2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАҚТНИНГ ЙЎҚОТИЛГАН ЗАРРАЛАРИ

бошимизга тош бўлиб тушмасин

«Юқумли» шоулар

Тарихчи олим Жумабой Раҳимов қўнғироқ қилиб қолди. Қувончли хабарни баҳам кўргиси келган экан. Олим Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги асари асосида фильм суратга олиниши режалаштирилаётганини айтди. Ҳаяжон менга ҳам юқди. Эски чопонимга сиғмай, ҳали у ёққа бораман, ҳали буёққа.

Уйдагилар телеканалдаги қиморга ўхшаган ўйин томошаси билан банд. «Борига барака», «Олтин калит», яна нимадир шоулар, лоттолар. «Мана ҳозир тугмачани босади, машина «қулоғи»ни ушлаб кетади. Ундан кўра, даллол таклиф қилган нарсаларни ол». Шунга ўхшаш гаплар эшитилади. Гўё, кўрсатувнинг ичига кириб кетишган. Ҳаёт тўхтаб қолган. Дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди. Қани энди, миллат, юрт манфаати йўлидаги муҳим масалаларга ҳам шундай ёндашолсак. Афсус. Шоирнинг қиличдек кескир сатрлари эсимга тушади. Тахминан шундай: «Шоир юрагимни юлиб берардим, Туркистон деган битта сўз учун».

Яқинда қишлоғимда бўлиб қайтдим. Бу томошани катталар ҳам орзиқиб кутишаркан. Бошловчи ва даллолларнинг бачканалигини танқид қилиб, орият, ҳамиятини қўзғамоқчи бўлдим. «Пойтахтда яшайсан, сен ҳам ўшанақа ичимликлардан ичиб, бирон нарса ютсанг-чи», дейишди бунга жавобан. Содда тоғам «мениям ўша кўрсатувларга олиб бор, бирон нарса ютай», дейди.

Қовун қовундан ранг олади, деганларидек, бугун хусусий телеканалларимизга бундай шоулар «юқиб» бўлган. Маърифат, маънавият мавзуси эса тош босмайди. Россия телеканалларида ҳам қиморбозликка ўхшаган кўрсатувлар бунчалар «болалаб» кетмаган.

Бу фуқароларга нима беради? Балким телеканалга, ишлаб чиқарувчига даромад келтирар. Аммо фуқароларда истеъмолчилик кайфиятидан бошқа нарсани шакллантирмайди. Мактаб, коллеж ўқувчиси ота-онаси тушликка деб берган пулидан тежаб, ютуқ чиқиш эҳтимоли бор товарлар харидига шошади. Орзу майдалашади. Бирданига катта маблағ, буюм ёки автомобилга эга бўлиш мақсади бошқа ниятларни «чанги»да қолдиради. Енгил-елпи ҳаётга ўрганади. Бефарқлик, лоқайдлик, худбинлик шаклланади. Хўш, шундай руҳда камол топаётганларга ватанпарварликдан сўз очсангиз, таъсир қилармикан?

 Майда нағмаларни чайнаб, исроф қилаётган, увол қилаётган умримизга ачиниб кетдим. Мана шу «ярадор» кайфиятга тарихчининг янгилиги малҳам бўлди.

Мақсад, ишонч, манфаат

Мамлакат Президентининг 2018 йил 14 майдаги қарорига мувофиқ, ҳарбий хизматчиларнинг 5 фоизлик квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фарзандлари тўплаган баллари кетма-кетлигини таҳлил қилдим. Энг юқори баллни қўлга киритган кучли ўн бешталикда 60 фоизга яқини қиз болалар. Масалан, ҳарбий хизматчининг фарзанди Сумбула Ғузорова 184,60 балл жамғарган. Ёки Камола Жумақулова 183,20 баллга эга бўлган.

Энг кам балл тўплаган ўн бешталикнинг 62-63 фоизи ўғил болалар. Шаҳзод Солижонов, Уйғун Ўктамов рўйхатнинг охиридан жой эгаллаган.

Энг юқоридаги ўн бешталик қайси соҳага ўқишга кирган? 20 фоизга яқини юридик соҳа, 20 фоизи тиббиёт йўналиши, 14 фоиздан ортиғи иқтисодиёт йўналиши.

Сизнингча, бу рақамларда нима яширин? Ёшлар орзусининг «қиёфаси». Фарзандларда прокурор ёки судья бўлсам, шифокорлик касбини эгалласам, банк, молия соҳасида ишласам, «пичоғим мой устида бўлади», деган орзу бор. Миллат, Ватан манфаати эмас, моддий манфаатдорликка қараб касб танлашдан ким кўпроқ зарар кўради?

Энг кам балл тўплаган ўн бешталик ичида эса 70 фоиздан ортиғи техник йўналишни танлаган. Бу нимадан далолат? Мақсад – олий маълумотли бўлиш, диплом олиш.

Техник йўналишда олий маълумот олган 2 жияним бор. Университетни битирганига 6-7 йилча бўлди. Бири киракашлик қилади, иккинчиси чорвадор. «Нега соҳа бўйича ишламаяпсизлар?» десам, «Ички ишларга ёки ҳарбий соҳага ўтишга ёрдам беринг, маоши катта», дейди. Уларнинг ҳаётга қараши енгил-елпи. Мақсад, муддао аниқ эмас. Бундайлар минглаб топилади. Кучига, билим ва салоҳиятига ишончини қайтармасак, уларга ватанпарварликни қандай ўргатамиз?

Баркамол, етакчи

Фарғона, 2019 йил май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мудофаа вазирлигига қарашли «Темурбеклар мактаби»ни бориб кўрди. Давлатимиз раҳбари Темурбеклар мактабларини ривожлантириш бўйича янги тизимни белгилаб берди. Унга кўра, бу мактабларга ёшлар чекланган миқдорда танлаб олинади, ўқувчилар замонавий ахборот технологиялари ва камида иккита хорижий тилни пухта ўрганади, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама баркамол, ёшлар орасида етакчи бўлиб шаклланади. Юртбошимиз мазкур муассасаларни том маънода ватанпарварлар масканига айлантирмоқчи. Тизим ёшларда аниқ мақсадни шакллантиради. Ватанпарвар ёшлар камолга етишида мана шундай амалий қадамлар, ишлар зарур.

Ташқи ва ички таъсирлар

«Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш янада муҳим аҳамият касб этмоқда», деди Президентимиз Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда. Бу санада давлат раҳбари ғалаба ҳақида, ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлаш ҳақидаги гаплар билан чекланса бўларди. Нега яна бир бор ёшлар ватанпарварлигига эътибор қаратди? Бу саволни фарзанди, мамлакати тақдирига бефарқ бўлмаганлар ўз-ўзига берсин!

Президент айтаётган зарарли таъсирлардан ёшларнинг онги, қалбини муҳофаза қилишда энг кучли иммунитет – ватанпарварлик. Шунинг учун масала долзарб. Қандай таҳдид, хатарлар, таъсирлар бор, демоқчимисиз? Марҳамат.

«Кун.уз» сайтидаги хабарда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, интернет жаҳон ахборот тармоғининг «najot.info» ва «hizb-uzbekiston.info» веб-сайтлари ҳамда «Facebook», «Youtube» ва «Telegram» ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлардаги қуйидаги келтирилган 40 та номдаги профиль, канал ва саҳифалар экстремистик ва террористик деб топилган.

1. «Абу Салоҳ дарсликлари». 2. «Жаннат ошиқлари». 3. «Шом овози». 4. «Тавҳид ва жиҳод». 5. «Islam Abu Khalil». 6. «Полвон Новқатлик». 7. «Соҳиб Маҳмудов». 8. «Фаррухбек Абдуллаев». 9. «Мамараҳимов Абдураҳим Миркомилович». 10. «Муҳожир Полвон». 11. «Abu Aisha». 12. «Turkiston». 13. «Ҳуррият инфо». 14. «Нажот». 15. «Ал-Ваъй». 16. «Роя». 17. «Usulul fiqh». 18. «Mustalahul hadis». 19. «Darslardan qisqa lavhalar». 20. «Fiqh ahkomlari». 21. «Tavhid darsi». 22. «Qiyomatdan avvalgi fitnalar». 23. «Savol va javoblar». 24. «Foida Mp3». 25. «Foida va qoidalar». 26. «Tafsir darslari». 27. «Talbisu iblis darslari». 28. «Islomni buzuvchi amallar darslari». 29. «Nomoz va benomozga taalluqli masalalar». 30. «Ayollar darslari silsilasi». 31. «Aqiyda darslari». 32. «Silsilaviy darslar va ma’ruzalar». 33. «Muhim darslar». 34. «Aqiydatul vositiya». 35. Mustalahul hadis». 36. «Alfath». 37. «Talabalar uchun darslar». 38. «Алъ-фатҳ TV». 39. «Da’vat uz». 40. «Hidoyat TV».

Бундай рўйхат ортиб бормаслигини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Ички таъсирлар-чи?

«Оммавий ахборот воситаларида суицид ҳолатларининг ёритилишини бас қилиш керак. Бу «Вертер синдроми» (бировнинг ўз жонига қасд қилишига бошқаларнинг тақлид қилишини келтириб чиқариши мумкин. Суицид журналистларнинг эмас, мутахассисларнинг иши. Ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабарларни тарқатавериб, одамларда тушкунлик ва бепарволик кайфиятини келтириб чиқармаслик лозим. ОАВ вакилларидан бу нозик мавзуга қўл урмасликни сўраб қоламан», дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова.

Хусусий телеканаллар, уз доменидаги интернет тармоқлари, ижтимоий тармоқлар шов-шув кўтариш, рейтингини ошириш мақсадида юқорида айтилган шоулардан ташқари кунда-кунора зарарли ахборотларни тарқатмоқда. Бу билан нафақат суицид, балки ким кимни пичоқлади, ўлдирди, зўрлади каби зўравонлик, ваҳшийликни билвосита тарғиб этадиган ахборотларни ҳам «ҳазм» қилишга жамоатчиликни, ёшларни ўргатяпмиз.

Вақтнинг йўқотилган зарралари бошимизга тош бўлиб тушмасидан ватанпарварлик тарбиясига, маърифатга зарар етказадиган ахборотларни билиб-билмай келажагимиз давомчилари онгига тиқиштирмайлик.

Алижон САФАРОВ

 

Информеры