2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САЙЁР ҚАБУЛ ТЕРМИЗДАН БОШЛАНДИ

Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги масъул мансабдор шахслардан иборат гуруҳ Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда сайёр қабуллар ўтказмоқда.

Дастлабки қабул Сурхондарё вилояти Термиз гарнизонида жойлашган «Оила маркази»да, Шеробод тумани ва Какайди қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмларда бўлиб ўтди.

Қабул давомида Мудофаа вазирлиги марказий аппаратидан иборат ишчи гуруҳ баробарида округ қўмондонлиги масъул офицерлари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларнинг мавжуд муаммолари, талаб, таклиф ва эҳтиёжларини ўрганиб, уларга амалий кўмак бериш юзасидан иш олиб бормоқда.

Турфа мурожаатлар билан сайёр қабул гуруҳига юзланаётган юртдошларимизнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлмоқда. Хусусан, саломатлиги туфайли йиллар давомида азият чекиб келаётган собиқ командир, нафақадаги подполковник Ғарибжон Сафаровнинг сайёр қабул гуруҳининг ташаббуси ва беминнат ёрдамидан кўнгли тўлди. У июнь ойининг биринчи ўн кунлиги ичида псориатик артрит ташхиси билан Мудофаа вазирлиги Марказий клиник госпиталида даволанадиган бўлди. Агар зарурат туғилса, ҳатто хориж шифохоналарига ҳам йўлланма олиши таъкидланди.

– Сайёр қабул бўлишини эшитиб, Сариосиёдан Термиз шаҳрига келдим. Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи эди. Бевақт вафот этган, – дейди Гулжамол Улашева. – Ҳозирда оилавий шароитимиз оғир аҳволда. Мудофаа вазири ўринбосари билан учрашиб, оиламизни қийнаётган муаммоларни баён этдим. У киши менинг мурожаатимни тинглаб, зудлик билан муаммоимни ҳал этди. Бунинг учун барча ташаббускор, фидойи инсонларга раҳмат айтаман.

Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан фуқаро Гулжамол Улашеванинг хонадони ва фарзандларининг моддий эҳтиёжларини таъминлаш масаласи Сариосиё туманида жойлашган ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ҳал қилинди:

– Мазкур фуқаронинг оилавий шароити ўрганиб чиқилади ва ҳарбий қисмимиз томонидан уларнинг каму кўстлари мунтазам тўлдириб борилади, – дейди қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Бегзод Раҳимов. – Эндиликда улар ҳар жиҳатдан эътиборга олиниб, моддий қийинчиликларсиз ҳаёт кечиришади.

Ўзини қийнаб турган масала бўйича сайёр қабулга келаётган юзлаб фуқаро мамнун: оғири енгил, мушкули осон.

Сайёр қабул ишчи гуруҳи билан биргаликда Сурхондарё вилоятининг давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам ҳамюртларимизга қулоқ тутаркан, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, банк ва кредит, бандликка кўмаклашиш каби ижтимоий-маиший муаммоларига ечим топди.

– Вилоят марказий банк бошқармаси вакиллари менга тадбиркорликни бошлашим ва имтиёзли кредит олишим учун муҳим йўл-йўриқлар кўрсатди, – дейди Дилшода Шодиева. – Турмуш ўртоғим – ҳарбий хизматчи. Мен хусусий тадбиркорлик орқали оилавий даромадимизга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

– 2004 йил ҳарбий хизматни бошлаганман, – дейди кичик сержант Нилуфар Абдиева. – Маълумки, ҳарбий хизматда қолиш ёши чегараланган. Хизмат шартномам тугашига ҳали уч йил бор. 45 ёшга тўлишим муносабати билан нафақага чиқиш-чиқмаслигим муаммо бўлиб турган эди. Мудофаа вазири ўринбосари томонидан ушбу масаланинг ижобий ечими топилди ва мен бундан ниҳоятда мамнунман.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик билан сайёр қабуллар давом этмоқда.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры