2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИССИҚ ИҚЛИМ ШАРОИТЛАРДА ОВҚАТЛАНИШ

Тўғри ташкиллаштирилган тўлақонли овқатланиш организмга иссиқ иқлим таъсирини камайтиришга қаратилган профилактик тадбирлар ичида энг аҳамиятлиси ҳисобланади. Юқори ҳароратли шароитларда оқсил алмашинув интенсивлиги ошади. Шунинг учун мўътадил иқлим шароитларидан фарқли ўлароқ, оқсилга бой озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш азот балансини меъёрлаштиришга олиб келади. Сут оқсилларини истеъмол қилиш организмга ижобий таъсир кўрсатади.

Клетчатка (бириктирувчи тўқима)га бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ичак ҳаракатларини кучайтиради ва ич қотиб қолишининг олдини олади. Шу сабабли сабзавотлар билан биргаликда кенг ассортиментда ёрмалар истеъмол қилиш катта аҳамиятга эга бўлади.

Иссиқ иқлимда витаминларга (В1 В2, РР, С) ва минерал моддаларга бўлган эҳтиёжнинг кучайиши янги сабзавотларга бўлган эҳтиёжни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, янги сабзавотлар ва ҳўл мевалар сув алмашинувини яхшилайди ҳамда организм қизиб кетишининг олдини олади.

Ҳарбий хизматчиларнинг овқатланиши асосан куннинг салқин вақтларига тайинланиши лозим. Таомномани тузишда тушликка ёғлар ва оқсиллар миқдори кам бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари режалаштирилади (мўътадил иқлимга нисбатан 15–20%), углеводга бой маҳсулотлар (сабзавотлар, ҳўл мевалар ва резаворлар) эса кўпайтирилади. Уч марталик овқатланишда кунлик рационни энергетик қиймати бўйича қуйидагича тақсимлаш тавсия қилинади: нонуштага 35%, тушликка 25%, кечки овқатга 40%.

Жазирамада секретор фаолиятнинг ёмонлашишини ҳисобга олиб, хилма-хил ва шира ҳайдовчи хусусияти кўпроқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тавсия этилади. Кунлик таъминот меъёрларига қараб, асосий таомларни истеъмол қилишдан олдин совуқ газаклар (салатлар, винегретлар ва б.) ва совитилган сок ёки чой режалаштирилади. Биринчи овқатга сутли таомларни, сабзавотли, ловияли ва бошқа ёғсиз шўрваларни тайёрлаш тавсия қилинади. Гўштли, балиқли ва сабзавотли иккинчи таомларга аччиқ қайлаларни тайёрлаш зарур. Учинчи таомга совитилган компотлар, киселлар, ғарқ пишган пайти тарвуз ва қовунлар кўзда тутилади. Нонни бирмунча камайтириш лозим. Намлик йўқотилишини қоплаш учун салқинлантирувчи ичимликлар тавсия қилинади.

Иссиқ иқлим шароитларида шахсий таркиб орасида овқатдан заҳарланиш ва юқумли ошқозон-ичак касалликларининг келиб чиқиш ҳамда тарқалиш хавфи ортади, шунинг учун санитария-гигиена талабларининг бажарилиши шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишнинг аҳамиятини оширади.

Шахсий таркибга қиймаланган гўштдан тайёрланган таомлар тавсия қилинмайди.

Ёрмалар, дуккаклилар ва макарон маҳсулотлар ишлатилганда асосий эътибор уларни саралашга ҳамда зараркунандалар билан зарарланишининг олдини олишга қаратилади.

Ичимлик сувини совитилган ҳолатда (18–20°С) ичиш ёки совитилган чой, мева ва резаворлардан тайёрланган шарбатларни кўпроқ ичиш маслаҳат берилади.

Сувни кўп миқдорда ичиш организмдан минерал моддаларнинг ювилиб кетилишига олиб келади. Шунинг учун сабзавотлар, кўкатлар ва меваларни бир оз кўп миқдорда истеъмол қилиш тавсия қилинади.

М. ИМОМАЛИЕВ, Мудофаа вазирлиги

санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси

Информеры