2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АНИҚЛАНДИ ВА ЙЎҚ ҚИЛИНДИ

Махсус-тактик ўқув машғулотидан репортаж

 

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.

 

Унда Қуролли Кучлар тузилмалари ҳаракатларини мувофиқлаштириш, мобиль бўлинмаларнинг ўта муҳим объектларга етиб бориш вақтларини қисқартириш, турли кўринишдаги ноқонуний тажовузларнинг олдини олиш, табиий ва техноген офатлар рўй берганда уларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш машғулотлари бўлиб ўтди.

Чегара олди ҳудудларида шартли жангарилар тўдаси тўпланаётганлиги, уларнинг мақсади бир неча ўта муҳим объектларда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш эканлиги маълум бўлгач, ҳарбий қисм шахсий таркиби жанговар шай ҳолатга келтирилди, ўта муҳим объектларни қўриқлаш кучайтирилган тизимга ўтказилди.

Махсус-тактик ўқувларда ҳамкорлик қилаётган бўлинмалар тезкорлик билан олдиндан белгиланган жавобгарлик ҳудудларига марш уюштирди ва шартли душманнинг ҳаракатланиш йўналишидаги позициялари эгалланди.

Қандим газни қайта ишлаш заводи мажлислар залида бўлиб ўтган анжуманда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ушбу мажмуавий махсус-тактик ўқувлар фавқулодда ҳолат юз берганда ҳамкорликдаги қуролли тузилмалар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, мобиль бўлинмаларнинг ўта муҳим объектларга етиб бориш вақтларини қисқартириш, турли кўринишдаги тажовузларнинг олдини олиш, табиий ва техноген офатлар рўй берганда оқибатларини бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Шундан сўнг махсус-тактик ўқувларнинг асосий қисми бошланди. Биринчи ўқув жойида Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ махсус бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари томонидан шартли душманни қидириб топиш, қуршаб олиш ва яксон қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар намойиш этилди. Шартли душман икки гуруҳга бўлинган ҳолда давлат чегарасини бузиб, мамлакат ичкарисига ўтиб кетишга уринди. Жангарилар гуруҳи қуршовга олинди. Тактик амалиётга вертолёт авиацияси ёрдамида етиб келган махсус операция кучлари ҳам қўшилди. Махсус бўлинма ҳарбий хизматчиларининг уюшқоқлик билан амалга оширган ҳаракатлари натижасида жангариларнинг биринчи гуруҳи батамом яксон қилинди.

Шартли душманнинг бир гуруҳи тор-мор этилган бир пайтда иккинчи гуруҳи автомобилда портловчи қурилмалар билан ҳаракатни давом эттирди. Вазиятнинг шундай ўзгариши олдиндан тахмин қилингани боис, уларнинг бу режаси ҳам пучга чиқди. Блок постда ҳушёр ва сергак турган ҳарбийларнинг тезкор ҳаракати туфайли жангарилар буткул йўқ қилинди. Сапёрлар томонидан машинани портловчи моддалардан тозалаш ишлари ҳам муваффақиятли бажарилди.

Навбатдаги ўқув жойида ўта муҳим объектлар атрофидаги аҳоли яшаш пунктида гаровга олинганларни озод қилиш операцияси Мудофа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ўта аниқлик ва тезкор ҳаракатлар натижасида гаровдагилар озод этилди. Юз бериши мумкин бўлган табиий ва техноген кўринишдаги офатларнинг олди олинди.

Кўргазмали тактик машғулотнинг сўнгги эпизодига кўра, шартли душман томонидан мамлакатимиз учун ўта муҳим саналган кўприк эгалланиб, миналаштирилган. Бу ердаги гаровга олинганларни озод қилиш вазифаси Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаларига топширилди. Кўприкни миналардан тозалаш ишларига сапёрлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ғаввослари жалб қилинди.

Тегишли вазирлик ва идоралар куч тузилмалари билан ҳамкорликда ташкил этилган махсус-тактик ўқувлар муваффақиятли якунланди.

Машғулотларда фаол қатнашган ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Подполковник

Алишер БОБОХОНОВ

 

Информеры