2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ГЎДАК БИЛАН МУНАВВАР ОЛАМ

Болалар ҳақида тўлиб-тошиб ёзсам керак, деб ўйлаган эдим. Негадир қарама-қарши фикрлар хаёлимни банд этмоқда. Бугун янгиликлар, ахборот оқимлари кучли тезлик билан тарқалади. Ўйларимнинг чалкашаётгани ҳам аслида шундан. Болалар ҳақида…

ЎҒИРЛАНГАН БОЛАЛИК

Яқиндагина 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунини нишонладик. Яқин ўтмишда ҳам бу кунни ғалаба байрами деб билар эдик. Бироқ урушда барибир ғолиблар бўлмас экан! Миллионларнинг умрига зомин бўлган ўша даҳшатли муҳорабадан кейин одамларнинг кўпчилиги энди уруш бўлмаслигига қаттиқ ишонган эдилар. Аммо улар ўйлаганидек бўлмади.

Биргина мисол – Сурия араб республикаси. ЮНИСЕФнинг 2019 йил 11 мартдаги ҳисоботига кўра 2018 йилнинг ўзида 1 106 бола ҳалок бўлган! Аслида бу рақам бундан ҳам кўпроқ. Ҳаммасини ҳам рўйхатга олиш имкони бўлмаган. 1 106 бола… Бу қуролли можаро болаларга қарши қаратилганми?! Болаларга қарши уруш очилдими?!

Саккизинчи йили бу қуролли можаронинг ниҳоясига етказилаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ниҳоясига етармикан? Саккиз йил… Болалар ҳаётидан ўғирланган саккиз йил! Болалик шафқатсизларча тортиб олинган саккиз йил…

Ниҳоясига етди деганимиз бу можаро ҳали кўп фожиаларга сабаб бўлади. Манфаатлар тўқнашувида ҳамма томон «қўлидан келганича» ҳудудни миналаштирди. Миналар портлашидан 434 бола ҳалок бўлди, ярадор, майиб-мажруҳ бўлганларнинг ҳисоби ҳали қилинмади.

Уруш ўз номи билан уруш. Саккиз йил давомида 262 таълим ва тиббиёт муассасаси қуролли ҳужумга учради.  Тиббиёт муассасаларида керакли ёрдам кўрсатиш имконияти деярли қолмади.

Маълумки, ИШИД жангарилари сафида турли давлат фуқаролари ҳам бор. Улар қандай ёллангани, мақсад-муддаолари бошқа масала. Бугун кишини ўйга соладигани мағлуб жангариларнинг оилалари, уларнинг Сурияда туғилган болаларидир. Бу жуда мураккаб вазият. Ҳеч қайси давлат уларни қайтариб олишга шошилмаяпти. Чунки қайтаришга ҳаракатлар бўлганида улар «олий» мақсадларидан чекинмаган эди. Шу ўринда Нобель мукофоти соҳибаси Светлана Алексиевичнинг «Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси» ҳужжатли очеркларида катта сержант Альбина Гантимурованинг қуйидаги хотиралари ёдимга келди: «Бу Берлинда бўлган эди. Кўчадан кетаётсам, олдимдан фольксштурм автоматини кўтариб, бир бола югуриб чиқди. Урушнинг охирги кунлари эди. Қўлимда автомат. У менга қараб, кўзларини пирпиратиб, йиғлаб юборди. Ўзимга ишонмайман, мен ҳам йиғлаб юбордим. Унга раҳмим келиб кетди, болакай автомати билан турибди. Мен «бор, беркин» дегандай уни вайрон бўлган бино томон итаряпман. У эса отиб ўлдиради деб қўрқиб кетди. Бошимда қалпоқ, қиз боламанми, ўғил боламанми билиб бўлмайди. Мени қўлимдан тутиб, ҳўнграб йиғлайди. Ҳўнграб! Бошидан силадим(!) Қотиб қолди. Уруш-ку, барибир… Ўзим ҳам лол эдим! Бутун уруш давомида улардан нафратланиб келдим. Адолатданми, адолатдан эмасми, барибир, ўлдириш ёқмайди, айниқса, урушнинг сўнгги кунлари…»

Айтмоқчи бўлганим ёвузликни ёвузлик билан енгиб бўлмайди.

Муҳожирлик… Ҳамма яхши яшашни истайди, ҳамма тинч яшашни истайди. Ана шу мақсад учун жуда кўп инсонлар қуролли тўқнашувлардан безиб, ҳаётини хатарга қўйиб, юз минглаб километр йўл босадилар. Ҳамма ҳам кўзлаган манзилига эсон-омон етиб борса эди. Афсус... денгизда ҳалокатга учраган юзлаб одамлар орасида гўдаклар ҳам бор…

Муҳожирлик – оғир қисмат. Чегараларда икки давлатга ҳам тегишли бўлмаган ҳудудларда энг оғир шароитларда катталар билан ёнма-ён болалар ҳам азобдалар. Улар орасида кузатувчилари бўлмаган болалар ҳам бор.

Қуролли можаролар иқтисодий тангликни келтириб чиқаради. Бундай танглик азобини ҳам болалар кўрадилар. Вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш, қизалоқларни эрта турмушга узатиш оддий ҳолга айланиб қолди. Болалар зўравонлик қурбони бўлмоқдалар. Бундай ҳолатни исталган қочоқлар лагерларида кўриш мумкин. Ўтган йиллар Мьянма мусулмонлари фожиасида бунга дунё гувоҳ бўлди. Энг ачинарлиси, болаларга нисбатан бу каби жиноятлар жазосиз қолмоқда. Жазоланмаслик эса бу даҳшатларнинг одатий ҳолга айланишига сабабдир.

Дунё ва болалар… Дунёнинг 37 мамлакатида улар энг оғир шароитларда болалик бахтидан мосуво яшамоқдалар. Ёнгинамиздаги қўшнимиз Афғонистонда ҳам юз минглаб бола тўйиб овқатланишдан маҳрум.

Мамлакатимиз ҳаётида 1 сентябрь алоҳида ўрин тутади. Улуғ истиқлол шавқи ўқув йилининг илк куни билан уйғунлашиб кетади. Шу куни минг-минглаб болажонларимиз илк марта мактаб остонасига қадам қўяди. Бу нафақат кичкинтойлар, балки ота-оналар учун ҳам ҳаяжонли, севинчли, унутилмас кун бўлиб қолади.

Шундай шукуҳли кунларда дунёнинг бир четида боламиз тенги яна бир боланинг бундай имкониятдан маҳрумлиги хаёлимизга ҳам келмайди. Агар буни теранроқ англаганимизда болаларимизга берилган имкониятни беҳуда совурмаган бўлардик.

ЮНИСЕФнинг 2019 йил 19 апрель ҳисоботида 175 миллион бола(!) бошланғич таълим билан қамраб олинмагани эълон қилинди. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг.

«…МЕНИНГ БИР ПАРЧАМ»

Улуғларнинг болаларга бўлган муҳаббати, муносабати ҳам ибратли. Ривоят қилишларича, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) икки ёшга етмай вафот этган ўғиллари Иброҳимни беҳад суяр эканлар. Уни қўлларида кўтариб, завжаи муҳтарамалари – ҳазрати оналаримизга кўрсатиб, «қаранг, бу менинг бир парчам эмасми», деб эркалатар эканлар. Мўътабар китобларнинг мўътабарлиги шундаки, улардан болаларга шафқатли муносабат ҳам ўрин олган. Ҳадислардан бирида шундай дейилади: «Мўмин Аллоҳнинг дўстидир, фарзанди Аллоҳнинг туҳфаси, кимга Аллоҳ исломда фарзанд берса, уни кўпроқ ўпсин, чунки ҳар ўпишига шаҳиднинг савоби бордир, ҳар бир ўпишига жаннатда бир уй бордир». Яна бири эса: «Фарзандларни яхши кўриш дўзахдан пардадир. Улар билан овқатланиш дўзахдан паноҳ топиш ва уларга икром кўрсатиш жаннатга ўтишга рухсатномадир».

Буларни нега ёздим? Фарзандини ёмон кўрадиган инсон ҳам бўладими?

Бугун орамизда чақалоғини сотаётганлар ҳам учраяпти-да. Икки гўдагини ўлдирган аёл ҳам замондошимиз-да. Уларнинг ҳам ўз ҳақиқати бор. Бири муҳтожлик кўрмай яшашини истадим, дейди, болаларидан кейин ўзини ўлдирмоқчи бўлгани эса мендан кейин ҳимоясиз қолар эдилар, деди… Ҳимоясиз гўдаклар… Болалар ҳимоясига ишонч йўқми? Йўқ. Бундай бўлиши мумкин эмас. Биз болажон миллатмиз. Уларнинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган… Шундай бўлса ҳам  Марғилондаги Меҳрибонлик уйида фожиа юз берди. Фарзандини ёмон кўрадиган инсонлар бўлмас, бироқ бошқа болаларнинг тақдирига бефарқлар бор. Шундай бефарқлик бўлмаганида юқоридагидек фожиалар ҳам бўлмас эди.

БУГУН

Ҳамма нарсанинг қиммати муқоясада аниқроқ билинади. Тинчлик ҳам шукур қилишга арзирли неъмат. Болаларимиз учун имкониятлар кўп. Мактабгача таълим, ўрта таълим, касб танлаш. Мактабгача таълим билан ҳамма болалар бирдек таъминланмагани, нархи ошаётганлиги кишини ўйлантиради, албатта. Бола ҳаётида энг муҳим бўлган ана шу даврни юксак сифатга эга мактабгача таълим барчани бирдек қамраб олишига умид қиламиз.

Бугун таълим тизимида ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар кўп. Барча мактаблар компьютер технологиялари билан қамраб олинишига ҳаракат қилинмоқда. Шунинг баробарида айрим мактаблардаги ҳолат ачинарли. Айниқса, яқиндагина ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Олтинсой туманидаги умумтаълим мактаби… Кичкинтойларнинг парта йўқлигидан дераза токчаларига дафтар қўйиб ёзаётганларини кўриш... битта парта атрофида тик туриб, дафтарига алланималарни ёзаётган қизалоқлар… Бундан ташқари, лой кечиб бориладиган, иситилмайдиган мактаблар ҳам мавжудлиги сир эмас.

Яна парда ортида қолаётган болаларнинг бир қисми борки, улар ногиронлардир. Бугун уларнинг ҳаммаси ҳам соғлиқларини бирмунча бўлса-да тиклаш имконини берувчи мунтазам реабилитацияга эга эмас. Махсус мактаб-интернатлар таълими ҳаммани қамраб ололмайди. Ота-она қарамоғида қолган шундай болажонларимизга ҳам эътиборни кучайтириш вақти келди. Айнан ана шундай вазиятлар учун жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибаларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этсак арзийди.

Сўзимни шу ерда мухтасар қилиб айтмоқчиманки, келажагимизнинг қандай бўлиши болаларимизга бўлган ғамхўрлигимиз, эътиборимизга боғлиқдир. Байрам болажонларимизга муборак бўлсин!

Барно АБДУҚОДИРОВА

 

Информеры