2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БОБУР ҚЎШИНИДА ХУФИЯ ВА ТЎПЛАР

Бобур феъли – сажиясига кўра

Цезарга қараганда севишга арзигуликдир.

Эдуард Холден

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибн Умаршайх мирзо ҳарбий соҳадаги тажрибаларига суяниб «Ҳарб иши» асарини яратган. Афсуски, ушбу асар ҳозирги кунга қадар топилгани йўқ.

Бобур ҳар бир жанг олдидан разведка хизматидан оқилона фойдаланган ва аскарларини муқаррар ўлимдан сақлаб қолиб, ғалабага эришган.

«Бобурнома»да ёзилишича, 1503-1504 йилларда Бобур Хисравшоҳ қўшини ва жанговар тайёргарлиги ҳақида маълумот олиш учун Мулло Бобойи Пашоғарийни юбориб, у келтирган маълумотлардан усталик билан фойдаланади. Бобур хуфиялар келтирган маълумотлар орқали ўша юртнинг ўрмонларини, кўчаларини, дарё ва сойларини синчковлик билан ўрганиб, лашкари хавфсизлигини таъминлар эди.

1528 йили Заҳириддин Бобур ҳар бир маълумотдан унумли фойдаланиб, ўзининг кам сонли қўшини билан Ҳиндистонда Иброҳим Лўдийнинг юз мингдан ортиқ қўшини устидан ғалаба қозонган. Шу тариқа Бобурнинг разведка соҳасидаги маҳорати йилдан-йилга ошиб борган.

Бобур Кашмир яқинидаги жанглардан бирида тўфанг (артиллерия тўпи)дан фойдаланади. Бу қурол уни кўрмаган душман жангчиларига руҳий таъсир ўтказиб, уларни таҳликага солади. Буни сезган Бобур тўфангни янада такомиллаштириш учун бор кучини сарфлайди. Ўз қўшинида мавжуд бўлган тўпни янада мукаммал қилиб ясаш учун уста Алиқул билан ишни бошлаб юборади. Янги яратилаётган тўпни кенг майдондаги душман сафига зарба беришга мўлжаллаб ясашга астойдил киришади.

1525 йилларда Уста Алиқул ҳарбий тўп ясовчи сифатида ном таратади. Унда тўпни аробаларга ўрнатиб қўллаш ғояси туғилади. Ҳинд юртидаги Бияна қўрғонини ишғол қилишда баландликни забт этиш зарур бўлади. Шунда Бобур тўпдан узоқ масофага отиш ғоясини уста Алиқулга тушунтириб, топшириқ беради.

Қисқа кунлар ичида тўпнинг ҳисоб-китобини, порох хонасини, иссиқликка бардош бера олишини, тебранишини, мўлжалга аниқ етиб боришини ва бошқа томонларни қайта кўриб ўрганиб чиқадилар.

Бобур ҳар қандай янгиликни такомиллаштириш учун сабрли ва бардошли бўлиш кераклигини уқтиради. Уста Алиқул бундан руҳланиб, бутун қобилиятини ишга солади ва камчиликларни тезда бартараф қилиб, Бобуршоҳга хабар беради. Асосан тўпнинг қозони ва порох хонасининг техник жиҳатдан камчилиги бўлади. Иссиқбардош, юқори даражадаги чидамли металлни топиш муаммо бўлган даврларда артиллерия соҳасига асос солишнинг ўзи ҳайратланарлидир. Шундан сўнг тўпни синовдан ўтказишди. Натижада унинг тоши бир минг олти юз қадамларгача бориб тушди. Бобур қувонганидан уста Алиқулга камар, ханжар ва от совға қилади. Ушбу тўп камчиликлардан холи бўлмаса-да, ўша давр учун жуда катта ютуқ ҳисобланган.

Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида 1525 йиллардаги воқеаларни тасвирлар экан, уста Алиқулга «Устод» деб мурожаат қилади. Устод Алиқулни артиллерия бош қўмондони даражасига кўтаради. Ҳиндистонда Иброҳим Лўдий билан бўлган жангда ғалаба қилишнинг асосий сабабларидан бири ҳам бу ўз вақтида яратилган тўпнинг ишлатилиши эди.

Ҳусан АБДУВОҲИДОВ

Янгиер шаҳри

Информеры