2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОНА ҚЎШИҚЛАРИДАН УЛҒАЯР АВЛОД

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Шарифа Салимова билан суҳбат

– Шарифа опа, миллатимиз тарихида буюк аждодларимизнинг жасорати биз, авлодларга ҳамиша ўрнак бўлиб келган. Соҳибқирон бобомиздан тортиб, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Бобур Мирзо каби улуғ сиймоларнинг қаҳрамонликларини қанча ўргансак, улар ҳақида қанча ёзсак оз. Лекин ҳақиқат шуки, бундай мард, озодлик учун курашчи инсонларни миллат пешонасига Оналар тарбиялаб берган. Шундай эмасми?

– Саволингиз беихтиёр болалигимни ёдимга солди. Каттакон узумзор боғ. Биз олти нафар бола қатор бўлиб ётган супанинг устида шамолда шовуллаётган ўрик, олма дарахтлари. Осмонда туннинг устидан кумуш сочиб бизга жилмаяётган ой ва онамнинг ширали, ўктам товушда айтаётган аллалари...

Йўлбарсдайин юраклим, алла,

Қоплонлардай билаклим, алла.

Яхши-ёмон кунимда, аллаё­-алла,

Менга жуда кераклим, алла.

Сенга қўйдим яхши от, алла,

Яхши ниятдир мурод, алла.

Юрту элга суянсанг, алла,

Сенга бўлғуси қанот, алла.

То ҳозиргача ўша алла билан ошуфта тунлар мен билан юради. Бу сеҳрли ОНА қўшиқларни улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари, она тилимиз қуёши Алишер Навоий, қаҳрамонликлари асрлар оша эл тилидан тушмай келаётган Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа улуғларимиз ҳам эшитиб улғайган. Чиндан ҳам муҳтарама оналаримиз миллатнинг донишманд тарбиячилари, улуғ энагаларидир.

Тарихдан маълумки, Чингизхон босқини бошқа босқинлар каби она Ватанимиз бошига кўп балоларни ёғдирган. Жалолиддин Амударёдан ўтаётганида аҳли аёли – онаси, ёри «Бизни ўз қўлларинг билан дарёга ташла, токи душман қўлига тушиб хор бўлмайлик», деб тавалло қилишади. Ўзини дунёга келтирган онани, мўътабар зотни, қалбининг ишқ чечаги бўлган турмуш ўртоғини, болаларининг онасини сувга итариб юбориш учун қандай жасорат керак. Мана, бизнинг оналаримиз қанчалар ор-номусли, ғурурли... Кўзлари ўтдек ёниб турадиган йўлбарсларни дунёга келтириб, вояга етказадиган, ҳаёт-мамот жангларида йўлбарсларга айланадиган жасорат Маликалари...

Чингизхон – саҳронинг  ёвуз илони,

Қисиқ кўзлари-ла туради боқиб.

Қара, Жалолиддин, қон дарёсида

Волидангу ёринг кетмоқда оқиб.

Улар балиқларга ем бўлар балки,

Балки сув чечаги – мангу сўлмаган.

Ватан – Самандарқуш, қирқ йил қирғинда

Минг битта патидан бири куймаган...

Ватанга муҳаббат, унинг асл ворислари бўлиш туйғуси, лозим бўлса, ҳар қандай ҳолатда унга кўксини тутиб қалқон бўлиш томирларимизда оқаётган қонда биз билан яшаётган улуғ аждодларимиздан ўтган қутлуғ меросдир.

– Ҳар бир асарингизда, шеърларингизда ўқувчи Ватаннинг ифорини, меҳрини ҳис этади. Тошкент вилоятининг сўлим Паркент тумани обод гўшаларини кўргандек бўлади. Айтинг-чи, буюк туйғуларнинг юракда томир ёйишида инсонга қандай муҳит керак? Ёки юрт суюш ҳам мерос туйғуми?

– Халқимизда киндик қонинг томган тупроқ, деган ибора бор. Бу сўз менинг назаримда сеҳрли сўз. Инсоннинг ҳаётини белгилайдиган сўз. Вилоятларимиз бўйлаб сафарга чиққанимда, оилаларга кириб суҳбатдош бўлганимда, дастурхон атрофида анор доналаридай зич терилиб ўтирган фарзандларига қараб, уларни таништираётган ота-онанинг кўзида ўзгача нур жилвасини кўраман. Ўша қарашлардаги меҳрни тасвирлаб беришга қалам ожиз. Улар шу ўтиришида шовуллаб турган Ватан боғларини эслатади менга. Ватан туйғусини теран ҳис қилмоқ, уни рози қилмоқ саодати орзуси билан яшамоқ барчамизнинг орзуимиз. Шу маънода мен ёзган шеърлардаги она тупроқ, Ватан нафаси туғилиб ўсганим гўзал Паркент ва унинг ҳарорати билан қоришиб кетади.

Ватан бу – юракнинг тубидаги гул. У жоннинг ўзига томир отган гул-ниҳол. Ватанпарварлик ҳам аждодларимиздан бизгача томирларимизда оқиб келган муқаддас қон, муқаддас ялов.

– «Тўмарис» асари бизни олис ўтмишдаги улуғ сиймога яна бир карра яқинлаштирди. Бу аёлдаги жасорат, матонат ва ақл унча-мунча кишида йўқ. Шу ўринда мазкур асарингиз ҳақида сўзласангиз.

– «Ватанимиз, халқимиз тарихи бадиий адабиёт учун бамисоли битмас-туганмас, чек-чегарасиз дафина. Данте «Илоҳий комедия»да ёзганидек, «Нимаики чегарасиз, бу – ўз-ўзига ўлчовдир». Она тарихимиз айнан шундай.

Тўмарис образи болалигимдан юрагимга ўрнашган тарихий сиймо эди. Мен уни хаёлларимда тиклардим, нафасларини ҳис қилардим, от чоптириб кетаётганидаги от туёқларининг зарби эшитилаётгандек бўлаверарди. Олой маликаси – Қурбонжон додҳоҳ ҳам, чўпон Широқ ҳам севган сиймоларимдир. Тўмарис – эса массагетлар тимсоли, массагетлар онаси, она Ватан сиймоси.

«Олис ўтмишимизда шундай воқеалар, шундай қаҳрамонлар борки, биз уларни илмий атама билан архетип образлар дейишимиз мумкин. Бу дегани улар минг йилликлар қаъридан чиқиб келиб, ўзида умумбашарий, умуммиллий ҳақиқатларни жамлайди ҳамда муайян азалий қадриятларни мудом таъкидлаб ва сақлаб келади. Маълумки, улардан иккитаси, айниқса, машҳур. Бири ўз элини бутун бир босқинчи қўшиндан омон сақлаб қолган оддий чўпон Широқ бўлса, иккинчиси форс империясининг мутакаббир ҳукмдорини мағлуб этиб, унинг кесилган бошини қонга чўмдирган буюк аждодимиз она Тўмарисдир», деб ёзади адабиётшунос олим Сувон Мелиев «Тўмарис» китобимга сўзбошисида.

Тўмарис – оналаримиз руҳиятидаги синмас шиддат, она Ватаннинг қуёшгача етиб борган байроғи. Аминманки, унинг сиймоси то абадиятга қадар миллатлар қалбини тарбияловчи улуғ қаҳрамонлик академияси бўлиб бораверади. Тарих кўксини ўз матонати, қаҳрамонлиги билан абадиятга нақшлаган бу аёл дунё кўксидаги сўлмас гулдир.

Достонда шундай мисралар бор. Ўғли ҳийла-найранг туфайли асирга тушиб қолган она Тўмарис қайси йўлни танлайди?

Ўғлинг қўлимизда, не дейсан аёл,

Таслим бўл, бўлмаса кетади жони.

Шамоллар етказди онага хабар

– Вайрон бўлди, дея бор хонумонинг.

Спарганис асир. Ўкрайди шамол,

Инграйди барханлар, инграйди саҳро.

Тўмарис, қаддингни тик тут, эй Аёл,

Йўқса озодлик ҳам бўлади рўё!..

Тангри номи ила қасам ичаман.

Юҳо бўлсанг ҳамки сени тўйдираман.

Боламни қайтиб бер, йўқса, эй малъун,

Қонга ғарқ қилганча сени ўлдираман.

Бу энди юрак кенгликларидан ҳам ташқарига вулқондек отилиб чиққан она Ватан овози. Она Ватанга, Ватан онага туташ томирлардай бир-бирига чирмашиб кетган лаҳза. Томирлардаги қоннинг юрт ҳимоясига Она сиймосида пешвоз чиққан қутлуғ онлари, ҳар бир инсоннинг ўзини англамоқ онларидир. Навқирон ёшларимиз учун эса Ватанни англамоқ саодатидир. Бугун мамлакатимизнинг ҳурлигини муҳофаза қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг шахт-шижоати ҳам бадиий китобларга кўрк бўлгулик. Улар ҳақида ёзиш, мардлигини кўрсатиш биз, ижодкорларга ҳам шараф, ҳам масъулиятдир.

– Шарифа опа, сиз ўз сўзига, кўнглига эга шоирасиз. Шу билан бирга сиз аввало, аёл, она, бувисиз. Бу эса аёл ижодкорнинг ҳам бахти, ҳам машаққати, шундай эмасми? Илкида қалам ва бешик тутган Она сифатида ўсиб келаётган авлод олдида қандай бурчдорликни ҳис этасиз? Ёшларимизда маънавиятни, ўтмишга бўлган ҳурмат ва муҳаббатни янада юксалтиришда қандай чораларни мақбул кўрасиз?

– Болтиқ денгизи бўйларида бўлганимда унга маҳлиё бўлиб узоқ қолиб кетдим. Тўлқинлар соҳилдаги оппоқ қумга келиб урилаверади, урилаверади. Сўнгра яна орқага қайтади. Бу аслида узлуксиз жараён. Биз яшаб турган ҳаёт ҳам аслида улкан денгиз. Аёл ҳам бу оламда денгиз каби яшайди. Бир қарасангиз она, бир қарасангиз бувижон, яна олима. Шу маънода мен ҳам республикамиздаги миллионлаб аёлларнинг бириман. Шеър ёзаман, қувонаман, куюнаман, одамларга нафим тегсин, дейман. Барча ишларни самимият ва ўзимга ишониб бажараман. Фарзандларимга ҳам ўзимда борини нисор қиламан. Боя айтганимдек, денгизлик аёл қисмати. Қисмат муҳокама қилинмайди, қисматдаги жараёнлар денгиз қирғоғига келиб урилган тўлқинлар кабидир.

Юртимизнинг тинчлигини асраётган осойишталигимиз посбонларига шундай дегим келади: сизлар бор, Ватан тинч, қўрғон омон. Сизга мудом аждодларингиз орияти, ғурури ёр бўлсин. Муқаддас байроғимиз доим юксакда турганидек, юрагингиздаги Ватанга бўлган муҳаббат кўксингиздан тушмасин.

Суҳбатдош Наргиза АСАДОВА

Информеры