2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ОИЛАЛАР БЕКАЛАРИ УЧУН ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Чирчиқ шаҳридаги «Ғалаба» маҳалласида «Райал-текс» масъулияти чекланган жамият томонидан ҳудуддаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг оила аъзоларини иш билан таъминлаш мақсадида янги ташкил этилган тикувчилик ва тўқувчилик цехининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишловчи мутахассислар, Чирчиқ шаҳар бўлими бошлиғи Турсуной Бўтаева, Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Миргазиева, Республика «Оила» илмий-амалий маркази маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.

– Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганимизга бир йилдан ошди, – дейди «Мега омадли савдо» ҳамда «Райал-текс» масъулияти чекланган жамиятлари иш юритувчиси Хуршида Қорабоева. – Айни пайтда «Мега омадли савдо» масъулияти чекланган жамиятимиз подполковник Зиёд Ҳакимов командирлик қилаётган ҳарбий қисмга аутсорсинг хизмати кўрсатиб келмоқда. Ҳамкорликни давом эттириш мақсадида жамиятимиз раҳбари Ғулом Шукуровнинг ташаббуси билан ушбу янги корхонани бунёд этдик. Харид қилинган 24 та янги тикув машинасида тикиш, бичиш, тугма қадаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали Жанубий Кореянинг «Тех-макс» компаниясидан қабул қилинган 6 та тўқув дастгоҳида қишки ва ёзги пайпоқлар тўқиш ишлари амалга оширилади. Бунинг натижасида 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлиги таъминланишига эришилди. Келгусида корхонани янада кенгайтириш режамиз бор.

– Ўзим чевар бўлсам-да, ишламаётган эдим, – дейди подполковник Машҳур Рўзиевнинг турмуш ўртоғи Лутфия Сувонова. – Янги корхона ташкил этилаётганини эшитиб, иш сўраб мурожаат қилгандим, қарасам иш ўринлари айнан биз учун экан. Жуда хурсандман. Айниқса, корхонанинг яшаб турган ҳудудимизда жойлашгани, шароитлар кўнгилдагидек эканлиги маъқул бўлди.

Корхона раҳбари Ғулом Шукуровнинг бизга маълум қилишича, ишчиларга ҳозирча 1 миллион сўм ойлик маош ва икки маҳал бепул овқат билан таъминлаш ваъда қилинган. Корхона ривожлангани сари рағбатлантириш ҳам ўсиб бораверади. Ўйлаймизки, бу ишчиларга ҳам маъқул келади. Энг асосийси, уларнинг бандлиги таъминлангани, яъни ҳам моддий, ҳам маънавий ғамхўрлик кўрсатилаётгани ҳарбий оилалар қувончига қувонч қўшади.

Бу каби ибратли ташаббус оммалашса, нур устига нур бўларди.

Ёшин ҲАКИМОВ

Информеры