2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШЕРМУХАММАДБЕК

Иккинчи мақола

Бундан ташқари, Хоразм ва Бухоро Республикаларида вужудга келган янги ҳукуматлар миллий кучлар қўлида эди. Бироқ бу миллий кучлар совет Россияси манфаатларига бўйсунишга, ўз мамлакатлари ҳудудида қизил армия қўшинларини сақлаб туришга мажбур бўлдилар. Хоразм ва Бухорода истиқлол учун курашни изчил давом эттираётган мухолифат ҳарбий кучлари эса ҳам совет Россияси ҳарбий қисмларига қарши, ҳам янги миллий ҳукуматга қарши кураш олиб боришларига тўғри келарди.

Оқибатда, шу даврдан эътиборан қуролли ҳаракатнинг мазмуни сал ўзгачароқ руҳ касб эта бошлади, кураш яна ҳам шафқатсиз ва муросасиз тус олди.

Туркистон фронти қўмондони М. В. Фрунзе 1920 йил 15 майда Фарғона вилоятидаги 2-Туркистон ўқчи дивизияси командири Н. А. Веревкин-Рахальский номига буйруқ юбориб, қуролли ҳаракатга қарши кураш тактикасини ўзгартириш ва уларни ёппасига қириб ташлаш вазифасини қўйди. Фрунзе «Қўрбошилар билан музокаралар олиб боришни тўхтатишни, босмачи шайкалар таркибига кирган ҳар қандай шахслар халқ душмани сифатида отиб ташланиши»ни буюрди. 1920 йил 28 майда М. Фрунзенинг буйруғи билан қўзғолончиларни қиришга мўлжалланган махсус «жанговар учар отрядлар» тузилди. Шу билан бир қаторда, яна махсус жазо отрядлари ташкил қилиниб, улар ҳам Фарғона водийсига ташланган эди.

Шундай қилиб, Турккомиссия ва Туркфронт раҳбарлари қуролли мухолифатга қарши кураш стратегияси ва тактикасини тубдан ўзгартириб, кечагина ўзлари эълон қилган сиёсий тадбирлар, кураш қатнашчиларини тинчлик йўли билан ўз томонларига оғдириш каби нозик дипломатик ўйинларни бир чеккага йиғиштириб, бу ҳаракатни «қурол кучи ҳамда зўравонлик билан» бутунлай тор-мор қилиш тўғрисида қатъий қарорга келдилар.

Туркфронт қўмондонлигининг 1920 йил май ойи ўрталарида белгилаган бу тадбирлари қуролли ҳаракат қатнашчиларининг шаштини синдира олмади. Совет режимига қарши кураш яна ҳам қатъий тус олди.

Мустақил ислом жумҳурияти ҳукуматининг раиси1920 йил 3 майда Олтиариқ туманидаги Ғойибота (Ғарибота) қишлоғида Фарғона водийси қўрбошиларининг навбатдаги қурултойи бўлди. Қурултойда Туркистон – турк мустақил ислом жумҳурияти ёхуд Туркистон муваққат ҳукумати тузилди. Ушбу қурултойда Шермуҳаммадбек ҳукумат раиси ва Фарғона водийсидаги истиқлолчиларнинг Олий бош қўмондони қилиб сайланди. Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбек (тахминан 1899 – 1983) ва Олой воҳасидаги қирғизларнинг етакчиси Муҳиддинбек (тахминан 1877 – 1922) унинг ўринбосарлари қилиб тайинланди.

Туркистон муваққат ҳукумати Фарғона водийсидаги озодлик курашида муайян даражада хизмат қила олди. Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбекнинг хотиралари ҳамда Закий Валидий асарларига таяниб Боймирза Ҳайитнинг ёзишича, ҳукумат таркибига қуйидаги 6 киши киритилган эди: «Шермуҳаммадбек – ҳукумат раиси ва Олий бош қўмондон; Муллажон Қори – хавфсизлик (ички ишлар) вазири; Акбаржон Эшон – шайхулислом; Абдусалом Қори – ҳукуматнинг бош котиби; Назиржон – молия вазири; Мулла Ҳожи Ниёз – махсус ишлар вазири».

Шермуҳаммадбек тайинлаган ўн иккилар кенгаши фаолият кўрсатиб, у ҳукумат ишини мувофиқлаштириб турган. Кенгаш аъзолари ҳукуматни бошқариш ва урушни олиб бориш масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини ишлаб чиқишган. Бундан ташқари, 14 кишидан иборат ҳарбий идора маҳкамаси тузилди. У Олий бош қўмондон Шермуҳаммадбек (раис), турк зобитлари Исмоил Ҳаққибей (раиснинг ҳарбий сиёсат бўйича ўринбосари) ва Ёқуббек (раиснинг жанг ҳаракатларини режалаштириш ва ўтказиш бўйича ўринбосари), шунингдек, Алиёрбек, Юсуф Полвон, Бозорбой, Мулла Пўлат, Асқар ва Нурмуҳаммадбек каби қўрбошилардан иборат бўлган.

Мулла Умар, Жамол, Абдулазиз ва Абдусалом қозилардан иборат қозихона – мустақил суд идораси маҳкамаси ҳам фаолият кўрсатган. Идора мажлиси, яъни маъмурий кенгаш таркиби Абдулбоқи бойвачча (раис), муфтий Мусо Қози, Мулла Ғойиб Назар, Мулла Йўлдош Охун ва Абдулқаюмдан иборат бўлган.

Шунингдек, мустақил суд идорасига қўшимча равишда 88 кишилик парламент – Шўро ҳам ташкил қилинган. Шўро аъзолари ўқимишли ва нуфузли кишилар ҳисобланган. Боймирза Ҳайит Шўро таркибини қуйидагича кўрсатиб ўтади:

Ёдгор, Нуриддин, Муҳаммад Амин Полвон, Музаффар Мингбоши, Рустам Эшон, Ашурбек, Маматисо Полвон, Қурбонбой, Ҳусомиддин Мингбоши, Тожибой Амин, Муҳаммад Шариф Полвон, Омонбой, Каримжонбой, Мулла Ҳайдар, Абдулқодир Мингбоши, Деҳқон Полвон, Ҳожи Мирбобо, Қамчи Полвон, Муҳаммад Сиддиқ, Тешабой Мингбоши, Қамбариддин Бобо, Мулла Мелибой, Саид Раҳмонхон, Мулла Авлиёхон, Миён Қудратилла, Асириддин Махсум, Абдураҳмон Махсум, Ҳожи Ниёз, Исроил Хўжа, Лайли Қори, Тўхтасинбой, Норбўтахон Тўра, Комилжон Қори, Абдуллажон Қори, Муҳаммад Амин, Юнусжон Қори, Йўлбарсхон Тўра, Саид Маҳмудхон Тўра, Абдулла Амин, Мулла Ғозий, Мулла Акбар Эшон, Маҳмуд Зиё, Назиржон Қори, Мулла Турсунбой, Муҳаммаджон, Абдураҳим Амин, Фидойи Хўжа, Аминбой, Маҳмуд Расулбой, Қануч Полвон, Мулла Раҳматилла, Хўжа Берди, Авлиёхон, Абдулла Қори, Мирқосим ота, Юсуф Қори, Низомиддин Амин, Мулла Ҳамиджон, Тошпўлат, Нурмуҳаммад Ғозий, Тўхтасинхон, Мулла Ортиқ, Тақсимбой Мингбоши, Жабборқул, Султониддин, Қўшоқ бойвачча, Азим Хўжа, Нишонбой Амин, Алимқул Шермуҳаммад, Шурдун бойвачча, Фидойи Муҳаммад, Махди Махдум Дукчи Эшон ўғли, Саид Мухтор, Мулла Абдулфаттоҳ, Тошмуҳаммад, Бойбўта, Абдулла Хўжа, Мулла Ёрҳақ, Мир Искандар, Абдулҳафиз Ҳожи, Мулла Тошмуҳаммад, Мадат Муродбоши, Мулла Қорабой, Мулла Эргаш, Мулла Муҳаммаджон, Эгамберди.

Шермуҳаммадбек томонидан большевиклар чангалидан озод қилинган жойларда элликбошилик, юзбошилик, мингбошилик лавозимлари қайтадан тикланди. Қўқон хонлигида олий лавозим ҳисобланган беклик вазифасини қўрбошилар бажаришар эди. Аҳолининг қўлидан солиқларни элликбошилар йиғиб, мингбошилар орқали қўрбошиларга етказишган. Қўрбошилар эса бу маблағларни молия вазири орқали ҳукумат хазинасига топширганлар. Ўн иккилар кенгаши солиқ тушумларидан иборат бу даромадни харажатлар бўйича тақсимлаган. Кўпинча бадавлат кишилар ҳисобланган йирик мулкдорлар: бойлар, савдогарлар ва уламоларга қўшимча солиқлар ҳам солинган. Ушбу тўловлар совет режими халқдан олаётган солиқлар ва тушумлардан бир неча марта кам бўлган. Шермуҳаммадбек ҳукумати томонидан зарурий эҳтиёжлар ҳамда қурол-яроғ сотиб олиш учун керакли бўлган миқдордаги маблағгина аҳолидан тўпланган, холос. Қўрбошилар ва йигитларнинг озиқ-овқат таъминоти эса улар жойлашган қишлоқлар аҳли зиммасида эди.

Шермуҳаммадбек қўшинидаги йигитларнинг саломатлигига марғилонлик Мирзахон ва олтиариқлик Эргаш табиб бошчилигидаги халқ табиблари жавобгар бўлганлар. Шунингдек, икки юздан ортиқ йигит отларни парвариш қилиш билан махсус шуғулланиб турган.

Шундай қилиб, Шермуҳаммадбек раҳбарлиги остида Фарғона водийсидаги бутун қўрбошилар тўпланди. Мадаминбек билан бирга ёки ундан олдинма-кетин совет ҳокимиятига таслим бўлган қўрбошиларнинг аксарияти ва уларнинг йигитлари ҳам Шермуҳаммадбек қўшинлари сафига келиб қўшилдилар.

1920 йил августининг охири ва сентябрнинг бошида Туркфронт қўмондони М. Фрунзенинг буйруғига кўра, Фарғонадаги қўшинларнинг катта қисми Бухоро амирлигини тугатиш учун юборилди. Ушбу имкониятдан фойдаланган қўзғолончилар ҳарбий ташаббусни ўз қўлларига олиб, ҳаракатни янада кучайтирдилар. Фақат 1920 йил 10 – 27 сентябрда улар Водил, Гурунчмозор, Чувол, Урганжи қишлоқларини қўлга киритиб, Ўш ва Қўрғонтепа темир йўл бекатларида турган қизил аскар гарнизонларига қақшатқич зарба бердилар. Ўш шаҳри вақтинчалик бўлса-да, яна миллий кучлар қўлига ўтди. Бухоро амирлиги қурол кучи билан тугатилган кун – 1920 йил 2 сентябрда Туркистон Республикаси ҳукуматининг Туркфронт қўмондони номига йўллаган мактубида «Босмачилик Фарғона вилояти ҳудудидан чиқиб, ҳатто Тошкент уездининг 8 та волостини ўзига қамраб олди», деб хавотир олиб ёзилган эди.

 

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

тарих фанлари доктори,  профессор

Информеры