2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИНТЕЛЛЕКТНИНГ БЕБАҲО МАВҚЕИ

Қуролли Кучлар академиясида мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритган интеллекти юксак ёшларни ва уларга устозлик қилган масъул офицерларни муносиб тақдирлаб, қимматбаҳо совғалар топширди.

Ҳали курсантлигидаёқ юксак мукофотларни қабул қилиб олаётган ёшлар Россия Федерациясининг Рязань олий ҳаво-десант қўмондонлик билим юртида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ҳарбий-касбий тайёргарлик йўналиши бўйича ўтказилган V халқаро олимпиадада қатнашиб қайтишди. Улар нафақат иштирок этишди, балки 35 та жамоа орасида муросасиз ўтган олимпиадада ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамасдан юқори ҳарбий-касбий тайёргарлик даражасини кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.

Шунингдек, тадбир давомида Қозоғистон Республикасининг Қарағанда шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида математика фанидан ўтказилган олимпиадада Қуролли Кучлар академияси курсантлари биринчи маротаба қатнашишларига қарамасдан умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни қўлга киритдилар. Курсантлар ва уларнинг юқори натижаларга эришишида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, университет докторанти Шоҳруҳ Ҳусанов, 4-босқич талабаси Сардор Базарбоев ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Абдулла ЎКТАМҚУЛОВ

 

Информеры