2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАРҲУМ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ФАРЗАНДЛАРИНИНГ ШАРТНОМА ПУЛИ ТЎЛАБ БЕРИЛДИ

Ватан тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган фидойиларнинг номи халқ ёдидан, хотирасидан ҳеч қачон кўтарилмайди. Зотан, бугунги доруламон кунларда мана шу инсонларнинг бемисл ҳиссаси бор. Демакки, Ватан учун қилинган эзгуликка фақат эзгулик билан жавоб берилади.

Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳукуматимизнинг эътиборида эканлигини уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар мисолида яхши биламиз. Жумладан, 2018 йилнинг 14 майида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам улар учун алоҳида банд ажратилган. Унга мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан олдин тўлов шартнома асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кирган, ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун шартнома пулини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тўлаб беришга вазирликлар ва идораларга рухсат берилди. Ўтган йили Мудофаа вазирлиги томонидан олий таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётган 6 нафар марҳум ҳарбий хизматчи фарзандларининг шартнома пули тўлаб берилди.

Ушалган орзулар

Марҳум ҳарбий хизматчи Абдумажид Усмоновнинг турмуш ўртоғи Зулфия Усмонова билан ўтган йили Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида бўлиб ўтган битирув тантанасида кўришган эдик. Ўшанда у бўйи бўйидан баланд ўғли лейтенант Шуҳрат Усмоновни айрича меҳр билан қутлар экан, ҳаяжонини биз билан ўртоқлашганди: «Йиллар югуриклигини қаранг, орадан 18 йил ўтибди. Бугун ўғлим ўзи орзу қилгандек офицер бўлди! Ирода қизим ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олаяпти, Азамат эса бу йил акаси таҳсил олган мазкур олий ҳарбий таълим муассасасида ўқишга ҳужжат топширди. Унинг ҳам шу таълим даргоҳида таҳсил олишини орзу қиламан».

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Зулфия опанинг орзуси ушалди. Азамат Президентимизнинг қарорига биноан квота асосида олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Университетда шартнома асосида ўқиётган Ироданинг шартнома пули тўлаб берилди.

– 2018 йил оиламиз учун қувончларга тўлиқ бўлди, – дейди Зулфия Усмонова. – Жудаям хурсандман. Фарзандларимга кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди. Бу шунчаки ғамхўрлик эмас, балки ҳукуматимизнинг шу юртда улғаяётган фарзандларига бўлган меҳри, муҳаббати ифодаси, деб биламан. Шундай илиқ меҳр сабаб болаларим ҳаётда ўз ўрнини топаяпти. Она учун дунёда фарзанд камолидан-да ортиқ бахт йўқ.

Давлатимизнинг юксак эътиборини ҳис қилиб яшаётганлардан яна бири марҳум катта лейтенант Чори Ражабовнинг оиласи бўлади. Бу оилада икки қиз вояга етди. Айни вақтда оиланинг тўнғичи Феруза Тошкент давлат шарқшунослик институти, Наргиза эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил оляпти.

– Феруза тўлов-контракт асосида ўқийди, – дейди Замира Ражабова. – Тўғрисини айтаман, ўтган йили бир оз қурбим етмай қолди. Ана шундай ноилож бўлиб турганимизда бу хушхабарни эшитдик. Ўша дамдаги шодлигимизни сўз билан таърифлаб беролмайман. Биз учун жон куйдирадиган, биздан ёрдамини аямайдиган инсонлар борлигидан қувондим… Шукур, мана қизларим вояга етди. Улар дадаларининг ҳарбий бўлгани билан доим фахрланишади. Дадасининг фарзандларидан умиди катта эди. У ҳар доим «қизларим олий маълумотли бўлади, нуфузли таълим муассасаларида ўқитаман», деб орзу қиларди. Турмуш ўртоғимнинг орзуси амалга ошаётганидан кўнглим таскин топади...

Фотима ва Зуҳра Мирзараҳимова марҳум адлия майори Бахтиёр Мақсудовнинг фарзандлари. Улар айни вақтда Тошкент давлат техника университетининг 4-босқич талабаси. Дарвоқе, Фотима шартнома, Зуҳра эса давлат гранти асосида таҳсил олади.

– Келажакда ўзим танлаган соҳа бўйича етук мутахассис бўламан,– дейди Зуҳра ишонч билан. – Шу азиз юртимга нафим тегишини истайман. Чунки мана шу юртда қадрланяпмиз, ҳеч қачон ёлғизланиб қолганимиз йўқ. Шундай экан, ишончга, эъзозга, эҳтиромга муносиб жавоб қайтаришимиз керак, деб ўз олдимга қатъий мақсад қўйганман.

– Чет тилини ўрганишга болалигимдан қизиқишим баланд эди. Йиллар ўтиб, бу қизиқиш мени Самарқанд давлат чет тиллари институтига бошлади, – дейди марҳум лейтенант Абдусалом Тўқсоновнинг фарзанди Муниса Абдусаломова. – Шартнома асосида ўқишга кирдим. Ҳозир 2-курс талабасиман. Ўтган йили Мудофаа вазирлиги томонидан шартнома пули тўлаб берилди. Бу оиламизга анча енгиллик бўлди. Жудаям хурсанд бўлдим. Бу ғамхўрлик менга муваффақиятларга ундовчи куч берди. Менга билдирилган ишончни шараф билан оқлайман. Танлаган соҳамни яхши ўзлаштириш учун бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман.

Шартнома асосида таҳсил олаётган ёшлардан яна бири марҳум майор Абдукарим Ҳамроевнинг қизи Шаҳноза Ҳамроева бўлади. У бу йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлайди. Унинг ҳам бир йиллик шартнома пули Мудофаа вазирлиги томонидан тўлаб берилди.

– Давлатимиз бизни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаган. Ҳар доим эъзозли инсонлар қаторидамиз, – дейди Шаҳноза ҳаяжон билан. – Орамизда дадам бўлмаса-да, улардек меҳр кўрсатадиган яқинларим, жонажон Ватаним борлигини доим ҳис қилиб яшайман…

Инсон ҳар доим меҳр истаб яшайди. Баъзан бир оғиз ширин калом ҳам меҳр тафтини босади, кўзларга қувонч, кўнгилга ҳаловат бағишлайди. Ҳа, миллатимизда ўзгаларга меҳр улашиш, мурувват кўрсатиш азалий қадрият саналади. Ҳукуматимизнинг ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига кўрсатаётган амалий ёрдами замирида ҳам аслида бебаҳо қадриятларимиз мужассам. Шу туфайли бу заминда эзгулик ва хайрли амаллар барҳаёт.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры