2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОБУР ЙЎЛДОШЕВ: «ДЕСАНТЧИ БЎЛИШ ОСОН ЭМАС ЭКАН»

Халқимизда баъзи санъаткорларга нисбатан «истеъдод қонида бор», деган гап юради. Мана шу иборани Бобур Йўлдошевга нисбатан қўллаш мумкин. У шу кунга қадар нафақат кино, балки театр саҳнасида ҳам ранг-баранг роллар ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Жумладан, «Шум бола»да Шум бола, «Шарора абадий раққоса»да Сиддиқ-Жилиқул, «Хўжа Насриддиннинг илк муҳаббати»да ота, «Томдаги скрипкачи»да Абрам, «Саид ҳақида ривоят»да Саид, «Севимли маликага совға»да Қамбаржон, «Ҳақгўй одамлар»да Шпигельский каби бир-бирини такрорламайдиган қиёфалар яратиб, томошабинлар эътиборига тушди. Кино санъатида ижро этган роллари ҳам бундан мустасно эмас. Бобур Йўлдошев талқин этган образлар ўзига хос услубга эгалиги, бетакрорлиги, томошабин диққат-эътиборини тезда жалб қила олиши, хатти-ҳаракатларининг аниқ ва равонлиги билан ажралиб туради. Бу эса нафақат асарнинг, балки актёрнинг ҳам ижодий муваффақиятини белгилади.

– Санъатга кириб келишимда ота-онамнинг таъсири, ҳиссалари катта, – дейди суҳбатдошимиз. – Улар оила даврасида кино, театр, саҳна, санъаткорлар ҳақида кўп гапиришарди. У пайтда ёш эдим. Бу гап-сўзларга унчалик эътибор бермасдим. Вақт ўтиб, бу суҳбатлар мен учун ҳам қизиқарли бўлиб қолди. Театрга боришни, спектакль томоша қилишни интиқ бўлиб кутардим. Шундай қилиб, онам билан репетицияларга боришни канда қилмайдиган бўлдим. Актёрларнинг саҳнадаги гап-сўзларини, хатти-ҳаракатларини қизиқиш билан томоша қилардим. Худдики, театр мен учун сеҳрли оламнинг ўзгинаси эди. Бу оламнинг оҳанрабоси эса мени борган сари ўзига ром қиларди. Актёрларга ҳавасим келарди, кундан-кун уларга нисбатан ҳурматим ошарди. Хаёлан уларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрардим ва бундан ҳузурланардим. Вақт ўтиб, келажагимни санъат билан боғлашга қарор қилдим ва Тошкент давлат санъат институтига ўқишга кирганман.

– Илк ижро этган ролларингизни эслай оласизми?

– Бўлмасам-чи. Ўшанда тўққиз ёшда эдим. «Тушлар сотувчиси» деб номланган фильмда Карим образини яратганман. Қаҳрамоним жуда билимли, зукко, очиқкўнгил болакай эди. Ушбу роль ўзимга жуда манзур бўлган, шунинг учун берилиб ижро этганман. Ҳозир ҳам ўша образ ҳақида ўйласам, ҳаяжонланиб кетаман. Чунки менинг театр ва кино санъатига бўлган қизиқишимни янада алангалатган образ мана шу бўлади. Кейинчалик Наби Абдураҳмонов курсида ўқиб юрганимда театрда илк бор катта саҳнада «Юлдуз тўла осмон» спектаклида Мушук ролини ўйнаганман.

– Кино, театр оламида ўзига хос ранг-баранг образлар қиёфасида яшаб келяпсиз. Аввалига драматик роллар ижрочиси сифатида машҳур эдингиз. Кейинроқ эса салбий ҳамда комик роллар ижрочиси сифатида ҳам бўй кўрсатдингиз.

– Касбимиз – актёрлик. Актёрнинг вазифаси эса турли характерли образларни яратиш. Бунинг яхши томони, характерли роллар актёр тажрибасини оширади, маҳоратини чархлайди. Фақат драматик ёки фақат комик актёр бўлиб қолиш – бу энди ҳақиқий санъаткорнинг иши эмас, деб ўйлайман. Энг асосийси, сизга бириктирилган вазифани, яъни образ руҳиятини ишонарли қилиб очиб беришга ҳаракат қилиш керак. Ана шундагина ижроингиз томошабиннинг ёдида сақланиб қолади. Шунинг учун ҳеч қачон роль танламайман.

– Ижро этган ролларингиздан кўнглингиз тўлмаган пайтлар ҳам бўлганми?

– Санъаткор ҳеч қачон ўз ишидан қониқдим, деб айта олмайди. Чунки нимадандир кўнгли тўлмайди. Мана шу қониқмаслик ҳисси уни янада фаол, сермаҳсул меҳнат қилишга ундайди. Биринчи бор қилган хатосини бошқа пайт умуман такрорламасликка интилади. Ҳар гал шундай бўлади: саҳнада роль ижро этаман. Лекин нимадир етишмаётгандек туюлади. Бор куч-ғайратимни, маҳоратимни ишга солиб, ўша кемтик жойни тўлдиришга ҳаракат қиламан. Барибир уддасидан чиқолмагандек бўлавераман. Ана шундай вақтда устозларимнинг гапи ёдимга тушади: «Актёр қачонки ўз ижросидан қониқса, изланишдан тўхтайди».

– Кейинги йилларда ижро этган ролларингиз орасида ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси ҳам етакчи ўринда турибди. Мана шу мавзуда ишланган кинокартиналарда яратган образларингиз, айниқса, «Остона», «Сардор-1, 2», «Таҳдид», «Қўрғошин» каби фильмлардаги ролларингиз ўзига хослиги билан ажралиб туради…

– Эътирофингиз учун раҳмат. Ушбу фильмлардаги ролларим ўзимга жуда ёқади. Чунки мен уларда ҳақиқий Ватан ҳимоячиси сифатида гавдаланганман. Бу мен учун шараф. Аслида Ватанни кўз қорачиғидек асраш бизнинг фарзандлик бурчимиз. Ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги мазкур фильмларда эса Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги учун ўзининг жонини ҳам аямайдиган фидойи ҳарбийларнинг машаққатли ва айни дамда шарафли хизматлари кўрсатиб берилган. Йигит киши учун ҳарбийликдек ва масъулиятли касб бўлмаса керак. Мен бу ҳақиқатни мен фильмни суратга олиш давомида ҳарбийлар ҳаётига чуқурроқ кириб борганимдан сўнг англаб етдим. Шунинг учун ҳам ўзимга юклатилган вазифани сидқидилдан адо этишга интилдим. Балки шунинг учун ҳам ролларим ўзига хос чиққандир. Тўғри, образ яратишда, ҳарбийларнинг хизмат пайтидаги шарт-шароитини ўзлаштиришда қийинчиликлар ҳам бўлди. Лекин қийинчиликларни бирпасда енгганман. Аслида актёр қаерда, қандай шароитда фаолият олиб бормасин, ўзига бириктирилган ролга масъулият билан ёндашиши керак. Чунки образдаги актёр – реал ҳаётдаги ҳар бир шахс каби фикрламоғи, қаҳрамоннинг ҳис-туйғулари, фикр-хаёллари, орзу-умидларини ифода қила билмоғи, шу билан бир қаторда режиссёр томонидан унга қўйилган талаблар, хатти-ҳаракатларни чин дилдан бажармоғи лозим.

– Шу фильмларни суратга олиш жараёнларида қизиқарли ва эсингизда қолган воқеалар ҳам бўлганми?

– «Сардор» фильмини суратга олиш жараёни олдидан саф тайёргарлиги бўйича етарли билимимиз йўқлиги учун икки ҳафта машғулот ўтаганмиз. Ҳарбий хизматчилар билан туну кун бирга бўлдик, машғулотларга чиқдик, чиниқдик. Оммавий саҳналарда ҳарбий хизматчилар, курсантлар билан бирга роль ўйнардик. Бир куни шундай бўлди: десантчиларнинг кўргазмали чиқишларида мен ҳам иштирок этишим керак эди. Режиссёримиз Шавкат Маҳбубов менга: «Чинакам десантчи бўлиш осон эмас. Бунинг учун махсус машғулотларни ўташ керак бўлади. Ҳозир сен худди ҳақиқий десантчи черепицани ураётгандек унга қўлингни теккизасан-у, лекин синдирмайсан. Чунки қўлинг жароҳат олиши мумкин. У ёғини монтаж қиламиз», деди. «Хўп» деб айтилган вазифани бажаришга киришдим. Табиатан қизиқувчанман. Бир марта зарб билан черепицани уриб кўрдим, синмади. Иккинчи марта янаям қаттиқроқ уриб, синдирдим. Монтаж қилишга ҳожат ҳам қолмади. Лекин қўлим қаттиқ жароҳат олди. Оғриқ азобини ҳалигача унутмайман (кулиб). Ўшанда билганман, ҳақиқий десантчи бўлиш осон эмас экан.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай машаққатли касбнинг бошини тутган фидойи ҳарбийларнинг шарафли хизматларига муваффақият тилайман. Тинчлигимиз, осойишталигимиз абадий бўлсин.

– Суҳбат учун ташаккур.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА ​суҳбатлашди.

Информеры