2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КОМАНДИР БЎЛИБ ОТАСИНИ ҚУВОНТИРГАН АКТЁР

«Интервью беришни негадир хушламайман. Чунки худди ўзимни реклама қилаётгандек ноқулай аҳволга тушаман. Лекин сиз ҳарбийлар ўқийдиган газетаданман, деганингиз учун суҳбатлашишга розиман». Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Боир Холмирзаевнинг суҳбат аввалида айтган бу гапидан унинг ҳарбийларга ҳурмати баланд эканлигини англадим. Бундан қувондим, албатта. Рўпарамда нафақат театр, балки кино актёри, дубляж санъати устаси ўтирарди. Бир қараганда жиддий инсон. Лекин суҳбатдош бўлганингизда илк тасаввур ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди, деган ҳақиқат билан юзма-юз келасиз. У ранг-баранг роллар ижрочиси. Истеъдоди орқали халқ кўнглидан жой олган санъаткор. Севимли санъаткорнинг ҳаёти ва ижоди армия хотиралари, ҳарбий мавзуда суратга олинган фильмларда яратган образлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини сиз, азиз ўқувчиларга ҳавола этамиз.

Энам айтган эртаклар

– Мен туғилиб ўсган қишлоқ Фармонқўрғон деб аталади. Шундоққина Бекобод туманининг ёнгинасида. Табиати ажойиб, ери унумдор. Биз оилада ўн нафар фарзанд улғайганмиз. Бугун ҳаммамиз турли соҳа ва касб эгаларимиз. Уларнинг ичида биргина мен санъат йўлини танладим. Кўпчилик савол беради: «Кимга қизиқиб санъаткор бўлгансиз?»  «Ёки оилангизда санъаткорлар борми?» деб. Йўқ, оиламизда ҳеч ким санъаткор бўлмаган. Лекин дадам ва онам санъатга, адабиётга меҳри баланд инсонлар. Онам Сайдинисо аянинг ширали овози бор эди. Ҳатто сигирларни алла айтиб соғарди. У киши алла айтса, ҳеч кимга куч бермайдиган сигирлар ювош тортиб қоларди. Энам Ёдгор бахши (дадамнинг онаси) ровий эди. Унинг айтган эртаклари ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглайди. Узун қиш кечаларини яхши эслайман. Биз, болаларга энамнинг ёнига қатор қилиб жой солинарди. Энам эртак бошларди: «Сўйлагувчи деворлар», «Беқанот учган отлар», «Ўзи учар гиламлар», «Бола бўлиб қолган чоллар»... «...ёрилтош ёрилгин-о, мен онамни кўрайин, висолига тўяйин...» Мен ана шу эртаклар таъсирида улғайдим. Илк тасаввурларим эртаклар орқали шаклланди. Ҳамма нарсадан, воқеа-ҳодисадан фақат эзгулик қидирардим. Уйда яхши фарзанд, мактабда аълочи ўқувчи бўлишга интилардим. Адабиёт фанини севиб қолдим. Китобга меҳрим тушди. Буларнинг барчаси энам айтган ўша сирли ва сеҳрли эртаклар маҳсули эди. Шунинг учун ҳам агар халқимиз оғзаки ижодини қадимги қадриятлар сифатида эъзозласак, эртакларни бу хазинанинг ноёб дурдонаси, деб биламан. Зотан, эртак бу – эзгуликка йўлловчи маёқ, халқ донишмандлиги тимсолидир. Уларнинг фарзанд камолотида аҳамияти беқиёс эканлигини ўз ҳаётим мисолида кўрдим.

Табақаланиш, «дедовщина» ёхуд армия  хотиралари

– Мактабни тамомлаб, Островский номли театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Институтни битириб, театрда ишлаб юрганимда армияга чақирув қоғози келган. У вақтдаги армия билан ҳозиргисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Йигитларни армияга кузатиш маросимлари ҳам бошқача бўларди. Оналар йиғлаган, оталарнинг кўзларида мунг. Аскарликка кетаётган йигитга албатта нон тишлатиларди ва  бу нон хонадон тўрига осиб қўйиларди. Бунда фарзандимнинг шу уйдан ризқи узилмасин, деган рамзий маъно бор эди. Ота-оналарнинг қўрқувлари бежиз эмас эди. Чунки армиядан қанча-қанча йигитлар тобутда келганлигини улар яхши биларди.

Мениям армияга яқинларим нон тишлатиб кузатиб қолди. Хизматни бошладим. Ҳа, бегона жойда, бегона муҳитда хизмат қилиш қийин эди. Ёш аскарлар жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирарди. «Дедовщина» нималигини  ўша даврда хизмат қилганлар жуда яхши билишади. Биз ҳам шундай синовларни бошимиздан кечирганмиз. Оч қолган, ёши катта аскарларнинг тазйиқига учраган вақтларимиз бўлган. Ноҳақ жазоланиб, кечаси билан муз кўчирганларимизни эсласам, кўз олдимда бугунги армиядаги шарт-шароит жонланади. Йўқ, бугунги армия бутунлай бошқа дунё. Унинг маънавий олами мусаффо. Табақаланиш йўқ у ерда, ёш аскарларга тазйиқ йўқ. Мени шу жиҳати қувонтиради. Шунинг учун ота-оналар армияга фарзандларини бажонидил юбораяпти. Ўғлим армияда хизмат қилаяпти, деб ғурурланиб сўзлаган ота-оналарни кўрдим. «Сардор», «Муқаддас бурч» фильмларини суратга олиш жараёнида Ватанимга хизмат қилиш – мен учун шараф, деб фахрланган ўғлонлар билан юзма-юз бўлдим. Бу нимадан далолат? Бу халқнинг, аҳолининг армияга ишончи ортганидан, армия ёшлар учун чиниқиш, тобланиш мактабига айланганидан дарак беради. Йигитлар Ватаннинг нечоғлиқ азиз ва муқаддаслигини ҳис қилиб, унинг тинчлиги ва осойишталигини асрашга масъул эканликларини англаб етаяптими, демак, бу юртдаги фаровонликка ҳеч қандай таҳдид хавф сололмайди. 

«Муқаддас бурч»  туфайли топган эътирофи

Режиссёр Шавкат Маҳбубовнинг «Муқаддас бурч» фильмида олий таълим муассасаси бошлиғи – командир образини гавдалантирганман. Ўшанда илк марта ҳарбийлар билан роль ўйнадим. Ушбу ролим мен учун жуда қадрли. Нега дейсизми? Чунки шу ролим туфайли яхши гаплар, мақтовлар эшитдим. Улар ичида айниқса, отамнинг эътирофидан бошим кўкка етган. Фильм катта экранга чиққанида яқинларим телефон қилиб қутлашган. Улар дадам фильмни йиғлаб томоша қилганини айтганда вужудимдаги етмиш икки томиримдаги қон жунбушга келган, ишонасизми, кўзларим ёшланган. Кейин дадамга телефон қилдим. У киши мени узоқ дуо қилди. Полковник кийими менга ярашганини худди ёш боладай қувониб сўзлади. Дадамнинг гап-сўзларидан фахрланаётганларини сезиш қийин эмасди. Мен бутун умр яхши образлар яратиб, ота-онамни қувонтиришга, уларнинг ишончини оқлашга, дуосини олишга интилиб яшадим. Уларнинг мақтови мен учун эътирофларнинг энг аълоси! «Муқаддас бурч» фильмидаги образим менга ана шундай аъло эътирофни туҳфа қилган. 

Шу кунгача ҳарбий мавзудаги ўндан ортиқ фильмда суратга тушдим. Тўғри, ҳарбий хизматчилар образини гавдалантириш осонмас. Бунинг учун кучли матонат, сабр-бардош ва жисмоний имконият ҳам муҳим. Табиатан тартиб-интизомни хуш кўрувчи инсонман. Нафақат мен, балки оиладаги 10 нафар фарзанднинг ҳаммаси худди ҳарбийлардек тартибга қаттиқ риоя қилиб улғайганмиз. Чунки дадам фарзанд тарбиясида қаттиққўл инсон  эди. Ўғил бола бақувват бўлиши керак, бунинг учун жисм тарбиясига катта эътибор бериш лозим, деб уқтирардилар бизга. Дадамнинг мана шу ўгитига ҳозиргача амал қиламан. Балки шунинг учун ҳам ҳарбийларнинг образларини гавдалантирган ролларим муваффақиятли чиқаётгандир...

Фидойиларга  тасанно

Ҳарбий соҳа вакилларини фидойилар дейман. Ўз ҳаётини Ватан осойишталиги учун фидо қилаётган бу инсонларнинг тинчликни таъминлаш учун қилаётган хизматининг баҳоси йўқ.  Зотан, мана шу ўғлонларнинг кунни кун, тунни тун демай қилаётган шарафли хизмати сабаб юртимиз тинч, хонадонларимиз осуда. Нотинчлик нималигини яқин-йироқ давлатларда бўлаётган талотўплар мисолида кўринг: неча ўн йилдан бери уруш ўчоғи сўнмаётган Афғонистон, қон йиғлаётган Сурия, хорлик гирдобидаги Яман, маъюс тортиб қолган Фаластин... Уларга қараб фикр қилинг, ана шунда бугунги тинч ва осуда кунларга шукрона келтирасиз, ҳарбийларнинг Ватан олдидаги хизматларининг салмоғини биласиз. Ватанга хизмат қилишни муқаддас ва шарафли бурч деб билган юртнинг асл фарзандларига минг тасанно!

Г. ҲОЖИМУРОДОВА суҳбатлашди.

 

Информеры