2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АМУДАРЁ ВИЛОЯТИ ҚАЕРДА ЖОЙЛАШГАН?!

Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат сафарида эдик, озгина тин олишга имкон бўлиб қолди. Бўш ўтирармидик? Кўзимиз эскироқ бинонинг атрофида «ҳашар» қилаётган аскарларга тушди. Бекор ўтирмайлик, «Аскар саҳифаси»га тайёр мавзу. Ишга киришдик. Уларнинг командиридан рухсат олдик.

Беш нафар аскарнинг исм-фамилиясини ёзиб, адашиб кетмаслик учун рақамлаб туришини тайинлаб, суратга туширишни бошладим. Чиройли манзара, табассум билан турган юрт ўғлонлари. Ҳар эҳтимолга қарши туғилган йили, жойи, ота-онаси, келгуси мақсадларини ҳам қисқача қайд этиб боряпти. Маълумотларга озгина пафос берсак, бинойидек мақола тайёр бўларди. Албатта, буни кўрган ҳарбий қисм командири, аскарларнинг ота-онаси, яқинлари ҳам хурсанд бўларди. Аммо...

Биринчи аскар билан самимий суҳбатни бошладик (уларни аяганимиздан исм-фамилияларини келтиришни лозим топмадик).

– Мана, муддатли ҳарбий хизматга келганингизга 2 ойдан ошибди, нималар ўргандингиз?

– Ҳаёт қийинчиликларига бардошли бўлишни, мардлик, жасоратни...

– Армия қийинми?..

– Ватанга садоқатни билдик.

– Маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида қайси тарихий шахсларни ўргандингиз?

Бир муддат жи-им қолди. Ниҳоят тилга кирди:

– Амир Темур...

– Соҳибқирон қандай жанглар ўтказган экан?

– ...

Ҳамкасбимизнинг сабр косаси тўла бошлади:

– Амир Темурнинг «Лой жанги»даги ғалабаси ҳақида гапириб беринг.

– Маҳоратли саркарда бу жангда...

Қизил гаплардан иборат таърифу тавсифдан унинг асл ҳақиқатдан хабари йўқлиги маълум бўлди. Бу аскарга кўз юмиб, иккинчиси билан мулоқотга киришдик. Йигитни қийнамайлик, ўқиган коллежи, унда ўтилган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик сабоқлари ва унинг хизмат давомидаги фойдаси ҳақида сўрай қолайлик, деган хулосага келдик.

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида туғилган экан. Аммо минг уринмасин, ўқиган коллежининг номини эслай олмади. Фақат билгани «...касб-ҳунар коллежи». Фарғонани биладиган шерикларимиздан бири жойлашган ўрнини сўраб, аниқлашга ҳаракат қилди, иложи бўлмади.

–  Ўзбекистонда нечта вилоят бор, санаб беринг-чи.

– 12 та вилоят бор, Фарғона, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Амударё...

Шу ерга келганда, тоқатимиз тугади. Қалам ҳам ожиз қолди.

Қабул қилинаётган қарорлар, концепциялар, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳавога соврилаяптими? Китобхонлик ҳақидаги жон куйдиришлар наҳот, беҳуда. Салкам 50 минг тиражда, 24 саҳифа, ҳар ҳафта чиқаётган газетамиз, «Ўзбекистон армияси» журнали, «Ватанпарвар» кўрсатуви, тарқатилаётган минглаб китоблар...

Сал қизишиб кетган бўлсам, бошқалардан қизишмасликни илтимос қилган бўлардим. Юқоридаги воқеа қанчалар таъсирли бўлмасин, тўлақонли хулоса чиқаришга аcос бўлмайди. Аммо ҳушёр торттиради. Ибратга арзигулик ёшларимиз бир талай. Бу ҳақда бошқа саҳифаларимизда ўқишингиз мумкин!

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры