2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЗАМОНАВИЙ ЗАРБДОР ВЕРТОЛЁТ

Кўп вазифаларни бажаришга мўлжалланган «Тигр» HAD русумли зарбдор вертолёт «Тигр» HAР типидаги ҳимояловчи ва қўллаб-қувватловчи вертолётнинг такомиллаштирилган варианти ҳисобланади. HAD варианти қуввати 14 фоизга оширилган MTR390E типидаги модернизацияланган двигателлар, такомиллаштирилган баллистик ҳимоя, янги оптоэлектрон нишонга олиш станцияси, радиоэлектрон кураш аппаратураси ҳамда «ўзиники-бегона» типидаги радиоэлектрон аниқлаш тизими билан жиҳозланган. Янги вариантдаги вертолётга 30 мм.ли авиация тўпи, 68 мм.ли бошқарилмайдиган авиация ракеталари, «ҳаво-юзалик» типидаги AGM-114M «Хеллфайр» ҳамда «ҳаво-ҳаво» типидаги «Мистраль» русумли бошқарилувчи ракеталар жойлаштирилган. «Тигр» HAD ҳозирги кунга келиб, анча эскириб қолган «Газель Вивиан» русумли вертолётларни алмаштириши кўзда тутилган. Франция, Испания, Германия ва Австралия шу икки типдаги жами 206 та вертолётга буюртма берган.

Германия, Франция ва Испания мутахассислари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Тигр» русумли вертолётнинг тактик-техник тавсифлари қуйидагича: узунлиги 15,82 метр, баландлиги 4,32 метр, тўрт парракли кўтарувчи винтнинг диаметри 13 метр, максимал кўтарилиш оғирлиги 6 000 кг, двигатель қуввати 1 300 от кучига тенг, максимал парвоз тезлиги соатига 322 км (ўртача тезлиги 271 км), бошқа жойга учиб ўтиш масофаси 1 130 км, амалий кўтарилиш баландлиги 4 000 метр, экипаж 2 кишидан иборат.

Информеры