2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ЎЗАРО АЛОҚАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДАН БОРАМИЗ»

Ўзбекистон – Беларусь Республикалари махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари ўртасида «Жанговар ҳамдўстлик – 2019» шиори остида илк бор ўтказилган махсус-тактик ўқув машғулотлари ҳақида газетанинг ўтган сонида хабар қилгандик. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган интервьюлар ва фоторепортаж орқали ҳамкорликдаги машқлар самарасига яна бир бор амин бўласиз.

Полковник Валерий РЕВЕНКО,

Беларусь Республикаси Мудофаа вазирлиги Халқаро алоқалар департаменти бошлиғининг ўринбосари:

– Аввало, Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман, ажойиб, гўзал, жаннатмакон юрт. Бу ерда меҳмондўстлик, ўзаро самимиятга асосланган дўстона муносабатларнинг гувоҳи бўлдик. Ҳамкорликдаги машғулотларга тўхталадиган бўлсам, бугунги кунда бутун дунёга хавф солаётган таҳдид бу – халқаро терроризмдир. Шунга мос равишда биз ҳамкорликда ана шу таҳдид ва хавф-хатарларга муносиб кураш йўлини излашимиз керак. Ҳарбий хизматчиларимиз ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ёнма-ён туриб, қўйилган вазифаларни жанговар ва реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда муваффақиятли бажаришди. Бундан кейин ҳам ўзаро ишончли алоқаларни янада чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш йўлидан борамиз.

Подполковник Лазиз УСМОНОВ,

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошқарма бошлиғи:

– Бугунги кунда халқаро терроризм бутун дунёнинг долзарб масалаларидан бирига айланди. Унга қарши курашиш, жанговар тайёргарликни ошириш муҳим аҳамиятга эга. Биз айнан ушбу мавзуда беларуслик ҳарбий хизматчилар билан ҳамкорликда терроризмга қарши операция ўтказиш бўйича тактик ўқув машқларини ташкиллаштирдик. Ўқув машғулотлари юксак савияда ўтиб, икки мамлакат ҳарбий хизматчилари учун ҳам улкан тажрибаларга бой бўлди. Беларуслик ҳарбий хизматчилар учун тоғ тайёргарлиги бўйича ўтказилган машқлардан кўп нарса ўргандик. Армиямиз ва ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолиятлари, яшаш шароитлари ва энг асосийси, замонавий ҳарбий санъат сирларини пухта ўзлаштирганлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди. 

Полковник Олег КОСТРОМИН,

Беларусь Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм командирининг ўринбосари:

– Машғулотнинг ўзига хос хусусияти шунда бўлдики, ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчилари аралаш бўлинмалар таркибида ҳаракатланиб, кўзланган мақсадга эришдилар. Бир қатор тактик вазифалар ишлаб чиқилиб, машқлар жараёнига татбиқ этилди. Машқларнинг иккинчи куниданоқ ҳарбий хизматчилар бир-бирларини яхши тушуниб, ҳамжиҳатлик билан вазифаларни бажаришди. Нотаниш жой ва табиий иқлим шароитларида катта тажриба орттирдик. Айниқса, экстремал шароитларда яшовчанлик бўйича ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган ўқув жойи биз учун янгилик ва қизиқарли бўлди. Ўзбекистон томони мазкур машғулотларнинг самарали ва фойдали ўтиши учун катта ишларни амалга оширгани кўриниб турибди.

Майор Расулхон АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм командири:

– Беш кун давомида Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида «Жанговар ҳамдўстлик – 2019» ўқув тактик машғулотлари ўтказилди. Машқлар давомида икки томон ҳарбий хизматчилари ўзлари учун зарур жанговар кўникмаларга эга бўлишди. Машғулотлар давомида асосий урғу шаҳар ва қишлоқ шароитларида, аҳоли яшаш пунктларида жанговар ҳаракатларни олиб боришга қаратилди. Шунингдек, тоғли ҳудудларда ҳаракатланиш, у ерда жанговар вазифаларни бажариш бўйича ҳам машқлар бўлиб ўтди. Машғулотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро дўстона, ишончли муносабатлар ўрнатилди. Бу каби ҳамкорликдаги машғулотлар мамлакатимизнинг бошқа давлатлар армиялари ҳарбий хизматчилари билан ўзаро тажриба алмашиш имкониятини оширади.

Аҳрор ОЧИЛОВ, Алибек ОМОНТУРДИЕВ.

Информеры