2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПРОФЕССИОНАЛ ЭМАСМИСИЗ, ДЕМАК ҒЎРСИЗ!

Хонанда, қизиқчи, бастакор, режиссёр, адабиётшунос, ёзувчи ёки журналист бўладими, ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби бўлиши керак. Ўз услуби йўқ ижодкор ҳар мақомга йўрғалайдиган тақлидчи, нўноқ, ҳаваскор ёки плагиатор бўлиб қолаверади.

Масалан, Таваккал Қодировга ўхшамоқчи бўлаётган кўплаб бўғиқ овоз йигитчалар ҳамда қизчалар нафақат машҳур хонанданинг ширали овозию ноёб услубига, балки шаънига ҳам доғ туширишяпти.

Биз, бугунги кексалар ўз вақтида Ботир Зокиров қўшиқларини яхши кўрар эдик. Чунки унинг ўзига хос услуби бор эди. У айтган қўшиқларни бошқа ҳеч ким унга ўхшаб айта олмасди. Шунинг учун ҳеч бир ёш хонанда унга тақлид қилишга журъат эта олмасди. Бунинг устига у пайтда телевидениега ҳозиргидай пул тўлаб чиқишнинг иложи йўқ эди. Илгари доим экранда ўз қўшиғи ва ўз овози билан ўз услубини ярата олган хонандаларни кўрардик.

Қизиқчилик – оддий масхарабозлик ёки сафсатабозлик эмас. Қизиқчининг ҳам ўз услуби, бошқаларни кулдириш учун асос бўладиган манбаси ва ижро маҳорати бўлиши керак. Ўзи гапириб, ўзи кулишлик телбасимон одамнинг талмовсирашига ўхшайди. Мен эллик йилдан бери Евгений Петросяннинг телеэкрандаги чиқишларини кузатиб бораман. Ҳали бирон марта ҳажвчи ёзиб берган матнсиз, ўзича гапирганини эслай олмайман. У ижро маҳоратида юксак чўққига чиқди ва ўз услубини яратди.

Илгари бизда ҳам қизиқчилар ижро маҳоратига эришишда ҳажвчилар ёзиб берган матнлардан фойдаланишган, ҳеч қачон ҳозиргига ўхшаб бир-бирига гап сотиб, томошабинни кулдирмоқчи бўлишмаган. Кулги ва ҳажв санъатини ривожлантиришга Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Саъдулла Сиёев, Элбек Мусаев, Меҳмонқул Исломқулов ва бошқа кўплаб ижодкорлар салмоқли ҳисса қўшишди. Ижро маҳоратида эса худди Евгений Петросянга ўхшаб Эргаш Каримов ўз услубини ярата олди. Бугун уларнинг ўрнини ўзлари қийшанглаб, ўзлари куладиган, ўзлари гап сотиб, ўзлари қарсак чаладиган нўноқлар эгаллаб олишди.

Мен «ЗўрТВ»даги бир учрашувда ижодий жамоага мурожаат қилиб, ёшлар тарбияси, одамларнинг хулқ-атвори, ҳаётдаги иллатлар, ижтимоий камчиликлар ҳақида ижро материали – ҳажвия, луқма, интермедия, памфлет, бадиий фельетон ёзиб беришни сўраб ёзувчилар ва журналистлардан илтимос қилсаларингиз бўлмайдими, деган эдим. Улар илтимос қилиб кўрдик, лекин ёзиб беришмаяпти, дейишди. Бунақада кунимиз бундан кейин ҳам ўзимиз гапириб, ўзимиз кулишга қолади.

Қарийб 55 йилдирки, «Кавказ асираси» комедиясини ҳамма севиб томоша қилади. Бу фильмни Россия телеканаллари ҳам, бизнинг телеканаллар ҳам қайта-қайта кўрсатади. Ишонинг, унгача режиссёр Леонид Гайдайни ҳеч ким билмас эди. Фильм дастлабки кўрикдаёқ ёмон баҳо олган. Собиқ СССРнинг маданият вазири, бошқа мансабдорлар, ҳатто КПСС Марказий комитетининг мафкуравий котиби фильмда совет тузуми ҳақоратланган, социалистик жамиятда севган қизни олиб қочиш ёки ўғирлаш мумкин эмас, деб унинг ижодкорларига танбеҳ беришган. Бундан хабар топган Леонид Брежнев фильмни ўзи кўрган ва кула-кула уни кўрсатишга рухсат берган. Воқеани эслар эканман, наҳотки, шу пайтгача на Россияда ва на Ўзбекистонда худди шундай бўлмаса-да, шунга яқинроқ комедияли бадиий фильмлар яратишнинг иложи бўлмаган бўлса, дейман.

Бир пайтлар адабиётшунос деган касб эгалари кўп бўларди. Мен уларнинг гапларини саксонинчи ва тўқсонинчи йилларда ҳам, сўнгра мустақиллик йилларида ҳам эшитиб кўрдим. Бундан эллик ёки олтмиш йил олдин қайси ёзувчи ёки шоир, қайси асардаги ижобий ёки салбий қаҳрамон ҳақида қандай гаплар айтилган бўлса, ҳозир ҳам шу гаплар айнан такрорланяпти. Ахир олдин ўша ёзувчи ёки шоирнинг ўзи ва ижодига, айрим асарлардаги ижобий ва салбий қаҳрамонларга коммунистик мафкура талабларидан келиб чиқиб ёндашилган бўлса, ҳозир вазият бутунлай ўзгарди-ку!.. Масалан, олдин босмачини ўлдирганни ватанпарвар деб улуғлаган бўлсак, бугун ўша босмачини миллатпарвар ва миллий қаҳрамон дейишга ҳақлимиз. Болтиқбўйидаги ва Кавказдаги мустақил давлатлар ўз миллий қаҳрамонларининг номларини аллақачон тиклаб бўлишди. Биз ҳеч бўлмаса тарихий ва бадиий асарлардаги қаҳрамонларга тўғри таъриф беришда адашмайлик.

Ҳозир ғалати ҳолат юзага келмоқда. Ўн беш-йигирма йиллаб устоз деб орқангиздан югуриб, сиздан иш ва тажриба ўрганиб юрганлар бир амаллаб фан доктори ёки профессор бўлиб олишади-да, салом бериш тугул, саломингизга алик ҳам олишмайди. Ўтган йили каттагина бир тадбирда қирқ беш ёшлардаги эркак билан бир ярим соат ёнма-ён ўтирдик. Башараси ва овози танишга ўхшайди. Тадбирнинг охирида ундан кимлигини сўрадим. У фан доктори эканлигига урғу бериб, кимлигини айтди. Ҳалиги менга шогирд тушиб, ишхонамга ва уйимга бориб юрган фалончимисан, дегандим, у индамай боши билан тасдиқлаб қўя қолди. Астағфируллоҳ, дедим овоз чиқариб. Бундай инсонлар олим эмас, золимдирлар. Улар бошқаларга эмас, балки фанга ва ўзлари танлаган касбга нисбатан ҳам золимдирлар.

Бир куни каттагина ижодий жамоалардан бирига маҳорат мавзусига бағишланган мунозарага чақириб қолишди. Борсам, тадбир ўтадиган зал эшиги олдида икки нафар фан доктори, битта шоир, битта маънавият маркази ходими, бир масъул идора ходими турибди.

– Келдингизми? – деди бир фан доктори менга юзланиб. – Бўлмаса гап бундай, ҳар биримиз сўзимизни икки дақиқадан оширмаймиз.

– Икки дақиқада нима фикр айтиш мумкин, ахир бу мунозара бўлса? – дедим.

– Ташвишланманг, қисқа ва лўнда бўлгани яхши, мен шунга ўрганганман, – деди у.

Залга кирдик. Камида 50 – 60 нафар журналист ва режиссёр бизга кўз тикиб ўтирибди.

Учрашув-мунозара бошланди. Биринчи бўлиб, ҳалиги фан доктори сўз олди. У учта жойда ишлаб, журналистлар, маънавиятчиларга маҳоратдан дарс ўтар экан.

У залдагиларга қарата дабдурустдан шундай деди:

– Қани, ҳаммаларинг ўрниларингдан туринглар-чи. Сизлар билан яна юз кўришиб турганимдан хурсандман. Ўзларинг ҳам зўрсизлар, кўрсатувларинг ҳам зўр. Сизлар Ўзбекистон ижод аҳлининг фахрисизлар. Насиб қилса, ҳали яна кўришамиз. Энди, марҳамат ўтиринглар. Раҳмат!

Шу билан икки дақиқа ўтди. Сўнг иккинчи фан докторига сўз берилди. У кўтаринки руҳда Румийдан, Рудакийдан, Хисравдан шеърлар ўқиди ва ижодий жамоани улуғлай бошлади. Вақти икки-уч дақиқадан ошмади.

Кейин мен сўз олиб:

– Биз бу ерга маҳорат ва тажриба ҳақида мунозара қилгани келдикми ёки ижодий жамоани мақташ учун келдикми, тушунмаяпман? – дедим. Сўнгра сўзимда давом этдим:

– Келинглар, яхшиси, журналистикада профессионаллик, жанрларнинг хусусиятлари, нега журналистлик дипломига эга бўлганларнинг саксон фоизи оммавий ахборот воситаларида ишламаётганлиги, айрим сиёсат фанлари доктори илмий унвонига эга бўлганлар сиёсий шарҳ ёзишни билмаётганликлари, журналистикада «Устоз – шогирд» анъанаси қандай аҳволдалиги ҳақида мунозара қилайлик.

Шундай дейишимни биламан фан докторлари бирин-кетин ўрниларидан туриб, зални тарк этишди. Хўш, нега баъзи ижодкорлар ва олимлар профессионал деган сўздан қўрқишади?! Чунки профессионалликдан йироқлик ғўрликдир. Пишиб етилмаганлик, яъни ғўрлик эса ишга, ижодга, жамоадаги муҳитга, фанга, соҳага, умуман, ҳаётга салбий таъсир кўрсатади. Буни англамаслик кўрликдир.

Иброҳим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Олтин қалам» танлови ғолиби

 

Информеры