2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ АЛОҚА ВОСИТАЛАРИНИНГ ЯНГИ АВЛОДИ

Жаҳоннинг етакчи давлатлари қўшинларининг мобиль, содда, универсал, ишончли тактик архитектурадаги алоқа воситаларига эга бўлишини истайди. Бинобарин, ҳарбий хизматчилар ҳам қўпол, механик тузилиши мураккаб алоқа воситаларини эксплуатация қилишни ўзлаштириш ва қўллаш  жараёнларида қийинчиликларга дуч келмоқда.

Алоқа жараёнида маълумотларнинг махфийлигини сақлаш ҳам доимо долзарб бўлган. Германиянинг Тизимли ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш институти «Fraunhofer» (ISI) тадқиқотчиси Симоне Кимплер: «Яқин келажакда маълумотларни ҳимоя қилиш долзарблиги кучайиб боради, информацион коммуникация технологиялари техник имкониятларининг жадаллик билан ўсиб бориши маълумотларни ҳимоя қилиш борасида сезиларли муаммолар келтириб чиқаради», деган эди.

Бугун АҚШ ҳарбийлари Apple ва Android тизимида уяли алоқа воситалари ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан таклиф қилинаётган мобиль, оддий, универсал ва ишончли смартфонларни ҳарбий соҳада қўллашни афзал кўришмоқда. Шунингдек, АҚШ ҳарбийларининг тактик бўғинда сунъий йўлдош алоқасига бўлган талаби Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда сезиларли даражада ортгани ҳам маълум бўлди. Ҳарбий ҳаракатларда алоқасиз қолишни АҚШ ҳарбийлари «тумандаги жанг» деб баҳолашди.

Дунёнинг етакчи ҳарбий экспертлари янги, қимматбаҳо алоқа воситасини харид қилиш ўрнига мавжудларига такомиллашган дастурларни ўрнатиш, шу орқали унинг янги авлодга мансуб имкониятларини ўзлаштириш, натижада ортиқча сарф-харажатларни тежаш имкони пайдо бўлишини ҳам эътиборга арзирли жиҳат сифатида айтиб ўтишган.

Бугун янги авлод алоқа воситаларидаги асосий ноқулайликлар:

– ҳаддан зиёд мураккаб;

– кўп миқдорда электр энергияси талаб қилади;

– алоқа ўрнатиш масофаси етарли эмас;

– душман радио шовқинига мойиллиги юқори.

Ҳарбий экспертлар томонидан ҳарбий алоқа воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компанияларга мавжуд камчиликларни бартараф қилиш борасида бир қатор талаблар илгари сурилмоқда. Жумладан:

– ҳозир алоқани ташкил қилишда ҳудуддаги ер ости оптик алоқа линияларининг имкониятлари инобатга олинмоқда, аммо армия ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган ҳудуддаги алоқа линиялари инфратузилмасига таяниб қолмаслиги керак, балки ҳарбийлар ўзларининг алоқа тизимини ўзлари билан олиб юришлари лозим;

– террорчи гуруҳларнинг шовқин қўйиш, тармоқни издан чиқаришларига қарши тўлқин тарқалиши ва унинг сўндирилиши, яъни ахборот хавфсизлигини кафолатлашнинг янги чораларини кўриш зарур;

– сунъий йўлдош алоқаси яқин келажакда стационар алоқа тугунларини алмаштириши кўзда тутилган. Унга нисбатан шовқин бериш, кибер ва кинетик ҳужум содир этилиши эҳтимоли йўқ эмас. Шунга қарши ечимлар топиш;

– барча қўшинлар бир вақтда янги авлод алоқа воситалари билан таъминлана олмайди, бу вақт ва маблағ талаб қилади. Шундай шароитда замонавий алоқа воситалари эски турдошлари билан алоқа ўрната олиш имконини бериши зарур.

Хулоса шуки, замонавий жанг шароитида янги авлод алоқа воситалари командирга у қаерда ва қандай шароитда бўлишидан қатъи назар, ҳарбий ҳаракатларда ўз қўшинлари билан узлуксиз ва ишончли алоқа ўрнатишни, қўшинларни бошқариш жараёнида маълумотлар махфийлигини таъминлай олиш ва бошқарув бўғинлари орасида тезкор алоқа ўрнатиш имконини беради. Шунингдек, радиоэлектрон курашнинг ҳарбий ҳаракатлардаги ўрни ошиб бораётган бир даврда янги авлод алоқа воситалари душманнинг халақит қилишга бўлган уринишларига чидамли, оддий тузилишга эга, тактик-техник имкониятлари ва эксплуатация қилиш қоидаларини ўзлаштиришда алоҳида малака талаб қилмайдиган, ҳудуднинг ҳар қандай рельефида олиб юриш учун қулай ва табиат ҳодисаларига бардошли бўлиши керак.

Майор Одил ЛУҚМОНОВ, майор Нурали ЖЎРАЕВ,

Қуролли Кучлар академияси тингловчилари

Информеры