўрганишган. «Темурбеклар мактаби»да бир ўқув йилида инглиз тилидан сабоқлар 102 дарс соатини ташкил қилади.

Шу ўринда савол туғилади: бу муддат хорижий тилни мукаммал ўрганиш учун етарлими? Мутахассислар нима дер экан?

Тўгараклар

«Темурбеклар мактаби»да ўқувчилар дарсдан бўш вақтларини фойдали ўтказишлари учун қатор фан ва спорт тўгараклари ташкил қилинган. Булар қаторида яна миллий ҳунармандчилик, дурадгорлик, шеърият ва нотиқлик санъати тўгаракларини очиш режалаштирилган.

«Шарқ» ҳаваскорлик жамоаси

Бу жамоа жорий йилда Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ташкил топди. Жуда тезлик билан ўз мухлисларини топди. Келинг, шу ерда сўзимизни мухтасар қиламиз. Мазкур жамоа ва яна бир қатор истиқболи порлоқ фарзандларимиз ҳақида газетамизнинг навбатдаги сонларида ҳикоя қиламиз.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры