2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СЎЛИМ БОҒЛАР БАҒРИДА

Қибрай – Тошкент вилоятининг энг хушманзара туманларидан бири. Унумдор тупроғига чўп тиқсангиз ҳам илдиз отиб, япроқ ёяди. Шунданми бу ҳудудда боғ-роғлар кўп. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий санаторияси шу туманнинг Қадирлик қишлоғида жойлашган. Осуда боғлар бағридаги бу маскан йил давомида фаолият олиб боради ва  бу ерда ҳар бир фаслнинг бетакрор гўзаллигини, тароватини ҳис қилиш мумкин.

 

Ҳарбий санаторияга киришингиз билан кўзингиз гулу райҳонларга тушади. Бу ерда физиотерапевтик даво муолажаларининг етти тури мавжуд. Деярли барча даво муолажалари асосий бинонинг ўзида олиб борилади. Фитобар мавжуд. Бойитилган балчиқ билан даволаш ҳам кенг йўлга қўйилди. Бу самарали даволаш усули «Ботаника» санаторияси билан ҳамкорлик туфайли амалга ошди. Сауна, ёпиқ сув ҳавзаси, спорт майдони, минифутбол, стол тенниси, жонли бурчак… келинг, буларни қўя турайлик.

Санатория ҳудудида жойлашган табиий кўл ҳақида гапирмасак, адолатдан бўлмайди. Ям-яшил сувга бир муддат тикилиб турсангиз, руҳингизда ажиб енгилликни туясиз. Кўл ўртасидаги оролчага кўприк орқали ўтасиз. Тепа қисми ёпилган, айни кундаги ёз ёмғирларидан чўчимасангиз ҳам бўлади. Ёғоч ўриндиқлар ўрнатилганига кўп бўлгани йўқ. Аҳён-аҳёнда жимирлаган кўл сатҳида офтоб нурларида ярақлаб кетадиган балиқлар шалоп-шулуп сакраб қолади.

Дарвоқе, агар сиз балиқ овига ишқибоз бўлсангиз, айни муддао. Қармоқ билан балиқ овлашга рухсат берилган.

Боғлар оралаб кетган, кўлга олиб борувчи йўлакларда замонавий тунги ёритқичлар ўрнатилган. Бу тунда ҳам бемалол сайр қилиш имконини беради. Агар оилангиз, фарзандларингиз билан дам олишни истасангиз, барча шароитлари бадастир алоҳида дам олиш уйлари мавжуд.

Азиз ўқувчи, биз ҳарбий санаторияда яратилган шарт-шароитлар, янгиликлар ҳақида батафсил тўхталишдан тийилдик. Бир сўз билан айтганда, мазкур санатория ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазаси йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда.

– Биз Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ва даволаниш­лари учун барча қулайликларни яратишга ҳаракат қиляпмиз, – дей­ди ҳарбий санатория бошлиғи тиббий хизмат подполковниги Хайрулла Ортиқов. – Ҳарбий санатория республикамиздаги бошқа шу каби сиҳатгоҳлар билан бемалол рақобат қила олади. Кутубхонамиз ҳам яқин кунлар ичида энг сара адабиётлар билан янада бойийди. Биринчи тиббий тез ёрдам кўрсатиш хонаси жиҳозланди. Хуллас, мақтанишга арзирли ишларимиз билан бирга, келажакда амалга оширилиши режалаштирилаётганлари ҳам талайгина. Замон билан ҳамқадам одимлашга интиляпмиз.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Информеры