2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БАХМАЛ

Она юртим Бахмални унинг гўзал ва пурвиқор тоғларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аслида Бахмал деган ном ҳам унинг сўлим ва бетакрор табиатидан келиб чиққан.

Баҳор келиши билан кунлар узайиб, ҳаво исий бошлагач, ҳаёт учқунлари намоён бўлади. Мавсумлар ўрин алмашганда манзаралар ҳам ўзгаради. Ҳаёт фаоллашади. Ҳашаротларнинг кўплаб турлари пайдо бўлади. Мавсумий ёмғирлардан сўнг майдонлар ям-яшил тусга киради. Обиҳаёт бетакрор тароват бағишлайди. Бепоён кенгликларга бахмал гилам ёйилгандай бўлади. Теварак янада чирой очади, унинг гўзаллигини анвойи гуллар белгилаб беради.

Бу сўлим масканда ғаройиб мавжудотлар яшаш учун курашиб келади. Бир-бирига содиқ бўлган қушлар галаси кенгликларни қоплаб олган. Қуёш ботгач, қушлар сайроғи тўхтаб, қисқа муддатли сокинлик ҳукм суради.

Булутларга ёндош баланд тоғлардан оқиб тушувчи жилға ва ирмоқлар, кўллар ҳосил қилган. Балиқларнинг нафислигидан ҳайратга тушасиз. Тез-тез балиқчи қушлар ҳам пайдо бўлиб туради.

Табиат – моҳир ҳайкалтарош. Кўплаб тошлар турли нуқтадан турлича кўринади. Улар тоғ жинсларининг емирилиши ва кучли шамол туфайли пайдо бўлган. Олисдан одам гавдасини эслатади: ибодат қилаётган аёлни, йиғлаётган болани, қўй-қўзилар боқиб юрган чўпонни... Мўъжизалардан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ.

Тоғ эчкиси – ноёб ва зийрак жонивор. Сариқ жуни ҳамда ёнларига қайрилган шохлари унга кўрк бағишлайди. Тўда «соқчи»си сергак турганда қолганлари тинч, хотиржам озиқланади. Хавф-хатар туғилгудек бўлса, беозор жониворлар бир зумда кўздан ғойиб бўлишади. Уларнинг жуфтлашиш мавсумида ҳамма нарса ўзгаради. Энг кучли ва тажовузкор нар эчкиларнинг мавқе талашиб, шохлашуви авжга чиқади. Бу ҳар доим ҳам яхшилик билан тугамайди. Баҳслашув якунига етгач, бошқаси келади. Аёвсиз жангларда биргина хато мағлубиятга олиб келиши мумкин. Шохларининг катталиги ҳам ғолиблик мақомини эгаллашда асқатади. Рақибига калла қўйганида аниқлик зарур. Қизғин баҳслашувлардан сўнг мутлақ ғолиб ўз рақибларини тўдадан ҳайдаб чиқаради. Ғурури ерга урилганлар тўдадан кетишга мажбур.

Вақт ўтиб, дунёга келган ёқимтой улоқчалар учун ҳудудда серўт яйловлар мўл. Кичкинтойлар доимо оналар нигоҳи остида бўлишади. Тўда бўлиб яшашнинг афзаллик томонлари ҳам шунда.

Сирли ва сеҳрли гўшада яшайдиган қўнғир она айиқнинг феъли ғалати. У қиш уйқусидан сўнг илиқ ва қулай уясидан чиқади. Очликдан силласи қуриган бу паллада у жуда хавфли. Тумшуғини чўзиб, ўзини кўз-кўз қилиши ҳам қизиқ.

Девқомат айиқлар тез-тез асабийлашиб турадилар. Озиқ-овқат кам пайтлари емиш илинжида бир-бирининг тумшуғини ҳидлаб, қорин тўйдириш ғамини ейди. Агар шеригининг ўлжасига одоб билан яқинлашса, озуқасига шерик бўлмоқчи эканлиги, катта айиқнинг секингина ириллаши унга яқин бормаслиги, жаҳл устида ўкириши эса жанг қилишга тайёр эканлигини билдиради. Улар ов қилишга кўп вақтларини сарфлайдилар. Камдан-кам ҳолларда хавф-хатар билан тўқнаш келадилар. Гоҳ оч қолади, гоҳ тўйгунича овқат ейди. Қолган сарқитларини ёш айиқчалар хомталаш қилади.

Паррандалар салтанатида бургутнинг ханжарсимон тирноқлари унинг мавқеини белгилайди. Одамнинг бармоғидай келадиган тирноқлари кўплаб мавжудотларни ваҳимага солади. Қисқаси, бургут, калхат, тасқара каби йиртқич қушлар ўлакса гўштини суякдан бир зумда тозалаб қўяди. Қузғун эса шунчаки йиртқич қуш эмас. У ўлимтик тугай деганда ўлжага яқинлашади. Деярли оғирлиги ўзига тенг бўлган суякни ҳавода кўтариб, бир неча маротаба харсанг устига ташлашни канда қилмайди. Суяк қанча катта бўлса унга қулай.

Оқ қанотли чағалай (чайка)ни иқлими аёвсиз бўлган жойларда ҳам учратиш мумкин. Тумшуқ ва панжалари пушти рангда бўлган бу виқорли қушлар гала-гала бўлиб тўпланган жойда шовқин авжига чиқади. Тухумларини нар ва мода навбатма-навбат босишади. Умрининг охиригача жуфтлик бир-бирига содиқ қолади. Оила мустаҳкамлиги қийинчиликларни осон бартараф этиш гаровидир. Уларнинг яшаши, озиқланиши ва кўпайиши учун ўлкамизда шарт-шароитлар етарли.

Оқ лайлаклар аллақачон болалаган. Ота-она палапонларига тинмай хўрак келтиришади. Инларини ҳам доим таъмирлаб туришади. Аммо бу тиниб-тинчимас қушларнинг ин қуришда тер тўкиб меҳнат қилишлари ҳеч қачон тугамайди. Турдошлари билан қўшничиликда яшайдилар.

Хуллас, Ойқор ўзига хос гўзал ва бетакрор қишлоқ, ўз жозибаси билан барчанинг эътиборини тортади. Тоғларнинг мафтункор ландшафти яққол кўзга ташланади. Қалбларимизда ғурур ва фахр ҳиссини уйғотади. У сўлим табиати билан довруқ қозонган. Бу гўзалликни ҳис этиш учун ҳеч бўлмаганда қишлоғимиз булоқларини томоша қилишингиз кифоя. Табиатнинг бу мўъжизакор қудрати ҳеч қачон тугамайди ва эскирмайди. Жонажон қишлоғимизга айниқса, дам олиш кунлари келиб-кетувчилар сони ортиб, сайёҳлар билан тўлиб кетади.

Жамила УМУРЗОҚОВА,

Ғаллаорол туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Информеры