2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ БЕРИЛАДИ

2018-2019 йилларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитлар билан вилоятда фаолият юритаётган қатор банк ходимлари Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида учрашув ўтказди.

Учрашувда банк ходимлари муддатли ҳарбий хизматдан қайтган йигитларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун банклар томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, балиқчилик, қандолатчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, маиший хизмат кўрсатиш, иссиқхона ва автомобилга техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун мазкур имтиёзли кредитлардан фойдаланиш мумкин.

Тошкент вилоятидан муддатли ҳарбий хизматда бўлган йигитларнинг Ватан олдидаги шарафли бурчини сидқидилдан адо этган ва тадбиркорликка оид машғулотларда ўрнак кўрсатган 155 нафарига 9 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача имтиёзли кредит олиши учун сертификатлар тақдим этилган эди.

– Ҳарбий хизматдан қайтиб келиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишни ният қилгандим, – дейди муддатли ҳарбий хизматдан қайтган Алижон Эрматов. – Имтиёзли кредит берилиши биз каби йўл бошидагилар учун катта бир рағбатдир. Бугун банк ходимлари кредит олиш, уни қайтариш ва бундаги имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Эртадан амалий ишга киришмоқчиман.

Учрашув сўнгида банк соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар ва мижозлар учун яратилаётган қулайликларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

И. НУРАЛИЕВ

 

Информеры