2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МАДАМИНБЕК

Учинчи мақола

Олий бош қўмондон ва ҳукумат раҳбари

1918 йил ноябрь ойининг бошларида Андижон уездидаги Ойимқишлоқда (Қорасувдан 14 чақирим шимоли-ғарбда жойлашган; ҳозирги Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани ҳудудида) Фарғона водийси қўрбошиларининг иккинчи қурултойи бўлди. Қурултойда истиқлолчилик ҳаракати раҳбарлари қизил армия ва совет ҳокимиятига қарши курашнинг дастлабки якунларини чиқардилар. Шунингдек, ушбу анжуманда қўрбошилар дасталарининг ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди, яқинлашиб қолган қиш мавсумидаги жанг ҳаракатлари белгилаб олинди. Архив ҳужжатларида келтирилишича, «Фарғона водийси ҳудуди ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун йирик қўрбошилар ўртасида қуйидаги тарзда тақсимланди. Андижон уездида Маҳкам Ҳожи, қароргоҳи – Ангузбак; Ўш уездида Холхўжа Эшон, қароргоҳи – Новқат; Наманган уездида Омон Полвон; Қўқон уездида Катта Эргаш, қароргоҳи – Дамкўл атрофида; Скобелев уездида Мадаминбек» (Ўзбекистон Республикаси Президенти админис­трациясининг архиви, 60-фонд, 1-рўйхат, 49-иш, 4-варақ).

Совет манбаларидан олинган мазкур ҳужжатни инкор қилмаган ҳолда қўзғолончиларнинг ўзлари томонидан келтирилган маълумотларни ҳам қараб чиқайлик. Йирик қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг хотираларига таянган ҳолда туркиялик тадқиқотчи Али Бодомчининг ёзишича, бу пайтда Мадаминбек (Марғилон), Катта Эргаш (Қўқон), Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек (иккаласи Гарбува – Яккатут), Холхўжа Эшон (Ўш), Парпи (Андижон), Муҳиддинбек (Олой), Омон Полвон (Наманган), Жонибек Қози (Ўзган) каби йирик 9 лашкарбоши қўл остида 78 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилган. Қўрбошиларнинг аксарияти 25 – 40 ёшлар атрофида бўлган.

Бу пайтга келиб, водийдаги қўрбошилар ўртасида Мадаминбекнинг нуфузи сезиларли даражада ошган эди. Қурултойда қўрбошилар узоқ давом этган баҳс ва мунозаралардан сўнг Катта Эргаш ўрнига Мадаминбекни бутун Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатининг Олий бош қўмондони қилиб сайлашди. Катта Эргаш ва Шермуҳаммадбек Мадаминбекнинг ўринбосарлари этиб белгиланди.

1919 йил октябрь ойининг сўнгги кунларида Фарғона водийсидаги барча йирик қўрбошилар ва халқ вакиллари яна Ойимқишлоқда тўпландилар. Истиқлолчилик ҳаракати тарихидаги энг йирик қурултойлардан бири бўлган ушбу анжуманда, архив ҳужжатларининг далолат беришича, водийда ҳаракат қилаётган 150 дан ортиқ қўрбоши дасталари тўртта йирик лашкарбоши: Мадаминбек, Катта Эргаш, Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон қўмондонлиги остида бирлаштирилди.

Мадаминбек қўшинлари Жалолободдан ғарб томонда, Катта Эргаш Қўқондан шимоли-шарқ томонда, Шермуҳаммадбек Марғилондан шимоли-шарқ томонда, Холхўжа Эшон эса Ўшдан ғарб томонда фаолият кўрсатишлари келишиб олинди. Қурултойда Фарғона водийсидаги қўзғолончилар қўшинининг Олий бош қўмондони қилиб, якдиллик билан Мадаминбек қайта сайланди (қаранг: РГВА, ф. 110, оп. 3, д. 84, л. 19–24; ф. 149, оп. 1, д. 75, л. 48 – 50).

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қурултойларда фақат Олий бош қўмондонлар сайланмаган, балки ҳукуматлар ҳам тузилган. 1919 йил 22 октябрда Помирнинг Эргаштом (Иркештам) овулида, ҳозирги Қирғизистон Республикасининг Хитой билан чегараси нақ ўзида истиқлолчилик ҳаракати йўлбошчилари ва крестьянлар армияси раҳбарларининг ўзаро анжумани бўлди. Бу йирик анжуман (қурултой)да Фарғона водийсидаги тинч аҳоли вакиллари, шунингдек, Россиянинг Қош­ғар (Хитойга қарашли Шарқий Туркистон)даги собиқ консули И. Успенский ҳам иштирок қилди. Анжуманда водий аҳолиси турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилаётган Фарғона ҳарбий мухолифати томонидан Мадаминбек бошчилигида Фарғона Муваққат Мухторият ҳукумати тузилди. Мадаминбек ҳукумат бошлиғи бўлиш билан бирга Олий бош қўмондон қилиб сайланди. Рус крестьянлар армиясининг раҳбари К. Монстров, унинг ўринбосари генерал-майор Х. Муханов ҳарбий вазир қилиб белгиланди. Ҳукумат таркибига яна Ҳакимжон Азимхонов (молия вазири), адвокат Ненсберг (ички ишлар ва адлия вазири), Плотников, полковник Фенин, капитан Сулаймон Кучуков ва бошқалар киритилди. Мадаминбек ушбу машваратда Туркистон халқи учун демократик руҳдаги мустақил мусулмон давлатини тузиш уларнинг энг олий мақсади эканлигини алоҳида таъкидлади (РГВА, ф. 149, оп. 1, д. 107, л. 58).

Мадаминбек ҳақидаги эътирофлар

Мадаминбек сиймосида саркардалик, давлат ва сиёсат арбобига хос сифатлар ўзаро мужассам бўлган. У Фарғона водийсидаги истиқлолчиларнинг ҳақиқий маънодаги доҳийси, тан олинган йўлбошчиси эди.

Мадаминбек водийдаги совет ҳокимияти органларига муқобил равишда ўз сиёсий бошқарув усулини ўргатди. Бундай бошқарув усулини яна Фарғона водийсида Катта Эргаш ва Шермуҳаммадбек, Бухоро Республикасида Иброҳимбек, Мулла Абдулқаҳҳор, Фузайл Махдум, Анвар Пошо ва Салим Пошо, Самарқанд вилоятида Очилбек, Хоразм Республикасида эса фақат Жунаидхон каби сардорларгина жорий этган эдилар.

Мадаминбек қисқа муддат ичида ўз атрофига ақлли маслаҳатчиларни тўплади ва уларнинг кўмаги билан яхши тайёрланган ходимларни Фарғона водийсининг ҳамма жойларига ўз вакиллари сифатида юборди. Мадаминбек юборган бундай вакиллар водийнинг барча шаҳарлари ва катта қишлоқларида бўлиб, туб халқларни мустабид совет режими ва босқинчи қизил армияга қарши курашга оёқлантирдилар.

«Мадаминбек турли сиёсий оқимдаги кишиларни бирлаштира олди. Шунинг учун ҳам ҳеч қайси қўрбоши унингчалик куч-қудратга эга бўлмаган эди», деб ўша пайтдаёқ ёзган эди унинг ғоявий мухолифларидан бири, совет ҳарбий тарихчиси В. Кувшинов.

«Ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Фарғона Мухториятини тиклаш вазифасини қўйган Мадаминбек тадбиркор сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчи фазилатларига эга эди», деб тан олинади большевикларнинг 1919 йилга оид расмий ҳужжатларидан бирида (РГВА, ф. 149, оп. 1, д. 108, л. 161–162).

«Мадаминбек бизнинг раҳбарлик фаолиятимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан усталик билан фойдаланарди. Унинг ўз бошқарув аппарати, ўзининг трибунали ва «генштаби» бўлган: у қонунлар чиқарган», деб эътироф қилади Мадаминбекка қарши курашган душманларидан бири А. Граматович. Бу фикрни Мадаминбекни жанг майдонларида яхши билган қизил комиссар М. Поликовский ҳам ўз хотираларида тасдиқлайди.

«Муҳаммад Аминбек марғилонлик бўлиб, ниҳоят сиёсатдон, ботир, тадбирли қаҳрамон эди, – деб таърифлайди айни пайтда Истанбулда яшаётган юртдошимиз Шаҳобиддин Яссавий. – Озод Туркистон қурувчи, номдор бўлган бахтсиз, бу буюк тоймас қўмондонни танитмоқ учун ҳар қанча сўзласак, арзишга эгадир. Ҳақиқатан, дин, Ватан ва миллат фидоси бўлган». Мадаминбек доимо «Туркистон – Туркистон халқининг юрти. Душманни юртимиздан ҳайдаймиз!» дерди.

Большевиклар билан сулҳ ва фожиали ҳалокат

1920 йил бошларида Фарғона водийсида ҳарбий вазият қизил армия фойдасига кескин ўзгарди. Мадаминбек вақтдан ютиш учун совет қўмондонлигига яраш музокаралари бошлашни таклиф қилди. 1920 йил 6 мартда Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрида Мадаминбек билан 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Николай Верёвкин ўртасида яраш битими имзоланган. Совет ҳокимияти томонига Мадаминбек билан бирга унинг ўнлаб қўрбошилари ва 3 500 йигити ҳам ўтган (РГВА, ф. 110, оп. 1, д. 79, л. 10).

1920 йил 9 мартда Мадаминбек ўзининг энг яқин ёрдамчилари билан Тошкентга келиб, Туркистон фронти штабида бўлди ва қўмондон М.В. Фрунзе билан учрашди (Тошкентда бўлиб ўтган бу учрашувлар акс эттирилган ноёб суратлар илк марта 2008 йили «Жаннатмакон» журналида эълон қилинди).

Бироқ большевиклар билан тузилган яраш битимидаги бандлар қизил армия раҳбарлари томонидан бажарилмади. Бунинг устига курашни давом эттираётган истиқлолчилар ўртасида Мадаминбекнинг нуфузи тушиб кетди. Туркистондаги қуролли ҳаракатнинг кечагина тан олинган доҳийси бўлиб турган Мадаминбек жуда қийин аҳволга тушиб қолди. Бир томондан, большевиклар унинг самимийлигига шубҳа билан қарашган. Иккинчи томондан, айрим қўрбошилар вазиятга тўғри баҳо бера олмай Мадаминбекни хоинликда айблашди. Турккомиссия кўрсатмалари асосида ҳаракат қилаётган Туркистон фронти қўмондонлиги ва Фарғонадаги большевистик раҳбарлар Мадаминбек ва таслим бўлган бошқа қўрбошилар ҳамда уларнинг йигитларидан истиқлолчилик ҳаракати сафларини парчалаш, қизил армияга қарши ҳаёт-мамот жангларини изчил давом эттираётган истиқлолчилар ўртасига низо солиш, ҳатто уларга қарши курашда фойдаланиш учун уринди. Мадаминбекнинг Марғилон яқинидаги Тошлоқ шаҳарчасида жойлашган қароргоҳи большевикларнинг махсус хизмат вакиллари – чекистлар ва турли айғоқчиларга тўлиб кетган эди. Улар Мадаминбек босган ҳар бир қадамдан Скобелев ва Тошкентдаги қизил армия ҳарбий қўмондонларини мунтазам хабардор қилиб туришган.

Совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар орасига юборилган Мадаминбек Холхўжа Эшон буйруғи билан қирғизларнинг Қоровул қишлоғи атрофида 1920 йил 14 майда хиёнаткорона ўлдирилган (Ўзбекистон МДА, 17-фонд, 1-рўйхат, 336-иш, 230-варақ). Мадаминбекнинг қабри ҳозирги Қирғизистон Республикаси ҳудуди – Олой воҳасидаги Шиғай қишлоғидадир.

Шундай қилиб, Мадаминбек сирли ва ноаниқ вазиятда ўлдирилган. Унинг ўлимидан ҳам совет қўмондонлиги мафкуравий мақсадларда, яъни истиқлолчилик ҳаракати сафларини парчалашга, қўрбошиларни бир-бирига қарши қўйиш ва гиж-гижлашда фойдаланган. Коммунистик мафкура тинч аҳоли вакиллари дунёқарашига ҳам ўз ғояларини сингдириб, жамоатчилик фикрини «қонхўр қўрбошилар»га нафрат руҳида шакллантирган. Аслини олганда, Мадаминбек ўлимидан, энг аввало, қизил армия қўмондонлиги ва совет ҳокимияти раҳбарлари манфаатдор эди. Чунки Мадаминбек тириклиги пайтида у билан совет ҳокимияти томонига ўтган қўрбошилар ва йигитларни жазолаш имконияти бўлмаган. Мадаминбек ўлдирилгач эса большевиклар уларни шафқатсиз равишда жазолаган.

Совет қўмондонлиги «Мадаминбекнинг ўлими билан Туркистон Мухторияти ва миллий мафкура учун кураш ҳам ўлади», деган хомхаёлга боришган эди. Мадаминбекни ўлдирган кимса Холхўжа Эшон қўл остидаги Соқи жаллод бўлса-да, аслида унинг ҳақиқий қотили большевикча режим раҳбарлари эди. Чунки Мадаминбек йўқ қилингач, эртасигаёқ истиқлолчилардан аёвсиз ўч олишга киришилди.

Шундай қилиб, Мадаминбек ўзининг қисқа ва ёрқин ҳаёти давомида Туркистон мустақиллиги учун кураш саҳифаларидан ўзига хос ўрин эгаллаган катта жасорат кўрсатди. Мадаминбекнинг ўлимидан кейин яна кўп йиллар давом этган миллий озодлик ҳаракати, пировардида, бу ҳаракатнинг мағлубиятга учраши Ўзбекистон тарихининг шонли ва зафарли, айни пайтда, фожиали саҳифаларини ташкил қилади. Мадаминбек юрт озодлиги ва истиқлоли учун курашда қурбон бўлди. У ўз ўлими билан бугунги мустақиллик кунларини яқинлаштирди.

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

Информеры