2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КИЧИК ОЛАМДАГИ ХАЛИФА

ҳикмат топиш ва англашга сарфланяптими?

Азизиддин Насафий «Комил инсон китоби»да шундай ёзади: «Ақл – Сулаймондир, қуш тилини билади, барча у билан суҳбатлашади, барчанинг тилини тушунади, Худонинг ҳикматини барчада топади. Ҳикматни топиш ва англашдан лаззат ва роҳатдадир». Алломанинг яна шундай гапи бор: «Билгилки, кичик оламда ақл – Аллоҳ таолонинг халифасидир».

Гавҳардан-да қимматли бу сўзлар ҳеч бир асрда, даврда аҳамиятини йўқотмайди. Гап бу неъмат берилган инсоннинг ўзида.

Сулаймон алайҳиссалом девларни жиловлаган. Бунга аввало ақл сабаб. Шу учун аллома ақлни Сулаймон деган бўлса, ажабмас. Тўғри, биз инсонмиз. Аммо Яратганнинг халифаси бўлган ақлни ҳикмат топиш ва англашга эмас, жиловланган девларни бўшатишга сарфламаяпмизми?

Ёввойи табиат жаҳон фондининг 2017 йилги ҳисоботида келтирилишича, дунё мамлакатларининг ҳар йилги ҳарбий харажатлари 1 триллион 700 миллиард доллардан ошиб кетган. Бу урушлар, қирғинбаротлар, қарама-қаршиликлар дегани ҳам. Оқибатда ҳар йили жаҳонда 5 миллиондан зиёд бола турли касаллик, очлик, уруш туфайли нобуд бўляпти. 60 миллион бола мактабга бормайди. Келтирилган мана шу мисолнинг ўзи зўравонлик, ваҳшийлик, қотиллик, шафқатсизлик деб номланган тоғдек-тоғдек девлар жиловини тобора бўшатаётганимиз оқибати эмасми? Инсон тобора бу девлар ва шайтонлар бандисига айланмоқда. Уларнинг хизматини қилмоқда. Куч-қудрат ақлдан устун келаётган дунёнинг манзарасига мана шундай чизги бериш мумкин.

Эринчоқлик ва истеъмолчилик

Ақлни чархлаб кўрганмисиз? Бугун негадир интеллектуал салоҳиятимиз ўтмаслашиб бораётгандек. Бунга ўзимиздаги эринчоқликми ёки истеъмолчилик кайфияти сабаб?

Чамаси 12 йил муқаддам Хоразмда янги ташкил этилган Маъмун академиясига боргандим. Суҳбат давомида олимларимиз Корея ва Япония мисолида шўрда ўсишга мослашган ўсимликлар навларини ўрганишаётганини билдим. Масалан, биздагига қараганда етти-саккиз баробар шўрда корейслар шолидан яхшигина ҳосил олишаётган экан. Инновацион ғоядан хурсанд бўлдим. Академиянинг қадимги нуфузи тикланади, дея қувондим. Ўзимча ҳисоблашга тушдим. Хоразмда, Қорақалпоғистонда қанча ерларга шўр сабабли экин экилмай қолади. Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси ҳам ечилади. Бироқ негадир ғоя қоғозда қолиб кетди. Хомхаёлга берилибман. Олимларимиз мени кечиришсин. Аммо ақлни чархлашга эринчоқлигимиз устунлик қилди, чоғи.

Ақл кўрсаткичи

Инглиз олими Ю. Айзенк инсон ақлини, интеллектини, қобилиятини тест орқали ўлчамга солишга уринган. Аниқланишича, мазкур кўрсаткич ҳар бир одамда ўртача 100 – 120 бирликда бўлиши мумкин экан. Интеллектнинг максимал кўрсаткичини олим 180 бирлик, деб кўрсатган. Мен бизда бу бирликнинг умумий даражаси қандайлигини билмайман. Билганим – бир жойда қотиб қолганимиз. Шу сабабли Президентимиз жон куйдириб, «...шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади», деди. Бизни инновацион ривожланиш йўлига чорлади. Буюк келажагимизни барпо этишни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз кераклигини таъкидлади.

Дунёга ким ҳукмдор бўлади?

Мен ақлни чархлаш деганда бу неъматни ҳикмат излаш, дунёни, Яратганни англаш йўлида сарфлашга уринишни назарда тутдим. Аслида ақлни дунёга эгалик қилиш йўлида ёмон чархламаяпмиз. Масалан, куч-қудратга эга мамлакатлар айни пайтда сунъий интеллектни яратиш йўлида кимўзарга пойгани бошлаб юборишган. Ҳатто робот роман ёзганини шов-шув қилишди. Sputnik хабар қилишича, яқинда Россия Президенти Владимир Путин Москвадаги 21-дастурлаш мактабига борганида «Келажакда ким сунъий идрок соҳасида монополияга эриша олса, у дунё ҳукмдори бўлади», деган.

Монополия – танҳо ҳукмронлик, дегани. Демак, шу маррани кесиб ўтсак, сунъий ақлни монополия қилган қайсидир давлат ёки давлатлар бутун инсоният учун ўйлайди, фикрлайди, хулоса чиқаради. Ақлни чархлашга, Худонинг халифасини безовта қилишга ҳожат қолмайди. Демак, истеъмолчига айланамиз. Кимларгадир тобе бўлиб қоламиз. Азалий бир савол кўндаланг бўлади: сунъий ақл бизни бунёдкорликка томон олиб борадими ёки вайронкорликка? Бу энди дунёга ҳукмрон бўлишга интилаётганлар виждонига ҳавола.

Ал-Хоразмий авлодлари

Вазирлар Маҳкамасининг «Бухоро вилояти Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби»ни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини ўқиб, роса қувондим. Демак, Қоракўлдаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати «Халқаро математика мактаби» мақомини олиши мумкин.

2007 йилда мактаб-интернат ҳақида мақола ёзганимда 31 ўқувчиси дунёнинг 12 мамлакатида ўтказилган халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиб, 17 бор совринли ўринларни қўлга киритганини билиб олганман. Шунингдек, битирувчиларининг 95 фоизи олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга кираётганини директори фахр билан айтганди. Ал-Хоразмий авлодларига хос иш бўляпти. Аслида сунъий интеллект, замонавий ахборот технологиялари аниқ фан – математикага боғлиқ. Нажотни илмда, инновацияда кўраётганимиз муборак бўлсин.

Илк инновацион фестиваль

Бу мақолани ёзишга Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган илк инновацион фестиваль – «Techno discovery – 2019» сабаб.

Тадбирда эътиборимни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округдан келган офицер Акбар Каримов командирлигидаги ҳарбий қисм вакилининг ғояси тортди. Ўзини шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ботир Рустамов деб таништирган ихтирочи дори-дармон сумкасини кўрсатди. Сумка ғилофида қуёшдан қувват оладиган панель бор. Қуёш панели сумка ичидаги батареяларни қувватлантириб, дори-дармонни дала шароитида мўътадил ҳароратда сақлайди. Кичик сумка деб ўйлаганимиз кичик музлаткич бўлиб чиқди. Офарин.

Шарқий ҳарбий округдан капитан Раҳматилла Ризаевнинг инновацион ғояси ҳам ўзига хос. 1,5 килограмм оғирликдаги учувчисиз учиш аппаратини ясаган. «Жуниор» деб ном ҳам берган. «1 килограммгача бўлган варақаларни ўтиш қийин бўлган жойларга олиб бора олади», дейди. Аппарат 200 метргача баландликка кўтарилади. Жанговар операция­ларда аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориш учун бу ишланма қўл келади.

Зирҳли техникаларни таъмирлаш заводи цех бошлиғи катта лейтенант Жамшид Ҳотамов БТРнинг от кучини 230 дан 250 гача оширган. Яъни 6 цилиндр ўрнига 8 цилиндр қўйган. «Афзаллиги нимада?», деган саволга «Манёвр­чанлиги, тезлиги ошди. Синовдан ҳам яхши ўтди», дейди офицер ишидан мамнун ҳолда.

Тошкент ҳарбий округи вакили катта сержант Ғуломжон Шарипов ҳам ўз ихтиросини кўрсата бошлади. Ҳарбий хизматчи БТР 80нинг олдига ва орқа томонига камера ўрнатган. «Жанговар ҳаракатларда қулайлик туғдиради», дейди бунга изоҳ бериб.

Ҳамкасбларим булардан кўра қизиқроқ инновацион ғоя ва ишланмалар ҳақида ёзишди, телевизорда кўрсатишди. Мен учун ғоянинг катта-кичиги йўқ. Қувонтиргани аввало, ҳарбий хизматчиларда ташаб­бус, ихтиро ва инновация тушунчаларига рағбат пайдо бўлмоқда. Энг муҳими, қўлидаги қуроли, техникасига эътибори ортяпти. Балким қайсидир ҳарбий хизматчи инновацион ғояси асосини қаердандир «қарз»га олгандир. Кимнингдир ихтиросини такомиллаштиргандир. Гап бунда эмас. Гап ҳарбий хизматчиларда янгича фикрлаш, ташаббускорлик, ғоя, инновация пайдо бўлишида. Демак, фестиваль сабабли ҳужайралар «уйғонди». Ақлни ҳикмат топиш учун сарфлашга интилаётган бу авлодга йўл беринг.

Алижон САФАРОВ

 

Информеры