2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«TECHNO DISCOVERY – 2019»

Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмас

Бугунги замон қотиб қолган фикрларни, бир хилликни қабул қилмаяпти. Нуқул кутилмаган янгилик, хаёлга келмаган таклифлар билан шошилтиради. Ҳафсаласизлик қилсангиз, ўзингиз ҳайрат дунёсига ғарқ бўлишга маҳкумсиз. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари эса «TECHNO DISCOVERY – 2019» фестивалида ўзларининг ихтиролари билан кўпчиликни ҳайратлантиришга муваффақ бўлди.

Мудофаа вазирлиги қўшинлари фаолиятига замонавий илмий-техник ва рационализаторлик ишланмаларини киритиш мақсадида ташкил қилинган фестиваль «Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмайди» шиори остида ўтказилди. Тошкент ҳарбий округининг «Чирчиқ» полигонида бўлиб ўтган ушбу фестиваль доирасида намойиш этилган ихтироларни кўздан кечирганлар ҳар бирининг армиямиз манфаатлари учун қанчалик муҳим аҳамиятли экани билан қизиқди.

Биринчи бор ўтказилаётган бу турдаги кенг кўламли фестивалда уч юздан ортиқ ҳарбий хизматчи ўзининг янгича ёндашувлари асосида яратган ихтиролари, мавжуд техникаларга киритган ўзгартириш ва қўшимчалари, узоқ йиллардан буён фойдаланилмасдан келаётган қурилмаларни замон талабларига мослаштирганини намойиш қилдилар.

Жумладан, ўзгарувчан ҳажмга эга мобиль қўмондонлик-штаб пункти кўпчиликнинг эътиборини тортди. У вазият ҳақида маълумотлар йиғиш ва уларни қайта ишлаш, бошқарувни ташкиллаштириш, қўмондонлик ва тезкор штаб ишини амалга ошириш учун мўлжалланган. «КамАЗ» юк машинасининг базасига ўрнатилган ушбу пункт ёрдамида видеоконференцияларни ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз ташкил қилиш мумкин. Айни вақтда мазкур мобиль пунктларни Мудофаа вазирлиги ташкилотларида ишлаб чиқиш йўлга қўйилмоқда.

Десантчининг ўқув-машғулот комплекси шахсий таркибни парашютдан сакрашга мукаммал ва ортиқча харажатларсиз тайёрлашга хизмат қилади. Десантчи унинг ёрдамида учиш аппаратидан сакраганидан бошлаб бажарадиган барча амалий ҳаракатларини ернинг ўзида тўлиқ синаб кўриш мумкин.

Бир гуруҳ иштирокчилар БТР-70 ҳарбий техникаси учун душман томонидан ёқиб юборилганида ўзини ўзи ўчириш, узоқ масофага юрганда ўзини ўзи совутиш технологиясини ишлаб чиққан. Шунингдек, қўшимча кузатув мосламалари ўрнатилган.

– Узоқ масофага кўп юрамиз. Қийин вазиятда панд бериб қолмаслиги учун ўзини ўзи совутиш технологиясини ўйлаб топдик. Тасаввур қилинг, йўл ярмида қизиб кетиб, тўхтаб қолди. Жанг шароитида 10 нафар шахсий таркибнинг ҳаёти хавф остида қолади-ку! – дейди Шарқий ҳарбий округдан келган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Турсунпўлат Мавлонов.

Фестивалда ҳарбий-техник соҳага оид ишланмалардан ташқари ҳаётнинг бошқа жабҳаларида фойдаланиш учун мўлжалланган инновацион лойиҳалар ҳам намойиш этилди.

Чақириққача ёшларни дастлабки ўт очиш кўникмалари билан таништириш мақсадида яратилган мобиль тир айнан бўлғуси Ватан ҳимоячиларига мўлжалланган. Унинг бошқа тирлардан афзаллиги – 12 метрли контейнердан ясалгани ва исталган оғир техника ёрдамида ташиш қулайлигида.

Аккумуляторсиз ўт оладиган «КамАЗ» юк машинаси, минг метргача узоқликдаги нишонга олишга ёрдам берадиган тунги кўриш мосламаси, ҳарбий кадрлар билан ишлашда индивидуал ёндашувни кучайтиришга мўлжалланган дастурий таъминот каби юзлаб янгиликлар миллий армиямизнинг келажакдаги фаолиятига янада самара бағишлаши шубҳасиз.

Китоб ярмаркаси, совринли викторина ўйинлари ҳамда маданий тадбирлар фестивалга келган аҳолининг мароқли дам олишини таъминлади. Кўчма китоб дўконига бирров назар солиб, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари Жаҳонгир Абдураҳмонов ва Арслонбек Абдуҳамидов билан суҳбатлашиб қолдик. Мутолаага қизиқишларини эътироф этган ҳолда, фестиваль таассуротларини сўрадик.

– Эътиборни тортадиган, ўрганадиган жиҳатларимиз жуда ҳам кўп бўлди. Улардан бири тенгдошимиз, биз таҳсил олаётган олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти Абдулла Набиев АК-74га лазерли прицель ўрнатибди. Унинг ёрдамида деворнинг ортида туриб, душманни кузатиш мумкин. Яқин масофада туриб жанг олиб бориш учун жуда қулай. Ёки ёруғлик товуш таъсирига эга гранатани олайлик. Бу қурол душманни карахт қилишда асқатади. Ўқ ўтказмайдиган зирҳли машина ҳам жуда пухта ўйланган, – дейди улар бири олиб, бири қўйиб.

Фестиваль якунида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов рационализаторлик ишлари билан кўпчиликнинг диққатини тортган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвон ва эсдалик совғаларни, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолларига «Намунали хизмати учун» кўкрак нишонларини топширди. Ҳарбий округлар ҳамда ҳарбий қисмлар қўмондонликлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги автобуслар билан тақдирланди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, ҳарбий оркестр, таниқли эстрада хонандалари томонидан ҳавола этилган куй-қўшиқлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари фестивалга байрамона руҳ бағишлади.

 

Инновацион Мамлакатлар

Инновацияга энг кўп маблағ сарфлайдиган мамлакатлар (ялпи ички маҳсулотга нисбатан):

Япония – 3,5 %;

АҚШ – 2,8 %;

Германия – 2,7 %.

Азиз НОРҚУЛОВ

Информеры