2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АБИТУРИЕНТ! ЯНГИЧА ТЕСТ СИНОВЛАРИГА ТАЙЁРМИСИЗ?

2019 йил 14 майда Мамлакатимиз раҳбарининг «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорнинг моҳиятини қисқача тушунтириб ўтсак:

– 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади;

– 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади;

– 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб, тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади;

– тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида (101 375 сўм) тўлов ундирилади;

– абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка тушунтириш бўйича турли материаллар ёзилаётган бўлса-да, аммо бу борада тўлалигича бир хулосага келинмади. Ҳали ўрганилаётган, муҳокамадаги масалалар бор. Ҳурматли газетхонга уларнинг энг ишончлиларини етказишга қарор қилдик.

Ҳужжат топшириш пулли бўладими?

Ҳа. 2019 йилги тест имтиҳонларидан бошлаб, ўтган йил ёки ундан олдинги йил тест синовларидан ўта олмай бу йил яна ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўловни амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Яъни ҳозирги вақтда 101 375 сўм. Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни битирганлар учун бу сумма тўланмайди. Янги битирган абитуриентлар учун ҳужжат топшириш ва тест синовларида иштирок этиш бепул.

Нега тўлов қилиняпти?

Бирламчи мақсад – тест синовларини сифатли ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш. ДТМ раҳбари Мажид Каримовнинг таъкидлашича, бу пулга тест бўлиб ўтадиган биноларнинг ижара тўлови, катта қувватли кондиционерлар, шахсни аниқлаш ва замонавий кузатув камералари, ота-оналар кузатуви учун мониторлар, абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга сарфланади.

Абитуриент 3 та олийгоҳга ҳужжат топширса, 3 марта тўлов қиладими?

Йўқ. Ҳар бир «эски» абитуриент бир марта 101 375 сўм миқдорида тўловни амалга оширади ва шу тўлов бўйича, бир вақтнинг ўзида, параллел равишда учта олийгоҳга ҳужжат топшириши мумкин бўлади. Яна бир муҳим ўзгариш, энди ҳар бир абитуриент ўз ҳудудидаги Давлат хизматлари агентлиги орқали ҳужжат топширади. Агентлик ҳужжатлар қабул қилиб олишда қўшимча тўлов талаб қилади. Ҳозирча бу сумма тахминан 10 – 20 минг сўм атрофида бўлиши мумкинлиги айтилди.

Тест синовларида 5 та фан бўйича имтиҳон олинадими?

Бу масала лойиҳа кўринишида турибди ва жорий йилда эмас, кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган тест синовларида қўлланилади. Яъни абитуриент 3 та мажбурий ва 2 та ихтиёрий фандан имтиҳон топшириши мумкин бўлади. Масалан, она тилидан қўшимча имтиҳон (диктант, оғзаки савол-жавоблар) топшириб, керакли балл тўплай олган абитуриент она тили фанидан бўладиган тестлардан озод қилиниши ва максимал балл олиши мумкин бўлади.

Абитуриент тўплаган баллар қачонгача ўз кучида қолади?

Эндиликда абитуриентга тест синовида тўплаган баллари ҳақида сертификат берилади. Бу 3 йилга қадар амал қилади. Келгуси йилларда мазкур балл кириш учун етарли бўлган тақдирда у талаба бўлиш имкониятига эга бўлади. Бунда 3 йил ичида ҳужжат топшириш тўлови ҳам шарт бўлмайди.

Тест синовидаги саволларда қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?

Жорий йилдан бошлаб, тарих фанидан атлас ва контур хариталар бўйича саволлар қўшилади. Бу борада нега кеч эълон қилиняпти, деган саволга ДТМ мутасаддилари буларнинг барчаси дарсликларда бор бўлган маълумотлар асосида тузилганини билдирди.

CEFR имтиҳонини қачон топширамиз?

Энг кўп савол айнан шу мавзуда бўлмоқда. ДТМ вакилларининг маълум қилишича, айни вақтда хорижий тажриба асосида бу каби имтиҳонларни олишда ягона тартиб ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси тақдим этилган. Қарор лойиҳаси кечикаётганлиги сабабли CEFR имтиҳони учун рўйхатга олиш тўхтаб турибди.

ДТМ рухсатномаси қандай олинади?

Бу йилдан абитуриент ДТМ рухсатномаларини бевосита Давлат тест маркази сайтидан фойдаланиб, ўзига тегишли рухсатномани юклаб олиши мумкин.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев абитуриентлардан келаётган айрим муҳим саволларни қуйидагича шарҳлаб берди.

– Учта ОТМ танлаш тартиби қандай бўлади?

– Абитуриентлар ҳужжат топшираётган пайтда, 3 та йўналишни устувор кетма-кетликда белгилайди.

Яъни биринчи, иккинчи ва учинчи йўналиш сифатида қайси ОТМларни танлаганини олдиндан белгилашади. Худди шу пайтгача ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлар 2 та ОТМни танлагани каби.

Бундай вазиятда абитуриент устувор йўналишга кира олмаган тақдирдагина кейинги йўналишда омадини синаб кўриши мумкин. Агар хоҳ контракт, хоҳ грант бўлсин, устувор йўналишга тўплаган бали етса, унда кейинги йўналишлар учун баллари ҳисобга олинмайди ва танловда иштирок эта олмайди.

Айтайлик, абитуриент тест синовларидан умумий 150 балл тўплади. Бу балл ЎзМУга контракт, ТДШИ ва ФарДУга эса бюджетга етарли бўлса, унда абитуриент қайси бирини танлаши мумкин? Шарқшуносликнинг бюджетини танласа бўладими? Йўқ, бўлмайди! Бундай вазиятда абитуриентда танлов имконияти йўқ, у устувор йўналиш сифатида 1-ўринда ЎзМУни белгилагани учун, шу олийгоҳнинг контрактига кирган ҳисобланади, қолган 2 та йўналиш инобатга олинмайди. Қачонки у ЎзМУга етарли балл тўплай олмасагина, кейин Шарқшунослик ҳисобланади. Агар абитуриент бали ЎзМУ ва Шарқшуносликка ҳам етарли бўлмаган тақдирдагина, кейин ФарДУ инобатга олинади.

– Жорий йилги республика олимпиадалари ғолиблари бюджетга кирадими?

Ҳа, жорий йилги ғолиблар имтиёзли равишда имтиҳонсиз бюджетга ўқишга киради.

Президент қарорининг 4-бандига биноан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, асосий олимпиадаларнинг Республика босқичида 1-3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим этилади.

– Сиртқи таълимда ҳам 3 та йўналишни танласа бўладими?

Ҳа, бўлади. Абитуриентлар ҳужжат топшираётганда фанлар блоки мос келадиган 3 та сиртқи таълим йўналишини танлаши мумкин.

Кундузги йўналишдаги ўқишга топширгандан сўнг яна сиртқи таълимга топшира оладими?

Кундузги йўналишларга ҳужжат топширганда диплом ва паспортни қайтариб олиш мумкин, лекин бу абитуриентга сиртқига топшириш имконини бермайди. ДТМда база битта бўлади ва кундузги йўналишга топширганлар сиртқи йўналишга қабул қилинмайди. Шунинг учун ёки кундузгига ёки сиртқига топширишни олдиндан аниқлаб олиш лозим.

– Абитуриент 3 та олийгоҳга ҳужжат топширса, уларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида тест топширадими?

Абитуриент фақат 1 кун, 1 марта имтиҳон топширади. Яъни абитуриент бир марта тестга киради, 90 (60) та саволга жавоб беради, бўлди. Шунинг ўзи етади. Мана шу 1 мартанинг ўзида у учта йўналишга тестга киргандай бўлади. Бошқа куни яна тестга киришига ҳожат қолмайди.

– Мен вилоятдан туриб Тошкент шаҳридаги институтларга ҳужжат топширсам, тест синовларини топшириш учун пойтахтга бораманми?

Йўқ, Тошкентга келишингиз шарт эмас. Ҳужжатларни Ўзбекистоннинг исталган туманида топшириш имкони бўлгани каби, тестни ҳам исталган ҳудудда топшира оласиз. Бунинг учун олдиндан аризада тестни қайси ҳудудда топширишни белгилайсиз. Эътиборли томони, албатта, ОТМ жойлашган ҳудудни танлашингиз ҳам шарт эмас. Масалан, бухоролик абитуриент учала йўналишни Тошкентга топширган бўлса ҳам, Бухорода тестга кириши мумкин.

– Касбий (ижодий) имтиҳон топширадиганлар учта йўналишни танлай оладими?

Улар фақат 1 та йўналишга топшира олади. Учта йўналишни танлаш ҳуқуқи фақат тест синовлари топшириладиган ОТМлар учун амал қилади, холос. Яъни журналистика ёки санъатшунослик йўналишига топширсангиз, унда қўшимчасига бошқа бирорта йўналишни (ОТМни) танлай олмайсиз.

Ҳозирча касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган йўналишлар учун бундай имконият йўқ. Келгуси йилларда қўшилиши режалаштирилмоқда.

Энди фикрларимизни хулосаласак. Хўш, ўзгаришлар абитуриентларга қандай енгилликлар беради?

Аввало, ҳужжат топшириш жараёнида ортиқча қоғозбозликдан воз кечилди, ҳар бир абитуриентга ўзининг тумани ёки шаҳри, шунингдек, ўзи хоҳлаган ҳудуддан ҳужжат топшириш имкони яратилди.

Абитуриентларнинг қимматли вақти ва узоқ ҳудудларга бориб ҳужжат топшириш сарф-харажатлари тежалди.

Ҳужжат топшириш жараёнига бир неча соат ёки кун эмас, балки 15 – 20 дақиқа кифоя қиладиган бўлди.

Абитуриент ҳужжат топширганидан сўнг ҳужжатларнинг асли унинг ўзида қоладиган бўлди, университет томонидан фақат ўқишга кирган талабаларнинг ҳужжатигина қабул қилинади. Бу эса олий таълим муассасаси ва қабул комиссияси архивида ортиқча ҳужжат айланмасини кескин камайтиради.

Бобур ЭЛМУРОДОВ тайёрлади.

 

Информеры