2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАЪДА – ВАЪДА, ЎРТОҚ КАПИТАН!

Газетамизнинг шу йил 16-сонида «Саф майдони сиз учун нима, ўртоқ капитан?» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда сафарбарлик чақируви резерви батальонида бўлиб ўтган бир воқеа тилга олинган бўлиб, муқаддас саф майдонида тамаки чеккан, армия сафига қўшилган йигитларга бошқача тарзда «ўрнак» бўлган ҳарбий хизматчи – капитан ҳақида ёзилганди.

Ўтган вақт мобайнида газетамизнинг Telegram ижтимоий тармоғидаги бот (@MV_Vatanparvar_bot)ига айнан ўша капитандан мактуб келди (Мақола эълон қилинган кундан бошлаб, таҳририятга айнан шу воқеа ҳақида сўралган жуда кўплаб телефон қўнғироқлари бўлди, Telegram ботимизга ҳам қанчадан-қанча хабарлар келиб тушди).

Қуйида ушбу мактубнинг аслини эътиборингизга ҳавола этамиз. Фақат бир ўзгариш бор. Буни хат якунида пайқайсиз.

«Ассалому алайкум, «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририяти жамоаси! Гапни чўзиб нима қилдим? Ўша тамаки воқеасидаги капитан – менман.

Гапим аввалида бир нарсани айтиб ўтишни истардим. Мен «Ватанпарвар» газетасининг ҳар бир сонини қолдирмай ўқиб бораман. Сўнг уни уйимга олиб кетиб, оиламга ҳам ўқитаман. Буни ўзимни оқлаш учун айтмаяпман. Сабаби бундай: одатдаги хизмат кунларимнинг бирида газетанинг янги сонини олиб ўқишга тушдим. Бир пайт сарлавҳасидан ўзига тортиб турган ўша мақолага кўзим тушиб қолди. Ўқиб чиққунимча нафас олдимми-йўқми, билмайман. Билганим – мақола айнан мен ҳақимда эди!

Ёшлигимдан мард инсонлардан мардлик тарбиясини олганман. Тонмайман, мақолада келтирилган гапларнинг барчаси рост. Мен сафарбарлик чақируви резерви батальонидаги ҳарбий хизматчилар олдида ўзимни ёмон томондан ўрнак қилиб кўрсатдим. Бунинг учун барчадан узр сўрайман.

Бу гапларимни ўқиб турган баъзи кишилар: «Кечирим сўраш осон, шу билан қутуласан-қоласан», дейиши мумкин. Йўқ, кўнглимда кечаётганларини тушунтириб беролмайман. Албатта, чиқарилган хулоса келгусида ўзим учун анча самарали бўлади. Инсондаги ҳақиқий юксалиш шундан кейин бошланса керак. Қолаверса, бу менинг мисолимда армия сафида хизмат қилаётган бошқа сафдошларимга ҳам ўрнак. Ҳар ким ўзи учун керакли хулоса чиқариб олади.

Бир нарсани чин кўнгилдан истардим. Шу сатрларни ўқиб турган сафдошларим, муносабат билдираётганимни асло фош бўлишдан қўрқишга йўйманг. Аксинча, ўз хатоимни тушуниб етдим. Хатим сўнгида исмимни ёздим, таҳририят истаса, буни ҳам бемалол чоп этиши мумкин.

Айтганча, газетанинг ўша сонини барибир уйимга олиб боролмадим...

Таҳририят жамоасига чексиз ҳурмат-эҳтиром ила капитан ...»

Капитан мактуби сўнгида исм-фамилиясини ҳам тўлиқ келтирган эди. Аммо ваъда – ваъда. Аслида, гап шахснинг кимлигида ҳам эмас. Ҳамма гап – чиқарилган тўғри хулосада. Таҳририят бу офицернинг мардлигини қадрлайди ва очиқ муносабати учун унга миннатдорлик билдириб, келгуси хизмат фаолиятида улкан зафарлар ёр бўлишини тилайди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры