2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН – БЕЛАРУСЬ:

илк бор ўтказилаётган машғулотлар юксак даражада ташкил этилди

Жорий йилнинг 20 – 27 май кунлари «Жанговар ҳамдўстлик – 2019» шиори остида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон – Беларусь махсус операция кучлари бўлинмалари ўртасидаги махсус-тактик ўқув машғулотларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерлари, Беларусь Республикаси ҳарбий делегацияси раҳбари, Поп тумани ҳокими, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар республикаларимиз ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ва айнан бугун икки мамлакат Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилаётган махсус-тактик ўқув машғулотлари ана шу ишларнинг узвий давоми эканлигини таъкидлаб, иштирокчиларга муваффақиятлар тилади.

– Ватанингизга илк бор келишим, бироқ Ўзбекистон Республикаси, унинг қадимий тарихи ва дунёга машҳур обидалари ҳамда меҳмондўст халқи ва бу ерда олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида кўп эшитганман, – дейди Беларусь Республикаси вакили кичик сержант Павел Тюрин. – Серқуёш Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Бизни ўзбекона меҳмондўстлик билан самимий кутиб олишди. Шуни ишонч билан айта оламанки, «Жанговар ҳамдўстлик – 2019» махсус-тактик машғулотлари билим ва кўникмаларимизни ошириш учун аҳамиятлилиги билан бирга касбий маҳорат ва ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар билан тажриба алмашишимиз учун ҳам катта имкониятдир.

Шундан сўнг ҳар икки мамлакат махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари Наманган шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғига ҳамда Тўрақўрғон туманидаги 1860 йилда қурилиб, бугун замонавий қиёфа касб этган «Исҳоқхон Тўра Ибрат» ва «Қатағон қурбонлари хотираси» музейларига экскурсия уюштирди.

Наманганнинг «ташриф қоғози»га айланган гуллар билан бурканган боғ меҳмон ҳарбий хизматчиларда кўтаринки кайфият, тарихий ва нодир экспонатларни ўзида жамлаган музейлар катта таассурот уйғотди. Айниқса, ўзбек маданияти ва тарихида чуқур из қолдириб, миллат озодлиги учун курашган жўмард аждодларимиз сиймоси, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлари, бадиий мероси билан яқиндан танишган беларуслик ҳарбийлар миллий маданиятимизга таҳсин айтди.

«Ғурумсарой» полигони. «Жанговар ҳамдўстлик – 2019» шиори остида кечаётган Ўзбекистон – Беларусь махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари бошланди.

Унда ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчилари шартли душман гаровга олган бир неча шахсларни қутқариш ҳамда ноқонуний қуролланган тўдаларнинг қуролли ҳаракатларига фавқулодда барҳам бериш мақсадида уларнинг қароргоҳига қўққисдан ҳужум қилиш операциясини амалга ошириш бўйича махсус-тактик ўқув машғулотларини бажаришди.

– Бу жараёнда шартли душман ўрнашган ҳудудга ёриб кириш ҳамда уларни буткул тор-мор келтириш учун ўзбекистонлик ва беларуслик махсус операциялар кучлари батальонлари ҳарбий хизматчиларига қисқа муддат вақт ажратилди, – дейди майор Расулхон Аҳмедов. – Бунда улар, энг аввало, ҳужум режаси ва ўз позицияларини аъло даражада адо этишлари лозим. Махсус ўқув машғулотлари ҳар икки мамлакат ҳарбийларининг кўникмаларини шакллантирди, тажрибаларини орттирди.

Жанговар ҳамдўстлик ҳарбий хизматчилари шартли душман мудофаа чизиқларини зирҳли техникалар орқали ёриб кириш, гуруҳларга бўлинган ҳолда тезкор тактик ҳаракатлар билан қуролли тўдаларнинг пистирмаларини бомбардимон этиш, тепаликлардан арқон ёрдамида ҳужум гуруҳига қанотлардан ёрдамга ўтиш машқларини бажаришди.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида ўзбек – беларусь ҳарбийлари экстремал шароитларда яшовчанлик бўйича амалий имкониятларини намойиш этди. Меҳмон ҳарбийлар Ватанимиз ҳимоячилари томонидан ясалган тузоқлар, бир ва бир неча кунлик бошпаналар билан танишиш баробарида, ўз тажрибалари билан ҳам ўртоқлашди. Бу – жанговар ҳамдўстлик жангчиларининг ҳар тарафлама тажрибаларини оширишларига хизмат қилмоқда.

«Жанговар ҳамдўстлик – 2019»нинг ёпилиш маросимида иштирок этган ҳар икки мамлакат масъул офицерлари мазкур замонавий жанг амалиёти намойишининг юқори савияда ўтганини эътироф этди.

«Ватанпарвар»нинг навбатдаги сонларида «Жанговар ҳамдўстлик – 2019» махсус-тактик ўқув машғулотлари ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Аҳрор ОЧИЛОВ, 

Алибек ОМОНТУРДИЕВ.

Информеры