2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

РАВШАН ЭРМАТОВ: «ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИНИ БОШҚАРАДИГАН ҲАКАМ БЎЛИБ ТУҒИЛМАГАНМАН»

Ушбу янги рукн остида бериладиган материалларда эртамиз эгалари бўлмиш ёшлар, уларнинг ҳаёти, иш ва ўқиш фаолияти ҳақида фикрлар дунёси кенг ва дунё фикрларидан хабардор кишилар билан суҳбатлашамиз. Демак, биринчи суҳбатдошимиз ўзбек футболи фахри бўлмиш ФИФА ҳаками Равшан Эрматов.

– ...ишга жойлашолмайди?

– Ишлайман, деган одамга ҳар доим иш топилган ва бундан кейин ҳам топилади. Бунинг учун энг биринчи ўринда иштиёқ керак. Бу жуда муҳим. Ўзимдан мисол келтираман. Бизга ҳам кўп ёшлар шогирдликка келади. Бажонидил қабул қиламиз. Кейин машғулотлар бошланади. Тинимсиз машқ қиламиз. Ҳар куни уларни оғир машаққат кутади. Бу аниқ. Кўпчилик ёшлар мана шу бошланғич машғулотлардан ўзини ўзи олиб ўтолмайди. Тўғри, устоз унга ҳар томонлама кўмак бериши керак. Шундай ҳам қиламиз. Лекин... орадан икки-уч кун ўтар-ўтмас, «йўқ, бу менга тўғри келмас экан», дейди. Адашдинг, оғайни, сен спортга тўғри келмадинг, дегим келади, шундай сабрсиз ёшларни кўрганимда.

Бу нимадан? Бу ёшларнинг ўзини қийнашни истамаганидан. Машаққатсиз натижа бўлмаслиги эса аллақачон исботини топиб бўлган. Буни кеча ё бугун ўйлаб топганимиз йўқ. Бугунги ёшларнинг кўпчилиги ҳамма нарсага бир вақтнинг ўзида эришишни истайди. Ахир бунақаси афсоналарда ҳам бўлмайди-ку! Кейин яна бир гуруҳ ёшлар бор. Улар учун осон ишга кўп маош тўлаш керак. Бу энди мантиққа ҳам зид нарса. Одам ишга жойлашиб, маош олаётганда ўзига ўзи савол бериши керак: мен шу маошга арзирли иш қилдимми, деб. Кўп қайтарадиган гапим бор. Иштиёқи бор инсонга иш топилади, ишлашни истамаган кишига эса юзлаб, минглаб баҳона топилади. Бундан кўринадики, бор-йўғи иккита йўл бор: ўзига маъқул бўлган иш таклиф қилинганида ё бор меҳрни бериб ишлаш керак ё баҳоналарни тайёрлаб қўявериш керак. Келажак ҳам мана шу йўллар билан қурилади.

– ...чет элга ошиқади?

– Ёшлар чет элга интилишининг ҳам салбий ва ижобий томонлари бор. Чет элларда бўлган ва ҳозирги кунда ҳам яшаётган жуда кўп ёшлар билан мулоқот қилганман. Бир нарсани ишонч билан айта оламанки, уларнинг кўпчилик қисми ўз ҳаётий режаларига эга. Улар шунчаки сайру саёҳат учун юргани йўқ. Кўпчилиги ўқиш учун борган. Ўқишдан ташқари ўзининг тирикчилигини (чет элда бир кун яшашнинг ўзи бўлмайди, ҳамма жойда ҳам) эплайди. Қўшимчасига уйига пул юборади. Шу боис чет элда юрган ёшларни бутунлай қоралаш нотўғри. Агар у мана шундай фойдали ишлар билан машғул бўлса, бемалол.

Чет элга кетди, дегани энди қайтиб келмайди, дегани ҳам эмас. Ўзга юртнинг тажрибаси, ютуқлари, билим кўникмаси, айниқса, бугун мамлакатимиз учун жуда зарур. Мана шу жиҳатдан ҳам уларни қўллаб-қувватлаш керак. Фақат уларнинг қалбига она Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни, ватанпарварлик ҳиссини шундай жойлашимиз керакки, вақти-соати келганда, юрти учун керакли инсон эканлигини англаб, қайтиб келсин ва бор куч-ғайратини ўз Ватанига сафарбар этсин.

Тўғри, мақсадсиз, йўқ, мақсадсиз ҳам деб бўлмайди... Улар ҳам ишлайман, деб кетади. Лекин юқорида ҳам айтдим, иштиёқи бор одамга ўзимизда ҳам иш топилади. Ўзингиз ҳам кўриб, эшитиб тургандирсиз, қанчадан-қанча ватандошларимиз меҳнатига яраша ҳақ ололмай, уйидан юборилган пулни йўлкира қилиб қайтиб келяпти ва бундайлар бундан кейин ҳам бўлса керак. Мана шуларни кўрсам, тўғриси, нафсониятим қўзийди. Кимлардир айтиши мумкин: «Ҳа, энди сиз омади келган одамсиз, бу гапларни юмшоқ курсида ўтирволиб, гапиришингиз осон», деб. Асло! Мен ҳам жаҳон чемпионатини бошқарадиган ҳакам бўлиб туғилмаганман. Бунинг учун чеккан заҳматларим ҳали эсимдан чиққани йўқ.

– ...китоб ўқимайди?

– Китоб ўқимасликнинг ҳам турли сабаблари бор. Мен замонавий телекоммуникация воситалари ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Бунинг ўзи алоҳида мавзу. Лекин кузатганим шуки, аксарият ёшлар, биласизми, китоб ўқишнинг фойдаси, завқи, одамга берадиган шавқидан хабардор эмас. Бундай ёшлардан китоб ўқишни кутиш аслида нотўғри бўлади. Шунинг учун бошланғич кўникма шакллантирилиши керак. Мисол учун, оилаларда, ўқув даргоҳларида байрам ёки туғилган кунда яхши китоб совға қилишни анъанага айлантириш мумкин. Уни ўқиган бола ўз-ўзидан китобга мухлис бўлиб қолади. Ишонаверинг, бу яхши самара беради.

– ...тамаки чекади?

– Бу саволингизга қисқа жавоб берсам майлими?

– Майли.

– Мен умримда тамаки чекмаганман. Шунинг учун ёшларнинг нима учун тамаки чекишини ҳам билмайман. Нимага чекасизлар ўзи, ёшлар?

– ...жаргонда гаплашади?

– Шахсан менинг оила аъзоларим, яқинларим, дўсту биродарларим ичида жаргонда гаплашадиганлари йўқ. Шунинг учун ёшларнинг нима учун бундай мулоқот турини яхши кўришини ҳам билмайман. Менимча, улар ўзбек адабий тилини билмаса керак.

– ...қарияларни «қолоқ» (катталарни консерватив) деб ҳисоблайди?

– Қарияларга, ўзидан катталарга ҳурматсизлик қилган ёшларни кўрсам, доим кескин муносабат билдираман. Чунки минг-минг йиллар ичида шаклланган, дунёда қиёси йўқ бу менталитетни оёғ­ости қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кимлардир ўзбек менталитети ҳақида бир нималар деб гапириб юради. Уларга бир гапни айтгим келади (бундай бўлишини истамайман, албатта): агар сен мана шу менталитетни хушламайдиган бўлсанг, майли, билганингча яша. Сен билан ёшинг бир жойга бориб, фарзандларинг ташлаб кетиб, қаровсиз қолганингда саломлашаман, деб.

Бизга ёшлигимиздан ота-онамиз ёши катта одам ҳақ-ноҳақ бўлса ҳам қўполлик қилмасликни ўргатишган. Бу ўйлашимча, ҳақиқий ўзбекона тарбия.

Энди бевосита саволингиздаги ёшларга келадиган бўлсак, улар оилада шундай тарбия кўришган. Бузилган муҳитдан соғлом фарзанд камолга етиши қийин. Оиладан ташқаридаги муҳит ҳам шунга яраша бўлган. Ўша ёшлар унутмаслиги керакки, улар айтаётган «қолоқлар» ҳам ўз даврининг илғорлари бўлган. Фақат вақт фактори деган нарса бор. Ҳеч ким билан ҳисоблашмайдиган тараққиёт бор. Ҳамма гап шунда. Бу ёшларнинг ўзи ҳам эрта-индин «қолоқ»лар сафидан жой олиши турган гап.

– ...деградацияга қараб кетади?

– Мен бунга тўлиқ қўшилмайман. Чунки ўз қарашларим бор. Эътибор беринг, халқимизда азалдан ёшларнинг катталарга ҳурмат-эҳтироми бошқача бўлган, бугун ҳам шундай деб айта оламан. Лекин ҳозирги кундаги ҳолат билан фикр юритадиган бўлсак, бу катта бир илмий давра бўладими ё бўлмаса бирор-бир аҳамиятли баҳс-мунозарами, ёшлар катталарнинг сафида бемалол ўз фикрини билдиряпти. Албатта, уларга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда. Аввал бунақа ҳолатларни камдан-кам учратиш мумкин эди. Шунинг ўзи ҳам ёшлар ичида фаол ва келажакка дадил интилаётган авлод шаклланаётганини кўрсатади.

Энди, тўғри, деградация йўлида кетаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Ўйлашимча, бунинг биринчи омили кўп ва хўб такрорланган ўзга миллатлар маданияти қоришуви бўлса керак. Бунда катта авлод вакиллари маёқни баланд тутганча йўлни ёритиши талаб этилади. Йўл қоронғи бўлса, ҳамма ҳам дуч келган томонга қараб қадам босади-да. Яна бир нарса аёнки, чет эл маданиятини ҳам тўлалигича қоралаб бўлмайди. Улардан ҳам олишимиз мумкин бўлган ижобий жиҳатлар бор.

– ...безорилик қилади?

– Тарбия ва яна тарбия. Ота-оналар бир нарсага кўп ҳам эътибор беришмайди. Ўсмир ёшдаги боланинг тарбиясига жиддий эътибор қаратилмаса, кейин ҳар қанча уринилмасин, фойдаси бўлмайди. Аслида фарзанд туғилмасиданоқ унинг тарбияси билан жиддий шуғулланиш кераклиги айтилади. Менимча, ўсмирлик даврининг залвори ўша даврникидан кам эмас. Бунга беэътибор бўлсак, болаларимиз бугун безори, эртага эса жиноятчи бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Яқин Сурияда нима учун қон тўкаётганини ўзи ҳам билмайдиган, ўз юртига, ота-онасига, ака-укасига, қавму қариндошига, севган ёрига қурол ўқталаётган қанчадан-қанча ёшлар бор. Улар ҳам у ерга боргунича безори бўлгандир, эҳтимол.

Ҳаммамиз фарзанд ўстиряпмиз. Бир нарсани унутмаслигимиз керак. Ҳар қандай инсоннинг ҳам қонида эзгу фазилатлардан ташқари ёвузлик ва ғаламислик бўлиши мумкин. Йўналтириш ва тарбия буларнинг қай бири устун келишини ҳал этади. Шунинг учун «ёшлар ундоқ, ёшлар бундоқ», дейишдан олдин ўзимиз – катталар уларга эътиборли бўлайлик. Қолган гапни кейин гаплашаверамиз.

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры