2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУРСАНТ «COUNTFIN» ДАСТУРИНИ ИШЛАБ ЧИҚДИ

Ҳар бир соҳа тараққиёти замирида икки халоскор сўз ётади: ижодкорлик ва яратувчанлик. Бу икки эгиз тушунча ривожланиш, ўсиш билан бирга яшайди. Ўз инновацион ғоялари ва таклифлари билан чиқаётган юрт фарзанд­лари қиёфасида жамиятимиздаги ўзгараётган дунёқараш ва мамлакат ривожини кўргандай бўлади киши.

Бугун дунё олимлари олдида мамлакат иқтисодиёти барқарорлашувига кўмак берувчи рақамли иқтисодиётни ривож­лантиришдек долзарб масала турибди. Юртимиз олимлари ҳам бу борада изланишдан асло тўхтагани йўқ.

Давлатимиз раҳбари томонидан инновацион ғояларни янада қўллаб-қувватлаш ва рес­публикамиз ҳудудида рақамли иқтисодиётни кенг жорий этиш бўйича 2018 йил 3 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Респуб­ликасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бу борада қилиниши зарур бўлган ишлар белгилаб қўйилди.

Жалолиддин Усмонов Тошкент давлат аграр университети ҳарбий кафедрасининг «Ҳарбий қисм молия хўжалигини юритиш» йўналишида таҳсил олади. У ўзи каби бир гуруҳ иқтидорли курсантлар ва гуруҳ раҳбари билан биргаликда молия бозоридаги қимматли қоғозлар бўйича олди-сотди ишларини амалга оширишда ёрдам берувчи «CountFin» дастурини яратди.

Ушбу дастурнинг асосий вазифаси икки йирик акция ҳамда облигация қимматли қоғозлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, уларнинг бозор баҳоси, номинал ва реал қиймати, даромадлилиги, амал қилиш даври мобайнида юзага келадиган таваккалчиликларни баҳолаш ва яна бошқа кўплаб индикаторларни ҳисоблаб чиқаришдан иборат.

Муxтасар айтганда, «CountFin» дастури давлат активлари бош­қарувида кўплаб қулайликларни яратиб беради. Айтганча, ижодий жамоа томонидан яратилган ушбу дас­тур Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатга олинди ва патентлаштирилди.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

 

Информеры