2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БАУРЖОНГА ҚЎМОНДОН ВЕЛОСИПЕД СОВҒА ҚИЛДИ

Бауржон Нукус шаҳри, Дўстлик кўчасидаги 23-уйда истиқомат қилади.  У келажакда ҳарбий бўлишни орзу қилади. Афсуски, туғма  ногирон. Ҳарбий соҳада спортнинг ўрни, аҳамияти беқиёс эканлигини яхши билади. Агар жисмоний имконияти чекланмаганида... у, албатта, ҳарбий хизматчи бўлиб, Ватанини ҳимоя қиларди. Яқинларининг айтишича, Бауржон тенгдошларига нисбатан зукко ва тиришқоқ экан. У ҳар доим яқинлари меҳри муҳаббатини ҳис қилиб яшаяпти. Яқинлари – унинг суянчиқлари. Лекин шундай бўлса-да, ҳамма истакларини уларга айтишга бир оз истиҳола қилади. Бауржоннинг яна бир орзуси бор, у велосипеди бўлишини жуда-жуда хоҳлайди.

Бауржон Есенов Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонига ёзган мактубида ўз орзуларини, истакларини шундай баён этади. Бауржоннинг мактуби эътиборсиз қолмади. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни шахсан ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Д. Чориев уларнинг уйига ташриф буюрди. Қўмондоннинг қўлидан байрам совғаси – велосипедни қабул қилиб олган Бауржоннинг ўша дамдаги қувончини таърифлашга сўз ожиз. Бу манзарани ҳаяжон билан кузатаётган она кўз ёшларини тиёлмади. 

– Кутилмаган воқеа бўлди. Дарвозадан кириб келган ҳарбийларни кўриб, шошиб қолдим. Ўғлимнинг қувонганини кўрсангиз эди, – дейди Совле опа. – Бауржон ҳарбийларни жуда яхши кўради. Қўмондон билан суҳбатда ўғлим бу ҳақда уларга ҳам тўлқинланиб гапирди. Ўғлим велосипед ҳайдашга қизиқади. Лекин унинг бу истагини амалга оширишга моддий имкониятимиз тўғри келмасди. Яхшиларнинг кўмагида Бауржоннинг истаги амалга ошди. Бу кунни ҳеч қачон унутмаймиз. Илоҳим, ҳаёти, куну туни эзгуликка эш яхшиларнинг умри зиёда бўлсин.

Шу куни Совле опа ҳам мурувватдан бенасиб қолмади. Унга микротўлқинли печ, оиланинг яна бир аъзоси – Дианага эса бадиий китоблар, юмшоқ ўйинчоқлар ва ширинликлар тақдим этилди.

Шунингдек, округ қўмондонлигининг ташаббускор гуруҳи байрам муносабати билан Нукус шаҳар, Донолар кўчаси, 56-уйда истиқомат қилувчи, хизмат вазифасини бажариш вақтида ногиронлик орттирган собиқ ҳарбий хизматчи, I гуруҳ ногирони Қалила Жумановнинг ҳам хонадонига ташриф буюрди. Ташриф давомида Қ. Жумановнинг фарзандлари Дилшодбек, Сардор ва Моҳинурга спорт кийимлари, шахмат тўплами ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.

Г. ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры