2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«САҲНАДА ТУРИБ ВАТАНИМГА ХИЗМАТ ҚИЛДИМ!»

– Ҳужжатларингизни кўрсатинг, ўртоқ гражданин...

– Ие, сиз ўша машҳур Бакир Назаровмисиз?!

– Овозингизга тан берганмиз. Марҳамат, ҳужжатларингиз, оқ йўл сизга!

Ҳойнаҳой, ушбу сўзлардан кейин кўз олдингизда «Мафтунингман» фильмидаги хушовоз, дўлвор, водийнинг хушсуврат йигити гавдаланган бўлса, ажаб эмас. Адашмадингиз, фильм қаҳрамонларидан бири Замира айтмиш «айиқполвон, қишлоқи» ўзбекнинг танти, очиқкўнгил Бакир Назаровини моҳирлик билан томошабин қалбига сингдира олган актёр Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов газетамизнинг азиз меҳмони.

– Тақдирим, ҳаётим театрга боғланган, – дейди Турғун ака гап бошида. – Юрагимга санъат отлиғ меҳригиё кириб келмаган, ўйин­қароқлик қилиб, томдан-томга сакраб юрган чоғларимда ногоҳ уйдаги машваратни эшитиб қолдим-у, «Мен ҳам театрга бораман!» деб туриб олдим. Ана шу биринчи ташриф, биринчи спектакль каминани санъатга ошуфтаю ошиқ қилди-қўйди. Ўша куни уйга қариндошлар тўпланишиб, «Эртага театрда спектакль, Аброр ўйнар экан, борайлик», деб маслаҳат қилишди. Қўшни хонада эдим, югуриб чиқиб, ойимга хархаша қила бошладим: «Мен ҳам бораман, ўша театрга, бораман!» Онам одатича, майин кулимсираб, «Борасан, оппоғим, борасан», деди. Бу ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида қўйилган машҳур «Отелло» спектакли бўлиб, унда бош ролни ижро этаётган Аброр Ҳидоятов тоғам эди. Наслида бўлса тортади, дегани рост. Чунки мендек шўхшанг бола биринчи марта театрга бориб, бу даргоҳни яхши кўриб қолиши болаларча қизиқишдангина эмас, балки Аброр Ҳидоятовдек буюк инсоннинг қони вужудимда оқаётганлигидандир.

Ўша куни ҳаммамиз санъат кошонасига бордик. Пушкин боғидаги ёзги клубда одам гавжум. Томоша учун шунча халқ тўпланиши хаёлимга ҳам келмаганди. Одамлар катта қизиқиш ва ҳаяжон билан саҳнага термилишар, спектаклнинг бошланишини сабрсизлик билан кутишарди. Бир маҳал томоша бошланди. Мен ҳам қулайроқ жойлашиб, бўйнимни чўзиб, саҳнадаги кишиларнинг хатти-ҳаракатини кузата бошладим. Бола шуурим воқеаларни тўла англамаса-да, лекин унинг фожиа эканлигини тушуниб турардим. Қарасам, жингалак сочли, қоп-қора одам (тоғамни дастлаб танимаганман) чиройли бир аёлга бақириб, ўшқириб кейин уни бўға бошлади. «Дод!» деб юборишимга сал қолди, очиғи. Бир менми десам, бошқалар ҳам жуда ҳаяжон билан кузатишяпти, одамларнинг нигоҳларида қўрқинч, ваҳшат... Уйга қайтиб ҳам спектаклни ўйлаб юрдим, аёл (Дездемона)нинг гуноҳи йўқлигини сезиб турардим-у, аммо нега у қурбон бўлганлигини тушуна олмасдим. Кейинчалик билсам, актёрлар шу қадар ролга берилиб, бўғриқиб ўйнашар эканки, томошабин уни худди ҳозир, ҳаётда содир бўлаётгандек ҳис қилган экан. Аброр Ҳидоятов шу ролини бир мавсумда 25 – 30 маротаба ўйнаганидан соғлиғи ёмонлашиб, кейин шу дард уларни олиб кетганлигини ақлимни танигач, англаб етганман.

Ана шундай қилиб, юрагимга санъатга бўлган муҳаббат кириб келган. Оилада ўн бир фарзанднинг учинчиси эдим. Фарзандлари вафот этавериб, азиятда қолган онам исмимни атай Турғун қўйган экан. Уйимиз Тошкентнинг марказида бўлиб, театрга яқин жойда эканлиги айни муддао эди.

Дадам Турсунхўжа Азизов бошқа соҳада ишласа ҳам, санъатни яхши кўрар, тез-тез спектаклларга бориб турарди. Бир куни мени ҳам олиб борди. У ерда туркманча «Аллам оиласи» спектакли бўлаётган экан. Кейинчалик ўзим ошна-оғайниларим, ўртоқларим билан ёзги клубларга борадиган, пулим бўлмаса девордан ошиб тушиб кўрадиган бўлдим. Бу бебошлик учун гоҳида қоровулдан калтак еган кунларимиз ҳам бўлди. Лекин барибир театрдан қолмас, бораверардим.

Актёрликни танлаганимдан, театр институтига ўқишга кирганимдан бахтиёр эдим. Ижодий имтиҳонларни аъло даражада топширганлигим учун имтиҳон ҳайъати аъзолари бирдан иккинчи курсга олишмоқчи бўлишди. Бироқ актёр бўлишимдан хурсанд бўлиб юрган тоғам Аброр Ҳидоятов бундан хабардор бўлгач, биринчи курсдан сабоқ олишим зарурлигини ўқитувчиларга обдан тушунтирибди. Бунинг учун улардан бир муддат хафа ҳам бўлиб юрдим. Аразлаб юрганлигимни билиб, бир куни ёнига чорлади. Қовоқ уюб бориб, рўпарасига чўкдим. Тоғамнинг салобати, қалин қошлар остидаги ўткир, тийрак нигоҳига дош бериш қийин эди, айниқса, аразлаб борганингда. Кимсан, халқнинг суюкли фарзанди, «Ўрта Осиёнинг Отеллоси», деган шарафли номни олган буюк Аброр Ҳидоятовдан аразлаш, гина қилиш ҳали саҳнанинг хокини ўпмаган, тер тўкмаган мендек йигит учун мумкин эмаслигини тушундим. Бир оз жим турди-да:

– Менга қара, сен мендан бекорга хафа бўляпсан. Актёр бўлиш ҳали сен ўйлаганчалик осон эмас. Битта роль устида ойлаб, йиллаб меҳнат қилишинг, ухламай тайёргарлик кўришинг, керак бўлса, тушларинг ҳам шу роль ҳақида бўлиши шарт. Агар сен ҳозир иккинчи босқичдан бошласанг, қум устига иморат қурган бўласан. Бу бино қанчалик кўркам бўлмасин, битта сел унинг тақдирига нуқта қўяди. Санъат йўлида эса бундай сел ва бўронлар талай, ўғлим. Барча сабоқларни аввалидан бошла. Меҳнатдан қочма, кибру ҳавога берилма.

Чиндан ҳам, кейинчалик кўп марта тоғамнинг бу ишидан миннатдор бўлдим. Боиси, санъатда иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Мен буни устозларим Шукур Бурҳонов, Тошхўжа Хўжаев, Олим Хўжаев, Наби Раҳимов каби санъат дарғалари билан елкама-елка ишлаганимда, уларнинг меҳнатсеварлигини, ўз устида ишлашини, ўрганишини кўрганимда чуқур англадим.

«Ёшлигим қайтса, албатта, армияга борардим»

Армияда хизмат қилиш мен учун армон бўлиб қолган. Сабаби, ўша пайтлари ҳарбий хизматга боришга одамларнинг бугунгидек юраги шошмас, турли нохуш ҳолатлар туфайли кишилар армиядан ҳадиксирарди. Ота-онам шунинг учун ҳам мени хизматга юборишмаган. Лекин бугун ёшлик йилларим қайтса, албатта, борардим. Чунки ўз Ватанингда хизмат қилиш, ота-онангни, опа-синглингни ҳимоя қилиш бу – чинакам бахт.

Яқинда Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирига хизмат сафари билан бордик. Ижодий учрашув жуда мароқли ўтди. Қалбида юртга бўлган меҳр кўзларида балқиб турган, билакларида куч-қудрат акс этган ҳарбий хизматчиларни кўриб, мен ҳам ҳарбий либос кийиб, уларнинг сафида бўлгим келди. Ўша пайтлар жуда кўп тенгдошларимиз Россия, Германия, Украина каби давлатларда хизмат қилиб, мусофирликнинг қийинчиликларини татиб келишган. Аммо бугунги йигитларга ҳавас қилса бўлади. Бу ҳам саодат, асли.

Қалбимда бир таскин бор. У ҳам бўлса мен саҳнада туриб, Ватанимга хизмат қилдим. Ҳар гал спектакль намойишидан кейин томошабинларнинг олқишига кўмилиб саҳнага чиққанимда, бекорга яшамаганлигимни, бу меҳнат, заҳмат бежиз эмаслигини англайман. Не-не буюк санъаткорлар билан елкама-елка ишлаганимда, уларнинг меҳнатсеварлигини чуқур англадим.

«Мирзо Улуғбек», «Мадаминбек» сингари тарихий сиймоларни яратиш бахти, «Макр ва муҳаббат», «Биринчи муҳаббатим», «Қирол Лир» каби бир қанча жаҳон классикасини ўзбек томошабинларига ҳавола этиш завқи насиб этганига Яратганга шукр қиламан.

Суҳбатдош Наргиза АСАДОВА

Информеры