2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАИЛАНД ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Жануби-шарқий Осиёда, Ҳиндихитой яриморолининг марказий қисми ва Малакка яриморолининг шимолида жойлашган Таиланд қироллиги Қуролли Кучлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 1930 – 1940 йилларда мамлакат армияси асосан ҳужумкорлик тактикаси асосида шакллантирилган. Турли даврларда Таиланд – Франция, Япония, Вьетнам, Лаос ва Камбожага қарши уруш олиб борган. 1970 – 1980 йилларга келиб АҚШ ёрдамида армияни қайта қуроллантириш дастури, 1990 йилнинг ўрталаридан эса тўлиқ ислоҳ қилиш ва қайта таъминлаш дастури амалга оширилган. Қурол-яроғлар етказиб бериш, қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқарувчи корхоналарни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва мутахассислар тайёрлашда АҚШ асосий роль ўйнаган. Шу сабабли ҳам қироллик узоқ вақт мобайнида АҚШнинг мазкур минтақадаги асосий иттифоқчиси бўлиб келган.

Ҳозирги даврда ҳам мамлакат ташқи сиёсати асосини АҚШ билан узвий алоқалар ташкил этади, бироқ сўнгги йилларда Таиланд бошқа давлатлар, шу жумладан Австралия, Канада, Хитой, КХДР, Испания, Швеция, Германия, Чехия, Покистон, Сингапур ва Россиядан қурол ҳамда ҳарбий техника харид қилишни бошлаган. Мамлакатнинг ҳарбий харажатлари миқдори 1,775 млрд долларни, яъни миллий бюджетнинг 1,8 фоизини ташкил этади.

Таиланд Қуролли Кучлари Қуруқликдаги қўшинлар (190 минг киши), Ҳарбий денгиз кучлари (40 минг киши, шу жумладан, 20 минг нафар денгиз пиёдалари), Ҳарбий ҳаво кучлари (43 минг киши) ва ҳарбийлаштирилган қўшилмалардан (деярли 160 минг киши) ташкил топган. Армияни бутлаш шартнома асосида (65 %) ва чақирув бўйича амалга оширилади. Хизмат муддати Қуруқликдаги қўшинлар сафида 2 йил ва Ҳарбий денгиз кучларида 3 йилни ташкил этади. Чақирув бир йилда бир марта ўтказилади ва бор-йўғи 11 кун давом этади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Бу турдаги қўшинлар 4 та минтақавий армиядан ташкил топган бўлиб, уларни бошқарувчи штаб пойтахт Бангкок шаҳрида жойлашган. 1-армия мамлакат пойтахти, ғарбий ва марказий вилоятлар, 2-армия – шимоли-шарқий, 3-армия – шимолий ва 4-армия жанубий ҳудудларга масъул ҳисобланади. Қуруқликдаги қўшинлар 7 та пиёдалар дивизиясидан ташкил топган бўлиб, улар таркибига 5 та танк батальони, танк ва зирҳли кавалерия дивизияси, 8 та алоҳида пиёдалар батальони, разведка ротаси, дала артиллерияси дивизияси, ҳаво ҳужумидан мудофаа дивизияси ҳамда 19 та муҳандислик батальони киради. Шунингдек, Қуруқликдаги қўшинлар махсус операциялар қўмондонлигига бўйсунувчи 2 та махсус кучлар дивизияси ва тезкор ҳаракатланувчи кучлар, 3 та авиамобиль ротадан ташкил топган ҳаво кавалерияси полки ҳамда енгил вертолётлар ва самолётлар бўлинмасига эга.

Қуруқликдаги қўшинлар ихтиёрида 770 та турли танк, 950 дан ортиқ турли русумдаги зирҳли транспортёр ва пиёдалар жанговар машинаси, 560 та шатакка олинувчи ва 20 та ўзиюрар артиллерия тўпи (155, 130 ва 105 мм.ли), 520 га яқин танкка қарши восита, 320 дан зиёд ҳаво ҳужумидан мудофаа тўпи, шунингдек, зенит ракеталари, учувчисиз учиш аппаратлари бор. Армия авиацияси 90 та енгил самолёт ва 170 га яқин вертолёт билан таъминланган.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшинлар 150 дан ортиқ жанговар ва ёрдамчи самолёт, 100 дан зиёд вертолёт ва аэродромларни қўриқлашга мўлжалланган 4 та батальонга эга. Швецияда ишлаб чиқарилган JAS-39 русумли қирувчи самолётлар (11 та) қўшин тасарруфидаги энг замонавий жанговар техника ҳисобланади. Шунингдек, таркибда 50 та нисбатан янги F-16 ҳамда анча эскириб қолган F-5 (34 та) қирувчи самолётлар, турли типдаги штурмчи, разведка ва радиоэлектрон кураш, ўқув ва транспорт самолётлари бор. Кўп вазифаларни бажаришга мўлжалланган ва транспорт вертолётлари таркибида АҚШда ишлаб чиқарилган Белл-412, UH-1H, S-92 ва Европа мутахассислари томонидан яратилган НМ225 русумли вертолётлар бор. Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли авиабазаларни ҳимоя қилувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари KS-1CM (Хитой) типидаги 1 та зенит-ракета комплекси батареяси, 4 та ADATS русумли зенит-ракета комплекси ва 30 та 20 мм.ли зенит қурилмаси (АҚШ), Германия ва Хитойда ишлаб чиқарилган «Маузер», Mk 30 (8 та) ва Type 74 (52 та) русумли зенит тўплари билан таъминланган. Таиланд Ҳарбий ҳаво кучлари умумий сони 100 кишидан иборат бўлган махсус жанговар операциялар эскадрильясига эга бўлиб, унинг таркибига «коммандос» ротаси ҳам киради.

Ҳарбий денгиз кучлари

Бу турдаги қўшинлар таркибига флот, денгиз авиацияси, денгиз пиёдалари ва соҳилни қўриқлаш кучлари киради. Таиланд Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АСЕАН) мамлакатлари орасида ўз ҳарбий флоти таркибида авианосецга эга бўлган ягона давлат ҳисобланади. Бу Испанияда қурилган ва «Чакри Нарубет» деб номланган кема бўлиб (сув сиғими 11 400 тонна), у вертикал (тик) кўтарилувчи ҳамда қисқартирилган кўтарилиш ва қўниш масофасига эга бўлган самолётлар учун мўлжалланган. Шунингдек, Ҳарбий денгиз кучлари тасарруфида турли русумдаги 11 та фрегат, 2 та ракета ва 5 та артиллерия корвети, 21 та патруль кемаси, 20 дан зиёд соқчи катер, 100 га яқин турли типдаги енгил катер, 7 та тралчи кема бор. Десант кучлари 1 та десант транспорт-док кемаси, 2 та танк-десант кемаси ва 50 дан ортиқ десант катерига эга. Денгиз авиацияси эса 50 дан зиёд штурмчи, кемаларга қарши, разведка, транспорт ва ўқув самолётлари ҳамда 40 дан ортиқ турли типдаги вертолётга эга. Денгиз пиёдалари артиллерия полки, штурмчи ва разведка батальонларидан ташкил топган бўлиб, улар 5 та танк, 76 та зирҳли транспортёр, 54 та шатакка олинувчи тўп, танкка қарши ракета комплекслари ва кўчма зенит-ракета комплекслари (24 та) билан таъминланган.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры