2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАДАМИНБЕК

Иккинчи мақола

Сафдошлари, истиқлол жанглари

Мадаминбек ўз қўшини билан асосан Марғилон шаҳри ва унинг атрофидаги туманларда ҳаракат қилган. Мадаминбек раҳбарлигида Соли Махдум, Исмоил Полвон, Усмонбек, Фаёз Махдум, Қозоқжон бек, Ҳошим Паҳлавон ва бошқа йирик қўрбошилар фаолият кўрсатган. Соли Махдум унинг асосий ўринбосари ва ўнг қўли ҳисобланган.

«1919 йил январида Мадаминбек қўл остида 16 000 кишидан иборат армия бўлган», деб таъкидланади Фарғона вилояти совети номига 1919 йил 27 январда йўлланган ўта шошилинч маълумотномада. Ўша йилнинг ўрталарига келиб, Мадаминбек раҳбарлигидаги 25 000 йигит совет режими ва қизил армияга қарши истиқлол жангларини олиб борган. Бу пайтда Фарғона водийсидаги бошқа йирик қўрбошилардан Шермуҳаммадбекда 20 000 йигит, Катта Эргаш қўрбошида эса 15 000-16 000 йигит бўлган.

Қизил армия қисмларига қарши бўлган бир қатор жангларда Катта Эргаш қўрбоши мағлубиятга учрагач, тарқоқ ҳолдаги қўрбошилар кучини Мадаминбек ўзининг ягона қўмондонлиги остига бирлаштиришга муваффақ бўлди. Мана шундай шароитда Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати олдида Қуролли Кучларни шакллантириш ва уларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш асосий вазифа сифатида кун тартибига қўйилган. 1918 йилнинг иккинчи ярми Мадаминбек учун янги ва замонавий қўшинни ташкил этиш даври ҳисобланади. Марғилон шаҳридан 12 чақирим шимолда жойлашган Гарбува қишлоғида (ҳозирги Тошлоқ туманида) аввал Мадаминбекнинг, сўнгра Шермуҳаммадбекнинг асосий қароргоҳи жойлашган эди. Гарбувалик кексаларнинг шоҳидлик беришича, ўша пайтда қишлоқ яқинидаги кўҳна қабристон атрофида сақланиб қолган қадимги қалъа харобалари, эски қўрғон ва турли миноралар ўрнида Мадаминбек махсус қароргоҳ – Ўрда қурдирди. Худди шу ерда бутун Фарғона водийсидан Мадаминбек ҳузурига келган ўн минглаб йигитлар қиличбозлик машқини, милтиқ отишни, пулемётлар ва замбараклардан фойдаланишни ўрганишди. Архив ҳужжатларида келтирилишича, кейинчалик «Мадаминбек қўшинлари сафида 90 та рус офицери бўлиб, бу офицерлар унинг йигитларига ҳарбий сабоқ берган». Совет разведкаси маълумотларига қараганда, фақат Мадаминбекнинг штабида 40 дан ортиқ рус офицери (Белкин, Никольский, Ситняковский, Радзиевский, Поправский, Лазерев ва бошқалар) фаолият кўрсатган (Россия Федерацияси давлат архиви – ГАРФ, ф. 4379, оп. 1, д. 14, л. 270). Бундан ташқари, Мадаминбек қўшинида турк, озарбайжон ва афғон офицерлари ҳам бор эди. Кейинчалик Мадаминбек билан Фарғона водийсида турган рус крестьянлар армияси ўртасида ўзаро сулҳ тузилди.

Гарбувадаги қароргоҳда ўқ-дори ва снаряд ишлаб чиқариладиган, милтиқлар ясаладиган, замбарак ва тўплар қуйиладиган корхоналар ҳамда заводлар бўлган. Мадаминбек бундай ҳарбий устахоналарни яна Наманган атрофидаги Учтепа қалъаси, Чорвоқ қишлоғи ва Андижон уездидаги Қўқонқишлоқда ҳам қурдирган эди. Қўқонқишлоқдаги катта ҳарбий устахона Магзум ҳожининг қўрғонида жойлашган бўлиб, бу ерда кўплаб қуроллар ясалган (Россия давлат ҳарбий архиви – РГВА, ф. 149, оп. 1, д. 191, л. 1–17).

Кейинчалик қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган махсус корхоналар Бухоро Республикасининг кўплаб шаҳарларида австриялик ва бошқа хорижий ҳарбий мутахассислар томонидан қурилади. Масалан, 1920 йил охирида Ҳисорда ўқ-дори заводи ишга туширилиб, завод ишини 4 нафар австриялик уста бошқарган. Бундан ташқари, Ҳисорда самарқандлик Турсунбойнинг биродари Одил назорати остида ишлайдиган ҳарбий устахона ҳам мавжуд бўлган (Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, 46-фонд, 2-рўйхат, 19-иш, 12–14-варақлар).

1918 йил 30 сентябрда Мадаминбек бошчилигидаги қўшин Эски Марғилонга кириб, бозорни эгаллайди. Бозордаги халойиқ Мадаминбек ва унинг йигитларини катта хурсандчилик ва олқишлар билан кутиб олган. 8 октябрда унинг йигитлари шаҳарда жойлашган қизил аскарлар отрядига ҳужум қилди. Совет режими раҳбарлари ва қизил армия қўмондонлиги марғилонликларга ультиматум (талабнома) топшириб, агар улар Мадаминбекни большевикларга ушлаб беришмаса, шаҳар вайрон қилинишини таъкидлашди. Бироқ большевикларнинг бу таҳдиди истиқлолчилик ҳаракатининг қатнашчилари ва тинч аҳолини ўз мақсадидан қайтара олмади. Октябрь ойида ва ундан кейин ҳам мадаминбекчилар бир неча марта Марғилонни озод қилиш учун қизил аскарларга қарши шиддатли ҳужумлар уюштирганлар. Қизил аскарлар эса Марғилон шаҳридаги тарихий ёдгорликларни вайрон қилиб, гаровга олинган тинч аҳолини отиб ташлашди. Хусусан, Андижон шаҳрида ўрнашган Х. Салаев бошчилигидаги қизил аскарлар отряди Мадаминбек қўшини Эски Марғилонни озод қилганлигидан хабар топгач, Андижондан Марғилонга келиб, бу кўҳна ва тарихий шаҳарни тўплар ва замбараклардан ўққа тутиб, бутунлай вайрон қилган (Фарғона ВДА, 121-фонд, 1-рўйхат, 31-иш, 160-варақ). Хуллас, ўзбек халқи томонидан Марғилон шаҳрида 2000 йил давомида яратилган гўзал ва бебаҳо меъморий обидаларни қизил аскарлар ер билан яксон қилиб ташлаган. Шаҳарни талон-торож қилиш билан биргаликда Марғилондаги тинч аҳоли вакиллари ҳам қирғин қилинган. Мадаминбек қўрбошининг ҳарбий кучлари озчилик бўлганлиги учун шаҳардан чекинишга мажбур бўлган.

1918 йилнинг кузида Мадаминбекнинг янги шаклланган армияси Андижон атрофидаги жангларда ёрқин ғалаба қозонди. Қизил армия жангчилари ўз командири И. Орловдан ажралиб ва 170 нафар аскарини йўқотиб, шаҳарга қочиб кирган. Мадаминбек бу жангда иккитадан замбарак ва пулемёт, анча миқдордаги милтиқларни ўлжа олди.

Бу ҳолатни ўз пайтида коммунистик партия тарихчиси С. Муравейский (В. Лопухов) ҳам қуйидагича эътироф қилган эди: «Босмачилик билан ҳарбий жиҳатдан курашиш жуда қийин бўлмоқда. Бу пайтда Марғилон уездининг ҳақиқий хўжайини Мадаминбекдир. Босмачилик ҳаракати 1918 йил охирига келиб, совет ҳокимиятига катта хавф солиб турибди».

Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатига умумий раҳбарлик 1918 йилнинг охирига келиб, Мадаминбек қўлига ўтгач, Катта Эргаш ва унинг таъсиридаги баъзи йирик қўрбошилар, хусусан, Холхўжа Эшон унга бўйсунишдан бош тортдилар. Бу қўрбошилар ўзлари мустақил фаолият кўрсатишга интилдилар.

Хуллас, бу пайтда Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатининг иккита катта маркази вужудга келди. Бу марказлар вужудга келишига нафақат йирик қўрбошиларнинг нуфузи, балки водийдаги ўзига хос жуғрофий ҳолат ва сиёсий вазият, этник жараёнлар ва асрлар давомида шаклланган Фарғона халқининг менталитети ҳам кучли таъсир кўрсатди.

Мадаминбек бошчилигидаги биринчи марказ вилоятнинг Скобелев, Андижон ва Наманган уездларини қамраб олган эди. Мадаминбекнинг бош қароргоҳи Марғилондан унча узоқ бўлмаган Яккатут волостидаги Гарбува қишлоғида жойлашган эди. Унинг асосий ўринбосарлари Шермуҳаммадбек ва Соли Махдум ҳисобланган.

Бу ҳаракатнинг иккинчи маркази Катта Эргаш бошчилигида Қўқон уездида жойлашган бўлиб, унинг қароргоҳи Янгиқўрғон волостидаги Бачқир қишлоғида эди. Ўш уезди ва Олой воҳасида ҳам Катта Эргашнинг таъсири нисбатан кучли ҳисобланган. Унинг асосий ўринбосарлари Муҳиддинбек ва Эшмуҳаммад қўрбоши (Эшмат қирғиз) эди.

Совет ҳокимиятининг талончилиги ва зўравонлиги унга қарши курашни кескин тус олдиради. Истиқлолчиларнинг мақсади она юрт Туркистондан қизил аскарларни ҳайдаб чиқариб, халқни озод этиш бўлган. 1919 йил 24 январда Мадаминбек бошчилигидаги минг кишидан ортиқ йигит Эски Марғилон шаҳрига ҳужум қилдилар ва шаҳарни босқинчи қизил аскарлардан озод қилиб, уни икки кун ўз қўлларида сақлаб туришди.

1919 йил 18 февралда Мадаминбек қўшинлари Фарғона вилоятининг маркази Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрига ёриб кирди. Қизил аскарлар билан истиқлолчилар ўртасида шаҳар кўчаларида қақшатқич жанглар бўлди. Мадаминбек йигитлари шаҳардаги вилоят қамоқхонасига ҳужум қилиб, у ерда ҳибсда сақланаётган 200 нафар сафдошини озод этишди. Мадаминбекнинг бу жасоратига тан бериш керак. Чунки бу пайтда Фарғона вилоятида М. В. Сафонов қўмондонлигида 20 000 кишилик яхши қуролланган қизил аскарлар мавжуд эди.

Истиқлолчилар қўшини бутун водийда фаол жанг ҳаракатларини олиб боришди. 20 февралда 1500 кишидан иборат қўшин Наманган уездининг энг катта шаҳарларидан бири бўлган Чустни эгаллади. Бироқ Скобелевдан қўшимча қизил аскар кучлари етиб келгач, 28 соатлик шиддатли жанглардан сўнг истиқлолчилар шаҳарни тарк этишга мажбур бўлдилар.

Бу пайтда совет режими Фарғона водийсида амалда фақат йирик шаҳарлардагина сақланиб қолган эди. Водий қишлоқлари асосан Мадаминбек ва унга қарашли қўрбошилар қўлида бўлган. Мадаминбек тинч аҳолини ҳарбий ҳаракатлар пайтида шаҳарлар ва йирик қишлоқларни тарк этишга чақирди. Бу истиқлолчилик ҳаракати раҳбарининг ортиқча қон тўкилишига йўл қўймаслик учун кўрган тадбири эди.

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

тарих фанлари  доктори, профессор

Информеры