2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«КИМКИ АХБОРОТГА ЭГА БЎЛСА, У ДУНЁГА ЭГАЛИК ҚИЛАДИ»

Бугун вайронкор ғоялар тарғиботчилари замонавий интернет технологияларидан фойдаланиш орқали инсонларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларига таъсир ўтказишга жон-жаҳди билан киришган. Уларнинг мақсади – бунёдкорлик руҳидаги бой маданиятимиз, маънавий қадрият ва анъаналаримизга мутлақо зид бўлган тушунчаларни ёшларимизнинг онгу тафаккурига сингдириш. Инсон маънавиятига қарши йўналтирилган ҳар қандай тадбир эса аянчли оқибатларга олиб келиши ҳеч кимга сир эмас.

 

Хўш, информацион-психологик хуружлар деганда нимани тушуна­сиз? Улардан инсонларни ҳимоя қилишнинг чоралари борми? Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикасига қарши қаратилган маънавий ва ахборот соҳасидаги таҳдид ва хавф-хатарлар, шахсий таркибни информацион-психологик тажовузлардан ҳимоя қилиш йўллари ва усуллари» мавзуидаги илмий-услубий анжуманда йиғилганлар шу каби саволларга жавоб олди.

Анжуман ишида Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби, Республика Ҳарбий прокуратураси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университети вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди. Маърузаларда ҳарбий хизматчиларнинг информацион-психологик хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб масалалар, глобаллашув шароитида инсон онгини бошқаришга уриниш­лар, аҳолига информацион-психологик таъсир этиш усуллари, бу борада баъзи чет эл оммавий ахборот воситаларининг тутаётган йўли, мамлакатнинг маънавий-ахлоқий асосларига путур етказишга қаратилган бундай хуружларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ахборот хуружларига қарши курашни ташкил этишнинг истиқболдаги модели хусусида сўз борди.

Лола ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры