2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИДЕНТИФИКАЦИОН КАРТА: ҚУЛАЙЛИК ВА АФЗАЛЛИКЛАРИ НИМАДА?

Дунёдаги 120 дан ортиқ давлат аста-секин қоғозли ҳужжатларни юритишдан воз кечиб, маълумотларни электрон шаклда сақлаш ва алмашишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ушбу давлатлар ўз олдига келгусида ID карталарни муомалага киритиш масаласини қўйган бўлиб, бу инновацион лойиҳа нафақат одатдаги шахсни тасдиқловчи гувоҳномалардан воз кечиш, балки барча зарур маълумотларни битта ташувчига жамлаш имконини беради. Масалан, ID-карталар АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи давлатлари, Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Туркия, Малайзия, Сингапур каби мамлакатларда паспорт маълумотлари ва давлат хизматлари учун универсал калит, банк иловалари, шахсий маълумотлар, ҳайдовчилик гувоҳномаси, тиббий маълумотлар, транспорт иловалари, шахсий маълумотлар, криптографик калит ва сертификатларни ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 апрелдаги «Инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимлари жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан республикамизда ID карталардан фойдаланиш тизими жорий этилиб, унинг дастлабки синови Тошкент шаҳрида ўтказилиши белгилаб қўйилган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 майдаги қарорига мувофиқ юртимизда Германиянинг «Veridos GmbH» компанияси (инвестор) томонидан ID-карталарни ишлаб чиқиш тизимини йўлга қўйиш тартиби жорий этилди.

Қуйида ID карталар, улардан фойдаланиш қулайликлари ва хориж тажрибалари тўғрисидаги маълумотлар билан ўртоқлашамиз.

Идентификацио́н ка́рта ёки ID карта (инглизча Identity Document) – турли даража ва мўлжалланишдаги электрон тизимларда шахсни тасдиқловчи расмий ҳужжат бўлиб, одатда пластик карта форматида тайёрланади. Содда қилиб тушунтирганда, ID карта бу – шахсий маълумотларни ўз ичига олган пластик картадир. У рухсатнома ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат ўрнини босиши мумкин.

Пластик карталарнинг амалиётдаги барча хусусиятларини назарда тутувчи халқаро стандартлар мавжуд. Яъни физик хоссалари ва ўлчамларидан бошлаб, у ёки бу усулда картада жойлаштириладиган маълумотларнинг мазмунигача белгиланган. Картанинг геометрик ўлчамлари ISO-7810 талабларига жавоб бериши ва қуйидаги ўлчамларга эга бўлиши керак:

кенглиги – 85,595 ± 0,125 мм;

бўйи – 53,975 ± 0,055 мм;

қалинлиги – 0,76 ± 0,08 мм;

бурчакларидаги доиранинг радиуси – 3,18 мм.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда 85,6 мм x 53,98 мм.га тенг ўлчам ишлатилади.

Бундай карталар одам шахсини тасдиқлашни янада самарали амалга ошириш имконини беради. Картада унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар сақланади – Ф.И.Ш., фотосурат, шахсий рақам, имзо намунаси (шу жумладан, электрон рақамли имзо), биометрик имзо ва ҳоказолар.

Энг оддий ID карта корхонага кириб чиқиш тизими учун қўлланадиган электрон рухсатнома ёки калитдан иборат бўлиши мумкин. Уни ходимнинг мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда рухсат этилган ҳудудни чеклаш учун қўлласа бўлади. Бу хавфсизлик, назорат ва ходимлар иш вақтининг ҳисобини юритиш масалаларини ҳал этишда ёрдам беради. Бунинг учун жаҳон амалиётида кўпинча RFID-чип негизидаги оддий пластик карталардан фойдаланилади.

Европа Иттифоқи – фуқаро ва резидентларга миллий ID карталари берилади. Картанинг чипи ўз эгаси ҳақидаги тўлиқ маълумотларни, яъни: тўлиқ исми, жинси, миллий идентификация рақами, криптографик калитлар ва сертификатларни сақлайди. ID картанинг орқа томони уч сатрли машина ўқийдиган маълумотлар кўрсатилган, бунда унинг биринчи сатрида идентификация карта ҳақидаги маълумотлар ва назорат рақами, иккинчи сатрида ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати, фуқаролик мансублиги давлатининг назорат сонли ҳамда уч ҳарфли халқаро коди, учинчи сатрида эса карта эгасининг фамилияси ва исми кўрсатилган. Карта эгаси ID картасини Европа Иттифоқи ҳудуди бўйича сафарларда, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Европа иқтисодий макони давлатлари, шу жумладан, Исландия, Норвегия ва Швейцариянинг ташқи чегараларини кесиб ўтганда шахсий гувоҳнома сифатида ишлатиши мумкин.

АҚШ – US Passport АҚШ ичида эркин ҳаракатланиш, харидларни амалга ошириш, банк карталарини расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнида ишлатилиши мумкин. Сўзлашув тилида айнан шу карталар «ID card» сўз бирикмаси билан кўпроқ белгиланади.

Буюк Британия – Citizencard 12 ёшдан бошлаб олиш мумкин бўлган микрочип ва пин-кодга эга электрон карта. Туғилган санаси ва фотосурати мавжуд бўлганлиги сабабли шахсни аниқлашга имкон беради.

Россия – 2012 йилда бутун мамлакат ҳудудида амал қилувчи «Универсал электрон карта» яратилган бўлиб, у мажбурий пенсия суғурталашнинг суғурталаш гувоҳномаси ўрнини босади, масофадан туриб давлат хизматларини буюртма қилиш, тўловни амалга ошириш, электрон имзо билан электрон ҳужжатларга имзо қўйиш ҳамда банк операцияларини амалга оширишга имкон беради.

Латвия – ID карта ўз ичига электрон имзони олади, электрон сайлаш учун қўлланилади, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Шенген зонаси аъзо давлатлари ҳудудида йўл ҳужжати сифатида ишлатилади, талабалар у ёрдамида транспортда имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.

Эстония – ID карта шахсий гувоҳнома ҳисобланади, мамлакат фуқароларига 15 ёшдан ва вақтинчалик яшаш гувоҳномасини олган чет эл фуқароларига берилади. Жамоат транспортида юриш учун виртуал йўл чипталарини сақлаш учун ишлатилади.

Украина – 2016 йил 1 январидан фуқароларига 14 ёшдан бошлаб бериладиган ички паспорт сифатидаги пластик ID картани амалга киритган. 2021 йилга қадар барча қоғозли паспортларни ID карталарига алмаштириш режалаштирилган.

Сингапур – 2000 йилнинг бошида ўзининг фуқаролари учун битта картада ҳам шахсий гувоҳномани, ҳам давлат хизматлари учун универсал калитни бирлаштирган электрон паспортларни жорий қилди.

Малайзия – MyID/MyKID ID картаси идентификацион илова, банк иловаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, тиббий маълумотлар ва транспорт иловаларига эга.

ҲиндистонAADHAAR Ҳиндистоннинг барча фуқароларига ихтиёрий равишда 12 хонали шахсий идентификация рақами (UID) берилади. AADHAAR картаси маҳаллий ва давлат ҳокимият органларидан дотацияларни ҳамда айрим давлат хизматларини олиш учун қўлланилади. AADHAAR идентификация рақамига эга бўлиш учун фуқароларнинг бармоқ излари олиниб, кўзнинг рангдор пардаси сканер қилинади.

Исроил – Теудат-Зеут 16 ёшга тўлган барча резидентларга берилади. Ҳарбийлар ёки полиция ходимининг талабига кўра ҳужжатни тақдим қилиш мажбурий ҳисобланади.

Қозоғистон – фуқаросининг шахсий гувоҳномаси эгасининг фотосурати, фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, миллати ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган пластик смарт-картани ифода этади. Қозоғистоннинг барча фуқароларига 16 ёшдан бошлаб 10 йил муддатга берилади.

Қирғизистон – пластик ID карта ўзи билан Қирғизистон фуқаросининг 16 ёшдан бошлаб бериладиган ички паспортини ифода этади. 2017 йилнинг ўртасидан янги намунадаги биометрик ID карталар берилиши бошланган.

Шахсий маълумотлар ва ҳатто электрон рақамли имзо жойлаштирилган чипга эга ID карталар уларнинг эгалари ва давлатга нима беради, деган ўринли савол туғилади. Саволга унинг чипига киритиладиган қуйидаги иловалар билан жавоб бериш мумкин:

P идентификация;

P тўлов воситаси;

P электрон имзо.

Идентификация модули картанинг энг асосий ва муҳим қисми ҳисобланади, чунки идентификация карталарининг энг муҳим вазифаларидан бири  бу – фуқаронинг шахсини аниқлашдир. Ушбу маълумотлардан фойдаланиш давлат хизматлари ва тегишли ташкилотларга фуқарони тўлиқ идентификация қилиш имконини беради.

Келгусида картага киритиш мумкин бўлган кейинги модуль бу – тўлов иловасидир. Бунда турли даражадаги талабларга эга иккита апплетнинг хавфсиз ҳолда биргаликда ишлаш масалалари билан боғлиқ ўзига хосликлар мавжуд. Бироқ ID карталар ёрдамида тўловларни амалга ошириш имконияти давлат хизматларидан фойдаланиш, жарима ва давлат божларини, нотариал хизматлар ва бошқа кўрсатилган хизмат турлари учун тўловларни амалга ошириш масалаларини соддалаштириш имконини беради.

Кейинги илова аввалгиси билан бевосита боғлиқ бўлган электрон рақамли имзони картага интеграллаш масаласидир. Мазкур илова орқали юридик ҳужжатлар ва хизматлардан фойдаланишда улкан имкониятлар яратилиб, бунда идорага шахсан бориш талаб этилмайди, шартнома ва келишувларни амалга оширишда транзакция харажатлари кескин камаяди.

ID карта хавфсизми?

ID картада фуқаронинг барча шахсий маълумотлари учун ягона электрон калит жойлаштирилган бўлса-да, ушбу тизим қанчалик хавфсиз, деган савол туғилади, албатта. Қуйида биз ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз:

биринчидан, смарт-картадаги чип етарли даражада ҳимояланган микрокомпьютер ҳисобланиб, унинг таркибида микропроцессор, криптографик сопроцессор ва муайян ҳажмдаги хотира (flash ёки EEPROM) мавжуд. Стандарт микроконтроллердан фарқи шундаки, смарт-карта хотирасидан фойдаланиш процессор томонидан қатъий назорат қилинади;

иккинчидан, картадаги барча маълумотлар шифрланган бўлади;

учинчидан, юкланган иловаларни (апплетларни) картадан ҳеч ким, шу жумладан, картанинг эгаси ҳам ўқий олмайди;

тўртинчидан, картани ишлатиш учун битта ёки айрим ҳолларда иккита PIN-код зарур бўлиб, унинг биринчиси авторизация учун, иккинчиси эса операцияни тасдиқлаш учун киритилади.

Хулоса ўринида шуни таъкидлаш ўринлики, ID карта – қоғоз ҳужжатларидан ва бюрократик тўсиқлардан воз кечиш ҳамда кўплаб муассасаларга электрон ўзаро ҳамкорликни енгиллаштириш имконини берувчи восита ҳисобланади.

Подполковник

Қаҳрамон КАМОЛОВ, Мудофаа вазирлиги

Кадрлар бош бошқармаси бошқарма бошлиғи

Информеры