2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОЛИЖАНОБЛИК ЎЗГАЛАРДА ҲАМ БОР

Шу пайтгача Ғарб дунёсининг ахлоқ-одоб, маънавият ва инсонпарварлик билан боғлиқ сиёсатини кўп танқид қилганман. Ўйлаб кўрсам, баъзи жиҳатларда ноҳақ эканман. Масалан, немислар қинғир йўл билан топилган ҳаром луқмадан ҳазар қилишади. Улар Инжилни қай даражада ўқишганини билмайман, аммо порахўрлик ва бировнинг ҳақига хиёнат қилишни виждонсизлик ҳисоблаб, нафратланишади. Биздаги айрим мусулмонлар эса Қуръон ва ҳадисни ўқишмаса-да, бугун мансабга ўтирганлари ҳолда эртагаёқ ҳаром луқмага чанг сола бошлашади. Бундайларнинг кўпини кўрдим ва айримлари билан бирга ишладим ҳам. Ажабо, наҳотки улар Оллоҳдан қўрқишмаса?!

Германиянинг Мюнхен, Нюрн­берг, Майнц, Франкфурт-на-Майне, Штутгард шаҳарларида ўн кун бўлиб, оддий одамлар ва турли даражадаги раҳбар ходимлар билан мулоқотда бўлганман ва уларнинг ўзаро муносабатларини кузатганман. Германияда одамлар, яъни оддий ходимлар билан раҳбарлар ўртасидаги муомала-муносабат ҳавасингизни келтиради. Оддийлик, тўғрисўзлик ва ўзаро тенглик – улар учун қонуният. Бизда айрим ҳолларда ходим ҳамда раҳбар ўртасидаги фарқ бир томондан хушомад ва ялтоқланиш билан, иккинчи томондан эса такаббурлик ва дағдаға билан ажралиб туради.

Кейинги уч йилда Германия бир миллиондан ортиқ қочоқни қабул қилиб олиб, уларни нафақа, иш, бошпана билан таъминлади. Улар асосан мусулмонлар. «Мен мамлакатдаги мусулмонларнинг ҳам канцлериман», деди Ангела Меркель. Ҳозир Германияда 700 та йирик масжид мавжуд. Шунингдек, бу мамлакат Туркия, Иордания, Сурия, Ливан ва бошқа давлатлардаги мусулмон қочоқларга ҳам моддий ёрдам кўрсатяпти.

Ўзимиздаги айрим ҳокимлар, вазирлар, бойлар ва имом-хатибларнинг ўзга юртлардаги эмас, балки ўз юртимиздаги ёрдамга муҳтожларга муносабати эса ҳар қандай кишида ҳайрат уйғотади. Баъзи раҳбар ходимлар мансабдан айрилиб қолгунга қадар ҳаром луқмани тезроқ ва кўпроқ ўмариб қолишни ўйласа, бойлар зиқналигидан хайр-эҳсон деган «офат»дан қўрқиб яшайдилар. Ваҳоланки, уларнинг китоб жавонларида Қуръон ва ҳадиснинг турли нашрлари тахланиб туради. Ҳаммасидан ҳам баъзи имом-хатибларга осон. Улар камбағал ва  ёрдамга муҳтож одамни кўрганда: «Ҳа, ноинсоф, ишласанг ўласанми?» деб танбеҳ бериб қўя қолишади. Ахир маҳалла раислари турганда ўша «ноинсофлар» оиласининг аҳволи билан танишиш уларнинг вазифаси эмас-да!..

Лондоннинг мэри асли покистонлик мусулмон. Шаҳарнинг бир туманида асосан мусулмонлар яшар экан. «Евроньюс» телеканали ана шу тумандан бир кўрсатув берди. Уни оғзим очилиб, ҳавас қилиб кўрдим. Ким ишлайди ёки ишламайди, нафақа оладими-йўқми, ишламаса ёки нафақа олмаса, ниманинг ҳисобига яшайди? Оилада неча фарзанд бор, ёрдам керакми-йўқми, балки ишга жойлаштириш керакдир, ким Буюк Британия фуқароси ёки ким бу мамлакатда вақтинча яшаб турибди? Зарурат туғилганда ким давлат судига ёки ким шариат судига боради, мусулмон бўлганликлари учун ёшлар турмуш қурганда ёки ажрашмоқчи бўлганларида ота-оналаридан розилик олишадими-йўқми, диний эътиқодга ва миллий урф-одатларга амал қилишда Буюк Британия қонунлари халақит бермаяптими?! Кўрсатувда бу саволларнинг ҳаммасига аниқ ва лўнда жавоб берилди. Мен бу мамлакатда биронта ҳам мусулмон аёл ёки эркакнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилмаслигига амин бўлдим. Ҳатто оила муҳити ва эр-хотин муносабатлари билан боғлиқ ҳолатларда ўша туманда фаолият юритадиган шариат судининг ҳукми ҳам ўтаркан. Бу ҳолат Буюк Британия демократиясидан айри ҳолда эмас экан.

Гап рўмол ҳақида борар экан, ҳамиша Европа Иттифоқи раисининг ташқи сиёсат бўйича ўринбосари Федерика Могерини кўз олдимга келади. Эронга, аксарият араб давлатларига, мусулмон мамлакатларда ислом қонуниятлари асосида ўтадиган жиддий тадбирларга унинг рўмол ўрамасдан борганини ҳали кўрганим йўқ. Ҳасан Руҳоний президентлик лавозимини бажаришга киришганлиги муносабати билан Теҳронда ўтказилган тадбирни эсланг. Россия сенатининг раиси Валентина Матвиенко ҳам мусулмон мамлакатларга нисбатан ҳамиша шундай йўл тутади. У Теҳронга оддий рўмол эмас, ҳатто ҳижоб ўраб борди. Ўтган йил кузда Туркия Президенти Эрдўғон Минскка борганида Александр Лукашенко Қуръонни қўлига олиб ўпди ва «Мен мамлакатим мусулмонларининг ҳам Президентиман, биз битта Илоҳга эътиқод қиламиз», деди. Билл Клинтон Муҳаммад Алининг жанозасида дуога қўл очиб турганини кўрганимда таъсирланганимдан бир неча кун ўзимга келолмадим.

Экранда кўриб турибсизлар, православларнинг Россиядаги ва бошқа давлатлардаги кўпдан-кўп ибодат жойларида рўмол ўрамаган аёллар ва қизлар кўзга ташланмайди. Бизда эса қайси авлиё ётган зиёратгоҳга (Имом Бухорий зиёратгоҳи бундан мустасно) борманг, кўпинча бошяланг, кўкраги ва тиззаси очиқ, телефони қулоғига уланган, домланинг тиловатию дуосини эшитмайдиган қизлар ва аёллар атрофингизни қуршаб олишади, худди томошага келгандай шанғиллаб гаплашишади.

Бир куни уйда свет ўчиб қолди. ЖЭКка қўнғироқ қилдим. Орадан ўн дақиқа ўтмай, 25 ёшлардаги бир рус йигит келди. Кўриниши бутунлай бошқача: камтар, тортинчоқ, одобли. Олдин салом берди, менинг соқолимни кўриб, «Сиз диндор экансиз, мусулмонларни жуда ҳурмат қиламан, мен эса православман, черковга қатнайман», деди. Одатда ЖЭКдан бировни чақирсанг, олдин савдолашар эди, йўқ, бу йигит дарров ишга киришиб кетди. Бўлганидан сўнг беш минг сўм берган эдим – олмади.

– Нима, озми? – сўрадим.

– Йўқ, мен бунинг учун иш ҳақи оламан, агар олсам гуноҳкор бўламан, Худо кўриб турибди, – деди у.

– Рози бўлиб беряпман-ку!..

– Барибир битта ишга икки марта ҳақ олиб бўлмайди.

– Бўлмаса мен хафа бўламан, – дедим.

Подъездда иккаламиз бир-биримизга қараб турибмиз, унинг хатти-ҳаракати худди мўъжизага ўхшарди.

Бир пайт у «шу жойдан қимирламанг», деди-да, қўлимдаги беш мингталикни олиб, пастга югуриб тушиб кетди ва бир зумда бир буханка нон кўтариб чиқди.

– Нон ҳамма нарсадан азиз, шу нонни сизнинг пулингизга олдим, рози бўлинг, деб у беш минг сўмнинг қайтимини берди.

Ҳайратдан қотиб туриб сўрадим:

– Исминг нима?

– Женя.

– Хотининг борми?

– Бор. У ҳам черковга қатнайди. Сиз билан бизнинг Худомиз битта.

Шундай деб у мен билан хайрлашиб кетди.

ЖЭКда Александр деган сантехник танишим ишларди. Бир куни ундан Женя ҳақида сўраган эдим, у кулимсираб: «Ароқ ичишни, папирос чекишни ташлайсизлар, чақирган мижозлардан пул сўрамайсизлар, булар гуноҳ ҳисобланади, иш ҳақи етади, деб у бизни қайта тарбияламоқчи бўлди, айтганини қилмаган эдик, ишдан бўшаб кетди», деди.

Яқинда шом пайти яна электрчига зарурат туғилди. Қўнғироқ қилган эдим, телефонни Ойбек деган йигит олди.

– Отахон, – деди у, – қоронғи тушганда жуда ноқулай пайтда телефон қилдингиз, биласиз, ток билан ҳазиллашиб бўлмайди, бормаймиз эмас – борамиз, хўп, қанча берасиз?!

– Олдимга кел, кейин савдолашамиз, – дедим унга ва Женянинг уй ёки қўл телефони рақамини ёзиб олмаганимга афсусландим.

Ғарб дунёсида жаҳон миқёсида ибрат оладиган бир ҳолат бор. Ғарбликлар ўз лидерлари тириклигида унинг хато ва камчиликларини ўзига очиқ айтиб, ўлганидан сўнг унинг яхши томонларини улуғлашади. Жумладан, буни Шарл-де-Голь, Франсуа Миттеран, Уинстон Черчиль, Маргарет Тетчер, Конрад Аденаур, Гельмут Коль, Франк Рузвельт, Рональд Рейган ва бошқаларга муносабатда кўриш мумкин. Аксарият мусулмон мамлакатларда эса аксинча. Миллатнинг халқаро миқёсдаги лидери мамлакатни бошқараётган пайтда хушомад ва маддоҳлик таъсирида уни йўлдан оздиришадида, сўнгра унга ташқи кучлар ёрдамида фитна уюштиришади. Жумладан, Жамол Абдул Носир, Ҳусни Муборак, Саддам Ҳусайн, Муаммар Каддафий, Абдулазиз Бутефлика, Ҳофиз Асад ва бошқаларни олайлик. Мамлакатни Ҳусни Муборак бошқарган пайтда Мисрнинг обрўси қай даражада юқори бўлганлигини яхши биламиз. Бугун денгизда чўкиб ўлаётган ва жаҳон бўйлаб дайдиб юрган ливияликлар Муаммар Каддафий даврида жаҳондаги энг тўқ, бой, даромади катта, ёнилғи-энергетика ресурслари деярли текин бўлган халқлардан бири эди. Саддам Ҳусайн нафақат ироқликларнинг, балки бутун мусулмон оламининг фахри бўлган лидер эди. Ўтган асрда Туркияда бир неча марта ҳарбий тўнтариш амалга оширилди. Икки ярим йил олдин халқаро миқёсдаги лидер Эрдўғонга нисбатан ҳам шундай уриниш бўлди.

Хўш, бу иллат нега айнан мусулмон мамлакатларда мустаҳкам илдиз отиб бормоқда?! Кимда-ким бунга фақат ташқи кучлар айбдор, деса, хато қилади. Агар лидернинг атрофидаги мунофиқлар, мансабпарастлар, шуҳратпарастлар, хушомадгўйлар ва маддоҳлар хиёнат қилмаса, ҳеч қандай ташқи куч фитнага, қотилликка, тўнтаришга, ўлганни тепкилашга қодир эмас. Бу ҳеч қандай изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Айтмоқчи бўлган фикрим шуки, миллат ва давлат лидерига муносабатни ғарбликлардан ўрганайлик. Тириклигида ёки мансабдорлигида маддоҳлик қилиб, ишдан кетганидан ёки ўлганидан сўнг уни қоралаш мунофиқликдир. Мунофиқ одам мусулмонман дейишга ҳақли эмас. Ишонмасангиз, Қуръон билан ҳадисни ўқинг.

Ҳозирги замон тили билан айтганда, демократия деганлари шу.

Иброҳим НОРМАТОВ, сиёсий шарҳловчи

Информеры