2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САВОБ ИШНИНГ САОДАТИ

Урушда бедарак кетган ўзбек жангчиларининг 180 нафарини топган Алан ҳақида

Осетиялик Гаджиевлар оиласи билан қадрдон бўлиб кетганмиз. Яқинда хонадон бошлиғи Багауддин ака 82 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан дугонам Валентина мени дала ҳовлига таклиф қилди. Валя опанинг ўғли Али ва келини Заира бошқа меҳмонлар қатори каминани ҳам илиқ кутиб олди. Даврада оилага қадрдон бўлган кўпчилик йиғилди.

– Бу бизнинг Алан, – дея баланд бўйли, буғдой юзли йигитни кўрсатди Али суҳбат чоғида. – Осетиядан. Ўзбекистонга, Тошкентга биринчи келиши. Ўзи катта тадбиркор. Савоб ишни кўп қилади. Бир бурда нони қолса ҳам савобга сарфлайдиганлардан. Асли қўли гул йигит.

Бу гаплардан сўнг даврадагилар ўша йигитга бир-бир қараб қўйдик. Чеҳрасидан нур ёғилиб турган Аланнинг бир қарашдаёқ чин мусулмон, кўнгли тоза ва пок эканлиги сезилади. Гап орасида Алан Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетганларнинг жасадларини кавлаб, шахсини аниқлаб, айримларини юртига – эгаларига жўнатаётгани, айримларини ўша ерда исломий расм-русум билан қайта кўмаётганини айтганда, шубҳасиз, қизиқишим ортди ва Алан билан суҳбатлашдим.

Алан Татаров Владикавказда темир бадиий безак (Кофка) бирлашмасининг бош директори, шу билан бирга, бедаракларнинг қидирув гуруҳи бошлиғи экан. Алан бу иш билан 2002 йилдан буён шуғулланаркан.

Суҳбат давомида билганларим шуки, Алан 22 ёш пайтида Осетиядаги тоғда муз қатламлари иккита қишлоқни бутунлай босиб қолган ва у биринчилардан бўлиб қидирув-қутқарув ишларида қатнашган. Шундан сўнг кўнглида одамларга ёрдам бериш, мушкулини осон қилиш туйғуси уйғонган.

– Ҳозирги кунга қадар 2 800 нафар жангчини кавлаб олдик. Улар орасида украин, рус, қозоқ, яҳудий ва бошқа миллат вакиллари бор. Деярли кўпчилигининг шахсини аниқладик, дараклаб уйларига, қариндош-уруғларига жўнатдик. Айримларини шахсан ўзим манзилларига элтиб қўйганман, – деди Алан.

– Бундан сизга нима наф? – сўрайман ундан.

– Бизга келадиган наф бу – савоб, – дейди у.

Ҳа, инсон бу ҳаётга асли яхшилик учун келади. Яхшиликни қўлидан келганча, ҳатто ортиғи билан бажарадиганлар бор. Шукрки, бундай инсонлар орамизда кўп. Ана шулардан бири бўлган Аланнинг ишлари таҳсинга лойиқ.

– 180 нафар ўзбек ўғлонининг жасадларини кавлаб олганмиз. Барчасининг шахсини аниқладик. Уларга тобут ҳам ясаб қўйдим. Ҳозир қариндош-уруғларини дараклаяпмиз. Бу борада гуруҳимизда 22 нафар қидирувчи фаоллик кўрсатяпти. Мурод Сахийлов, Иван Стукалов, Юра Катаев, Заур Зазев кабилар ўз ишларини сидқидилдан меҳр билан бажаришмоқда.

– Айтинг-чи, жангчиларнинг шахсларини қандай аниқлайсизлар?

– Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳар бир жангчи шахсини белгиловчи қоғозни махсус темир жетонга солиб, чўнтагида сақлаган. Оддий сиёҳ эмас, ёзуви ўчмайдиган қаламларда битилган улар. Ҳужжатлар асосида ўрганишимиз бўйича Сталинграддан Бесланга, сўнг у ердан Владикавказгача минглаб жангчилар пиёда боришган...

Суҳбат давомида Алан уруш йиллари Шимолий Кавказ фронтида кунига 27 минглаб жангчи – айримлари қаттиқ совуқдан, бошқалари дайди ўқ, танк ва гранаталар портлашидан ҳалок бўлганини тарихий далиллар орқали ўрганишганини сўзлаб берди. Ўша йиллари Берия ҳам бола-чақаси билан Шимолий Осетияда яшаган ва бош қўмондон бўлган.

– Дўстим Алидан Ўзбекистон ҳақида кўп эшитгандим. Эшитган бошқа, кўрган бошқа, деганлари рост экан. Чиндан ҳам Тошкентнинг ўзидаги бунёдкорликни, шаҳар кўркини кўриб, яна меҳрим ортди. Амур Темурдек Саркардани дунёга келтирган халқ барча миллатларга ибрат бўлгулик, десам, хато бўлмас. Шундай экан, ўзбек халқига озгина бўлса-да нафим тегаётганидан бахтиёрман.

Айтганча, савоб ишлар фидойиси А. Татаров рафиқаси Зелина билан олти фарзандни асраб олган экан. Ўзларининг эса Сафия, Алиса, Олег исмли фарзандлари бор.

– Айни кунларда гуруҳимиз 180 жангчи шахсини орден ва медаллари бўйича излаяпмиз. Тахлам-тахлам қоғозларни, ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб, тўғри ва ҳаққоний далилларни топиш учун йигитларимизда сабр-матонат етарли.

– Ҳақиқий мусулмон, деб шу Аланни айтса бўлади, – суҳбатимизга Али келиб қўшилди. – Савоб йўлида бажараётган ишларининг барчасига ўз ҳисобидан маблағ сарфлаяпти ва ўтганлар руҳларини шод этяпти. Бундайларни Оллоҳ ярлақасин.

Халқимизда ғамнок бўлсанг, қабристонни айлан, деган гап бор. Шунда имон, инсоф, диёнат, эътиқод, поклик туйғулари уйғониб, умрнинг, одамларнинг, вақтнинг қадрига етадиган бўлади киши. Бу борада суҳбатдошимнинг ҳаёти ва савоб йўлида олиб бораётган ишлари, шубҳасиз, барчага ибратдир. Оламда унга ўхшаганлар кўпайсин.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА, Ўзбекистон Республикасида

 хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳибаси.

Информеры