2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСКАР ЎҚИГАН ШЕЪР

қалбимизни ларзага солди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус борасида аҳоли, ёшлар ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан бир гуруҳ маърифат тарғиботчилари, олим, шоир ҳамда санъаткорлар Сурхондарё вилоятида бўлдик.

Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Фирдавс Шарипов ҳамроҳлигида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмга ташриф буюрдик. Ҳарбий қисм командири подполковник Учқун Тожиев билан суҳбатлашганимизда, у сўнгги йилларда ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтиришга катта эътибор берилаётганини, шунингдек, 5 та муҳим ташаббус Қуролли Кучлар тизимида ҳам кенг жорий этилаётганини таъкидлаб ўтди.

Маънавият ва маърифат хонасида ҳарбий хизматчилар билан дилдан мулоқот қилганимизда командирнинг қанчалар ҳақ эканлигини англадик.

Хусусан, тарғибот гуруҳимиз аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳмонали Салимов «Ўзбекистон» ва «Биринчи муҳаббатим» қўшиқларини ижро этганда, залда ўтирган барча офицер ва аскарлар унга жўр бўлишди. Ойбекжон исмли оддий аскар рубоб чертиб, «Жоним фидо, таним фидо шу юрт учун», дея куйлаганида, нафақат ҳарбий хизматчилар, балки биз ҳам завқланиб, унга жўр бўлдик.

 Оддий аскар Фаррухжон Назаров таниқли шоирларимизнинг ижодидан намуналар ўқиб бериши билан бирга ўзи ҳам шеър ёзаркан. У «Кўкси қалқон боболарим, Сизни эсладим» номли шеърини ўқиганда, хизматдошлари гулдурос қарсаклари билан қутлашди. Шеърдаги қалбларни ларзага солувчи қуйидаги мисралар қулоғимга сингиб қолди:

Шодумон кунларни кўрдик биз фақат,

Жанггоҳлар кечмадик сиздек тўкиб қон.

Жангларда биз учун жонидан кечган,

Ёвқур боболарим, Сизга шараф-шон!

Учрашув якунида Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти бўлими бошлиғи Малика Абдуҳакимова тадбирда фаол иштирок этган иқтидорли ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқлар, шунингдек, ҳарбий қисм кутубхонаси учун Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси мазмун-моҳияти акс этган «Бешта муҳим ташаббус – эртамиз эгалари истиқболи йўлида» номли рисолаларни топширди. Мен эса «Мангу қўшиғимсан, Ватан!», «Марди майдонлар юрти», «Вафо байтин битайлик» каби янги китобларимни туҳфа этдим.

Зикрилла НЕЪМАТОВ, «Маърифат» тарғиботчилар 

жамияти аъзоси, истеъфодаги полковник

Информеры