2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚИЗҒИН СУҲБАТ, ҚИЗИЁТГАН ПОЛИГОН

ёхуд ҳориганда куч тўплаш технологияси

Хотира ва Қадрлаш куни якунланиб, Иккинчи жаҳон уруши талафотларини хотирлаб, қаҳрамонлик кўрсатганларни қадрлаб, осойишталигимизга қайта-қайта шукрона келтириб турган маҳалимиз хизмат сафари чиқиб қолди. Муқаддас ойнинг файзидан баҳраманд бўлаётган юртдошларимиз бундай пайтда кўп ҳам юришни хоҳламаса керак, деган ўйда йўлга чиқдик. Аммо Тошкент жанубий вокзали одамлар билан гавжум эди.

Термизгача бизга Юридик коллежнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Беғам Тўхтаева ҳамроҳлик қилди. Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги китобни мутолаа қилаётган экан:

– Бадиий асарни муаллифига ёки бош қаҳрамонига қараб танлайман, – дейди у.

Маънавият, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар тўғрисидаги суҳбатимиз қизиди. Гурунгимизга бошқа йўловчилар ҳам қўшилди. Суҳбат авжига чиққан маҳал Термиз тумани Янгиариқ дала-ўқув майдонида кун қизигандан-қизиган эди. Биз бу манзилга юзлаб ҳарбий техникалар ҳамроҳлигида боргунимизча ҳали бир оз фурсат бор.

Унгача Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларда бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини тўсатдан текшириш бўйича инспекторлик машғулотларига кўра ҳарбий қисм ва муассасалар ҳаракатланиши лозим эди. Тонг саҳарда берилган «Тревога» сигналидан сўнг гарнизонда жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар жанговар шай ҳолатга келтирилди. Ностандарт вазиятлар Ватан ҳимоячиларининг бугунги кун талабига қанчалар жавоб беришини рўйи рост кўрсатди.

Машғулотларнинг дастлабки босқичида гарнизон ҳудудидаги ҳарбий объектларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш режими кучайтирилди. Командирнинг кўрсатмасига биноан бўлинмалар ўз позициясини эгаллашга киришди. Кўп ўтмай ҳарбий техникалар ҳаракатга келди. Барча иштирокчилар белгиланган муддатда юқорида тилга олинган офтоб суйган ҳудудга етиб келди. Машиналар шиддатидан кўтарилган чанг-тўзон колоннанинг ҳайбатини янада оширади.

Йўл-йўлакай қўл силкиб қолган аҳолининг кўнглида миллий армиямиздан фахр, ифтихор туйғусини уйғотган ҳарбий техникалар колоннаси дала-ўқув майдонидаги ўз ўрнини эгаллади. Полигонга чиққан бўлинмалар мобиль бошқарув пунктларини ёйиб, ишга туширди. Текширув давомида ҳарбий хизматчиларнинг тактик тайёргарлиги, топография, махсус тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш ва бошқа фанлар бўйича билимлари синовдан ўтказилди. Бир неча кун давом этган тўсатдан текширув давомида батальон тактик гуруҳларининг жанговар шайлиги, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмалари ҳам баҳоланди. Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари ҳарбий хизматчиларнинг билимларини бойитиб, уларни энг сўнгги маълумотлардан бохабар қилиб бордилар.

Муҳими, кўрсаткичлар эътирофга арзигулик. Биргина жисмоний тайёргарликдан энг илғорларни тилга олиб ўтсак. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Х. Ҳусниддинов 3 километр масофани 10 дақиқаю 50 сонияда босиб ўтиб, биринчиликни қайд этди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар А. Орипов эса 100 метрлик масофани 11,6 сонияда забт этиб, бошқаларга намуна бўлди.

Машғулот давомида иштирокчилар ҳамкорликда ҳаракатланиш бўйича ҳам тажрибаларини намойиш этишди. Полигонга батальонни артиллерия оловлари билан қўллаб-қувватлаш учун берилган бўлинма етиб келиб, қўшилди. Жипсликда, юқори жанговар шайликда ҳаракатга келган ҳарбий хизматчилар нишонларга ўқ отиш бўйича тажрибаларини кўрсатиб бердилар. Бу билан юрт ҳимоячилари замонавий хавф-хатарларга қарши қақшатқич зарба беришга ҳамиша тайёр эканликларини исботладилар.

Хизмат сафари қизиқ. Дала-ўқув майдонидан ҳориб, чарчаб қайтасан. Тарракдек қотиб ухласам керак, деб ўйлайсан-у, аксинча ўзингда янги қувват пайдо бўлганини ҳис қиласан. Гўё, яна янги кун бошлангандек барчасини унутасан. Юзларга табассум инади. Бу Ватан мудофааси йўлида озми-кўпми ҳисса қўша олишнинг қувончи бўлса, не ажаб. Шундандир ҳарбий хизматчилар чарчаш нималигини билмайди. Аксинча, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилиб бораверади. Буларнинг барчаси мақоламиз аввалида акс этган қизиётган гурунгимиздаги мутолаа, юксалаётган маънавият билан вобаста. Кеч туша бошлаган палла бир силкиниб олган поезд Тошкент сари илдамларкан, Ватан ҳимоячиларига туганмас куч-қувват тилаб, хайрлашдик.

Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры