2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСИРЛИКДАН СУЛТОНЛИККАЧА БОСИБ ЎТИЛГАН ШОНЛИ ЙЎЛ

Учинчи мақола

Хоразмшоҳнинг онаси Туркон хотин мўғулларга бас келадиган биргина баҳодир, ўз невараси Жалолиддин Мангубердини онаси қипчоқ бўлмаганлиги учун ёқтирмас, Жалолиддин тахт ворислигидан маҳрум қилинган ва шу билан салтанат тугатилган эди.

Бийбарс Туркон хотин авлоди эди! Йўлдан озган Бийбарс қипчоқ амирлари билан тил бириктириб, Қутузга суиқасд уюштирди. Мисрга қайтаётган Қутуз йўлда ов қилмоқчи бўлади. Ўлжа ортидан қувиб кетиб, соқчиларидан ажралади. Овлоқ жойга бориб етганда ёнига Бийбарс келиб, ўзига асира қизни канизакликка сўрайди. Қутуз рози бўлгач, Бийбарс султонига таъзим қилиш учун эгилиб борди ва нариги қўли билан ғафлатда қолган султонга қилич санчади. Қолган фитначилар отдан йиқилаётган Қутузга ўқ узади. Салбчилар ва чингизийлар енголмаган баҳодир Қутуз мана шундай тарзда жон таслим қилди. Бу воқеа 1260 йил 24 октябрь куни юз берди. Орадан жуда кўп вақт ўтди. Мазкур ғалати ва чиркин воқеанинг кўп жиҳатлари сирлигича тарих қаърида қолиб кетди.

Қутузнинг ўрнига ҳокимиятга келган Бийбарс фарангларнинг асл ниятини тушуниб етгач, мамулук ўртоғини ўлдирганлик аламини бошқалардан олди. Мусулмонлардан бўлак ҳамма таъқиб остига олинди, айниқса, насронийларга қийин бўлди. Уларнинг карвонлари назоратсиз қолган бадавий араблар томонидан талон-торож қилина бошлади. Нубия шаҳри босиб олинди.

1261 йил Бийбарс аббосийлар шаҳзодасига фахрли саналган халифаликни таклиф қилди. Мазкур қўғирчоқ ҳукумат амалда мамулуклар ҳукмронлигига бўйсуниб, Макка ва Мадина ҳам уларнинг бошқарувида бўлди. Бийбарс 1268 йили Антиохияни эгаллади, 1277 йили Албистонда чингизийлар устидан сўнгги ғалабага эришди. Европалик салбчиларнинг юришини муваффақиятли тарзда тўхтатди.

Бийбарс ўша йили қазо қилди. Айрим маълумотларга кўра, суриялик амирни меҳмонга таклиф қилган Бийбарс қимизхўрликдан кейин қаттиқ қурсоқ (қорин) оғриғига учраган, косани текширган табиблар қимиз қолдиғи таркибида заҳар борлигини аниқлашган. Султон 13 кун қайт қилиб, азоб билан жон берди. Бийбарс каби араб тилини билмаган ва унинг ўрнига тахтга ўтирган султон Қалаун 1289 йили Триполини, 1291 йили Акра, Тир, Сидон ва Байрутни қўлга олди.

Мисрда мамулуклар салтанати 1798 йилга қадар, яъни Наполеон бостириб келган давргача мавжуд бўлган.

«Мамулук» сўзининг маъноси

Айрим европалик олимлар «мамулук» арабча «қул» маъносини англатишига урғу беришади. Бизнингча, халифаликнинг тақдирини ҳал қилиб келган, мунтазам қўшинга эга бўлган султонлар ўзларини қул деб аташлари ишончсиз даъво. Араб тилида қул маъносида абд ёки ғулом сўзлари ишлатилади. «Мамулук» сўзи Шарқда туркий қўшин пайдо бўлгандан кейин, XII-XIII асрларда Миср ва Сурияда истеъмолга киритилган. Бу терминдаги аффикс -лик, -лук соф туркий эгалик, тегишлилик қўшимчаси ҳисобланади. «Маму» эса қорачой тилида бўри бўлиб, мамулук ёки мамлук «бўридек кучли» маъносини англатади. Буюк давлатнинг улуғ султонлари ўзларини қул маъносини англатувчи ном билан аташи мантиқсизликдир.

Биринчи араб жамиятшуноси Ибн Халдун (1332 – 1406) «Китаб ал-кибар» асарида мамулуклар ҳақида сўз юритар экан, мусулмонларнинг байрамли ва осойишта ҳаёти тўхтаб, тақдир уларнинг бошига салбчилар ва мўғуллар босқинини солганда, Тангри кучли туркий ўғлонлардан таркиб топган мамулуклар орқали Мисрни динсизларга собит турган сўнгги метин қалъага айлантирганлигини ифтихор билан қайд этади.

Айрим мусулмон тарихчиларининг фикрича, туркистонликлар ўз уйларида бор иқтидорини намоён қилолмайдилар, бироқ чет элда улар осонлик билан ўзларига йўл очадилар, юксак мартабаларга эришадилар. Мамулуклар мисолида биз бу фикрга яна бир бора амин бўлдик. Шу фикрни мирзо Бобурнинг Мовароуннаҳрда толесиз ҳарбий юришлар қилиб, бироқ Ҳиндистонда буюк империяга асос солганига нисбатан ҳам қўлласа бўлади.

Туркистонлик қаҳрамон асир-жангчилар Мисрда, Сурия ва Ироқ шимолида, шунингдек, Онадўлининг жануби-ғарбида қўним топишди. Ироқ шимолида ҳозирги кунга қадар яшаётган хоразмлик мамулуклар авлодларини туркманлар, Онадўлида эса уларни хурзумлу деб аташади. Хурзумлулар Эгей денгизи қирғоғида жойлашган Маниса вилоятида яшаб келишмоқда.

Хоразм асир-жангчилари Юлий Цезарь, Марк Антоний каби Мисрни эгаллаб, эҳромлар ва фиръавнлар Ватанида бир неча юз йил ҳукмронлик қилишди. Инсоният тарихида муҳим бўлган воқеалар сабабчилари, гувоҳи бўлишди. Гарчи туркий тилда сўзлаб, фикрласалар-да, Миср давлатчилигини, араб маънавий дунёсини, инсоният қўлга киритган нодир илм-маданият ёдгорликларини босқинчилардан сақлаб қолишди. Қадимги иншоотлар, кўҳна кутубхоналар ёқилмади, бойликларга бурканган фиръавнлар мақбаралари талон-торож бўлмади. Музаффар Сайфиддин Қутуз шубҳасиз Мисрнинг энг буюк султонларидан бири сифатида тарихдан ўрин олди. Балки эрта суиқасд бўлмаганда, унинг империяси довруғи Бобурники қадар шонли ва давомли бўлармиди.

Мисрлик ижодкорлар Қутузни мадҳ қилиб қатор бадиий-тарихий асарлар яратган. Жумладан, ёзувчи Нуриддин Халилнинг «Сайф ад-Дин Қутуз-қоҳир ал-мўғул (Мўғулларни енгган Сайфиддин Қутуз)» асари 2005 йили Қоҳирада босилиб чиқди. Бундан ташқари, Миср халқи Бийбарс ва Қутуз қаҳрамонликларини мадҳ қилувчи икки томли «Ас-Сира аз-Захирийа» (Захирийнинг ҳаёт йўли) халқ романини яратишган. Унда Бийбарснинг онаси Хоразм маликаси эканлигига урғу берилганки, бу жиҳат ҳам ўрганишни талаб қилади. Умуман олганда, ўтмишда юқори табақага мансублик белгиси бўлган барс исмини қўллаш Хоразмда одатий ҳол бўлиб, унга XVI-XVII асрларда ҳукмронлик қилган султонлар Илбарс, Билбарс, Элбарс исмларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Мамулуклар даврида кўплаб илмий, тарихий, қомусий асарлар майдонга келди, илк мусулмон энциклопедиялари тузилди. Улуғ қурилишлар, мадрасалар, кутубхоналар бунёд этилди. Миср ҳукумати томонидан ёдгорлик сифатида ҳимоя қилиб келинаётган мамулуклар даврида қурилган улуғвор кошоналар, ҳашаматли бино ва иншоотлар Ҳиндистондаги Тожмаҳал каби Қоҳирада виқор ва салобат билан туркистонлик қаҳрамон гладиаторларнинг шонли тарихидан шоҳидлик бериб турибди.

Эркин МУСУРМАНОВ, СамДУ доценти

 

Информеры