2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

34 НАФАР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ФАРЗАНДИ ТАЛАБАЛИККА ЙЎЛЛАНМА ОЛДИ

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиёзини берувчи тавсияномалар тантанали равишда топширилди.

Кейинги йилларда ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Ўтган 2018 йил 280 нафар ўғил-қиз мазкур имкониятдан фойдаланиб, талабалик бахтига эришди. Бу йил улар сафи янаям кенгаяди.

– Тошкент тиббиёт академиясида ўқимоқчиман, – дейди тавсиянома олган ёшлардан бири, подполковник Нодирбек Каримовнинг ўғли Асадбек Каримов. – Кириш имтиҳонларига бир йилдан буён тайёргарлик кўриб келяпман. Ўзимга, билимимга ишонаман. Ушбу тавсиянома қалбимдаги ишончни янаям мустаҳкамлади. Тавсияномани олдим, бўлди, энди ўқимасам ҳам талаба бўламан, деб ўйлаш нотўғри. Бундаям билим муҳим. Демак, имтиҳонгача ўқиш, ўрганишдан тўхтамайман.

Подполковник Мирзоҳид Ҳасановнинг ўғли Темурбек Маннопов Чирчиқ давлат педагогика институти академик лицейи битирувчиси. Инглиз тилида равон сўзлайди. IELTS халқаро дастурини юқори балл (7)га ўзлаштирган. Орзуси – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олиш.

– Ушбу университетда ўқишга талабгорлар кўплигини яхши биламан. Рақобат ҳам кучли бўлади. Шундай бўлса ҳам орзуимга эришиш учун интиляпман, – дейди Темурбек биз билан суҳбатда. – Рақобатдан чўчиётганим йўқ. Чунки мен ҳам анча вақтдан буён имтиҳонга тайёргарлик кўряпман. Интилганга муваффақият ҳамиша ёр бўлишига ишонаман.

Шамсиддин ва Маҳлиё подполковник Ойбек Бобониёзовнинг фарзандлари. Тантанада уларга ҳам тавсияномалар топширилди. Шамсиддин Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига, Маҳлиё эса Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга кирмоқчи.

– Талаба бўлиш – улкан бахт, – дейди Маҳлиё ҳаяжон билан. – Бу бахтга эришиш ҳар бир ёшга насиб қилсин, дейман. Шу жумладан, бизга ҳам. Қўлга киритган тавсияномамиз орзуим сари босилган яна бир қадамдир. Бундан жуда хурсандман. Бугун тантанада ўтириб, ўзимга ўзим сўз бердим: келажакда эгаллайдиган соҳамнинг етук мутахассиси бўлиб, шу азиз Ватанимга хизмат қиламан. Билдирилаётган ишончни, рағбатни, албатта, оқлайман!

Г. ҲОЖИМУРОДОВА.

Адлия капитани Г. ТУРСУНОВА,

Республика Ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси

Информеры