2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САЙЁР ҚАБУЛ: «БИР ШАҲАРНИ ОБОД ЭТДИ!»

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат моҳиятини мушоҳада этарканмиз, юртимизда бошқарув органларининг халқ манфаатлари, дарди, эҳтиёжи ва фаровон турмуш сифатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг кўзланган натижани бераётганига амин бўламиз.

Армия ва халқ – якдил! Ушбу шиор бугун пештоқларга хўжакўрсинга илиб қўйилгани ёинки қуруқдан-қуруқ қандайдир ҳисоботлар тақозоси боис андармон бўлаётгани йўқ. Аксинча, иш бермоқда; ўзини тўла оқламоқда.

Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги сайёр қабул гуруҳи Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Қашқадарё ва Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмларга худди шундай якдилликни барқарор этиш, юртдошларимизнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида ташриф буюрди.

Нуристон ва Муборак туманларида бўлиб ўтган қабуллар давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, нафақадаги ҳарбийлар ҳамда амалий кўмакка эҳтиёжманд ҳамюртларимизнинг мурожаатлари юзма-юз тингланиб, муаммолари атрофлича ҳал этилди.

Тадбир аввалида генерал-майор Азизбек Икрамов Мудофаа вазирлиги номидан Қуролли Кучлар фахрийси Дилафруз Жалилова ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Собир Пиржановга фарзанди Фаёз Бобоназаров учун имконияти чекланганлар аравачасини ҳамда Қуролли Кучлар фахрийси Отабой Йўлдошев ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Фаррух Мамажоновнинг отаси Зокиржон Дадабоевга тиббиёт қулоқчинларини топширди.

Сурхондарё вилоятида бўлгани каби Қашқадарёда ҳам сайёр қабул гуруҳи кўплаб турли мурожаатларнинг ижобий ечимини топди.

– Ипотека кредити асосида уй-жой олиш учун тегишли ҳужжатларни тўплаганимга бир йилдан ошди, – дейди подполковник Дониёрбек Асқаров. – Айнан қачон менга уй топширилишини аниқ билмаётган эдим. Сайёр қабул гуруҳи масъул офицерлари жорий йилда менга Андижон вилоятидан уй топширилишини маълум қилди.

– Қашқадарё вилоятида хизмат қилаётганимга беш йил тўлади, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Олим Джунашев. – Хизмат жойимни кўчириш юзасидан мурожаат қилдим ва вазир ўринбосари бир ой ичида бу масаланинг ижобий ҳал бўлишини билдирди. Сабаби ўн яшар ўғлим Дилшодбек Адилжанов бир йилдан бери ўткир лимфобласли лейкоз (оққон) касаллиги билан оғрийди. Шифокорларнинг айтишича, бу об-ҳаво туфайли орттирилган экан. Шунингдек, фарзандимнинг даволаниши ва буткул соғайиб кетиши учун барча зарур ёрдам кўрсатилишини айтди. Мен бундан ғоятда мамнунман. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳамда округ қўмондонлигига миннатдорлик билдираман.

Вилоятда фаолият юритаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам ўз ваколатлари бўйича билдирилган масалаларни ҳал этдилар.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ фахрийлари кенгаши раиси, нафақадаги подполковник Шариф Мадиев вилоятда истиқомат қилаётган ҳарбий пенсионерларнинг хусусий тадбиркорлик ва имтиёзли кредитлар олиш борасидаги таклифларини ўрганиб чиқиб, Қашқадарё вилояти Марказий банк ижро аппарати бошлиғи Толибжон Қурбоновга юзланиб, мазкур масалага ечим топди.

– Ҳарбий пенсионерлар ва улар фарзандларининг кредит олишлари ҳамда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёш оила» каби бир қатор 8 фоизли кредитлар олиш тартиби ҳақида маълумот бердик, – дейди Т. Қурбонов. – Ушбу кредит турларининг имтиёзлари уларга маъқул бўлди.

Сайёр қабул гуруҳи кун давомида юзлаб ҳамюртларимиз билан мулоқот қилиб, уларнинг мушкулини осон қилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун 150 кишига мўлжалланган замонавий болалар боғчаси қуриш истагини билдирган тадбиркор Исроил Алиевнинг ҳам иши битадиган бўлди.

– Мудофаа вазири ўринбосарига лойиҳамни тақдим этдим, – дейди у. – Қурилиш ишларига 2 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Мудофаа вазири ўринбосари лойиҳам билан яқиндан танишиб чиққач, Республика Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу масалани ҳал этишда ёрдам кўрсатишини билдирди.

Бухоро шаҳрида жойлашган Ёшлар марказида ҳам ташкил этилган сайёр қабулда ҳам юртдошларимиз томонидан билдирилаётган юзлаб мурожаат, муаммо ва таклифлар ўрганиб чиқилди.

Тиббий хизмат, бандлик, имтиёзли кредит олиш, хусусий тадбиркорлик, шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақирилиш, уй-жой, муҳим сабабларга кўра хизмат жойини ўзгартириш каби турли мурожаатлар ижобий ечим топди.

Хусусан, Бухоро вилояти Олот туманида истиқомат қилувчи, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Зафаржон Итолмасовнинг отаси Пиримқул Итолмасов уй-жой масаласида жўяли жавоб эшитиб, кўнгли хотиржам бўлди.

– Мудофаа вазирининг тегишли буйруғида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш белгилаб берилган, – дейди Бухоро ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми бошлиғининг ўринбосари – уй-жой гуруҳи бошлиғи адлия капитани Руслан Латипов. – Мазкур буйруқ асосида фуқаро Пиримқул Итолмасовнинг мурожаати кўриб чиқилди. У зарур ҳужжатлар тақдим этганидан сўнг юз фоизли имтиёз асосида уй-жой билан таъминланади.

– Мудофаа вазирлиги раҳбариятига миннатдорлик билдираман, – дейди бир неча йилдан бери ушбу муаммони ҳал эта олмаётган отахон. – Давлатимизнинг ғамхўрлиги, кўрсатган ёрдами туфайли уй билан таъминланадиган бўлдик. Мана шундай сайёр қабуллар юртдошларимизга мадад бўлмоқда. Шу ташаббуснинг ўзи ҳам бир шаҳарни обод этади!

Ҳар икки вилоятда ҳам кўплаб юртдошларимиз ўзларини йиллар давомида қийнаб келаётган саволларга жавоб олдилар. Энг муҳими, раҳбарий органларнинг ташаббускорлиги, ғамхўрлиги ва элу юрт манфаати учун сидқидилдан хизмат қилишаётганини кўриб, уларга нисбатан янада ҳурмат-эҳтироми ошди.

Сайёр қабул кутилган натижани берди. Келгусида бошқа ҳарбий округларда ҳам шу каби қабуллар ўтказиш режалаштирилди.

Ўтказилган сайёр қабулда Сурхондарё вилояти бўйича – 194 та, Қашқадарё вилояти бўйича – 187 та ҳамда Бухоро вилояти бўйича – 115 та (жами – 496 та) мурожаат ўрганилиб, муаммоларнинг асосий қисми ўз ечимини топди.

 

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры