2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АЛПЛАР ОНАДАН ТУҒИЛАДИ

Кейинги йилларда Темурбеклар мактабларига эътибор кучайди. Айниқса, мамлакатимиз Президентининг Фарғона «Темурбеклар мактаби»да бўлиши мазкур ўқув муассасалари фаолиятида муҳим бурилиш ясади. Юртимиздаги ҳар бир ёш инсон орзу қиладиган имконият, имтиёзга эга бўлган мазкур мактаб ўқувчилари кўпчиликни қизиқтириши табиий. Қуйида улардан бири  ҳақида ҳикоя қиламиз.

ЭНГ ҚАДРЛИ ВА ҚИММАТ СОВҒА

…Давлатимиз раҳбари ўқувчилар билан суҳбатни якунлаб, хайрлашиб, эшикка йўналаётган пайтда, у кишини ўқувчилардан бирининг «Муҳтарам Президент, мумкинми?» деган илтимоси тўхтатди.

– Мен Сизга ўзимнинг мустақил тадқиқот ишим – «Косонсой тарихи ва географияси» китобини совға қиламан.

– Раҳмат, бу мен учун энг қадрли ва қиммат совға, – деди давлат раҳбари самимият ва меҳр ила.

Ва бу учрашув яна бир ёш инсон умрининг энг ёрқин лаҳзалари сифатида қалбидан жой олди. Бу бахтиёр йигит мактабнинг 3-курс ўқувчиси Салимжон Жўрабоев эди.

                    БУ КУН – 14 ЯНВАРЬ ЭДИ

Оналар ҳали туғилажак фарзандлари учун бир олам орзулар қиладилар. Гулбаҳор ҳам шундай орзулар билан яшарди: ўғил кўрсам, у албатта, ҳарбий бўлади. Кўркам, келишган, ҳарбий кийимлари ўзига ярашадиган бир йигит бўлса, Гулбаҳорхоннинг ўғли-да, дея дугоналарим, қўни-қўшнилар ҳавас қилса… Оилада кетма-кет икки қиз туғилди. Саодатли дамлар ёш она орзуларига турфа ранг жилолар берарди. Ниҳоят орзиқиб кутилган кун ҳам келди. Ўғил туғилди. Яна денг, олам оппоқ оқликка бурканган хуш кунда, она орзуларига эш келажак хабарини бергандек дунёга келди. Она бу кунни ўзгача хислатли, деб севинди. Бу кун – 14 январь эди. Гўдакка Салимжон деб исм қўйдилар.

– Салимжоннинг туғилиши ҳам бошқача бўлганди, – дея эслайди овози меҳр билан товланиб Гулбаҳор Юсупова.

– Бошқача? Нимаси бошқача? Ҳар бир гўдакнинг дунёга келиши бирдек қувончли-ку, – дея кетма-кет савол бераман онага.

– Оиламиз каттагина. Ҳаммамизда ширин-шакар қизалоқлар, менда, овсинимда… Ўғил болага интиқмиз. Шундай паллада у туғилди. Қайнонам, турмуш ўртоғим, катта оиламиздаги барча-барча буни қувонч билан кутиб олди. Салимжоннинг дунёга келиши тўйдек севинчли бўлди. Ўша лаҳзалардан бошлаб, у мени қувонтириб келади. Меҳр ичида улғайгани сабаб кўп яхши хислатлари бор. Бизга, айниқса, опаларига жуда меҳрибон. Кўп нарсаларга қизиқади: китоблар, спорт, тарих... Унинг ортидан ҳар доим яхши гап эшитиб келаман, у менга ҳар доим раҳмат олиб келган. Косонсойда уни кўпчилик яхши билади, ҳурмат қилади. Унинг ҳарбий бўлишини истардим, ўзи ҳам шу йўлда астойдил ҳаракат қила бошлаганида кўнглим хотиржам тортди. Юрт хизматида бўлиш – ўғлимнинг қарори, ўғлимнинг йўли! Биз эса фақат дуодамиз.

БЎЛАР БОЛА БОШИДАН МАЪЛУМ

Салимжон Жўрабоев Наманган вилояти Косонсой туманидаги 5-умумтаълим мактабида ўқиган. У 6-синфдан бошлаб билимлар беллашувида фаол қатнаша бошлади. 8-синфдалигида география фанидан беллашувда қатнашди. Айнан шу беллашувда тушган савол уни чуқур ўйга толдириб қўйди. Бу Косонсой географияси ва тарихига оид эди. Шу кундан бошлаб излана бошлади.

– Косонсойнинг тарихи 2200 йилларнинг нарисидан бошлангани мени ҳайратга солди, – дейди Салимжон Жўрабоев. – Биз яшаб турган ҳудудимизга нисбатан бепарво эканмиз ёки юзаки маълумотлар билан чекланиб қўяверар эканмиз. Тарихни қанчалик яхши билсанг, чуқурроқ ўргансанг, юртингга муҳаббатинг ошгандан-ошиб бораверар экан. Ўзбекистоннинг бир парчаси бўлган Косонсой тарихида шунчалик кўп буюклар тақдири мавжудки, уларни ўрганишга бир инсон умри камлик қилади. Азиз-авлиёлар, жангчи саркардалар… Ҳудуд географиясини ўргана бошладим. Олимлар, муаллимлар, кўпни кўрган инсонлар билан суҳбатлашдим. Топган янгиликларимни компьютерда қайд этиб бордим. Дарвоқе, компьютер… Бу арзон нарса эмас. Аммо ота-онам мени қўллаб-қувватлаш учун уни олиб бердилар. Мактабни тамомлаганимдан кейин ҳарбий лицейга ўқишга кирдим. Изланишларимни бу ерда ҳам устозлар кўмагида давом эттирдим. «Косонсой тарихи ва географияси» ўқув қўлланма сифатида чоп этилди. Юртимга меҳрим рамзи бўлган бу китобни давлатимиз раҳбари мактабимизда бўлганларида уларга совға қилдим. Улар биз, ўқувчилар билан суҳбатлашганларида айтдиларки, одамлар сизни ўнлаб тенгдошларингиз орасидан ҳам бу йигит «Темурбеклар мактаби»да ўқиган экан, деб таниб олсинлар! Бу сўзлар юрагимда сақланиб қолди. Бугун таҳсил олган мактабим келажакда мен билан фахрланишларига арзирли ишлар қилишга интиламан.

КИТОБЛАР ВА ОНА

Салимжон тожик, инглиз, рус тилларини билади. Бадиий асарларни ўзбек ва рус тилларида бемалол ўқийди. Китоб ҳақида сўз кетганида унинг ўзидан эшитганимиз маъқулроқ, деб ўйлайман:

– Мен тарихий асарларга жуда қизиқаман. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида кўпроқ нарсаларни билгим келади. Саркарда ҳақида яратилган бадиий асарлар билан бир қаторда ҳужжатли асарларни ҳам йиғиб бораман. Улардаги тафовутларни аниқлайман. Шеъриятга қизиқаман. Севимли ёзувчиларим талайгина. Улар орасида Ўткир Ҳошимов асарларини айрича муҳаббат билан ўқийман. Унинг қаҳрамонлари кўнглимга яқин, ён-атрофимизда уларни кўргандек бўламан. Айниқса, «Дунёнинг ишлари»ни қайта-қайта варақлаб тураман. Бу китобни дўстларим ҳам севиб ўқишган. Чунки унда ҳаммамиз учун қадрли она сиймоси бор. Китобдаги «Гилам пайпоқ» новелласини шунчаки ўқиб бўлмайди. Бу фидокор она қиёфасида ҳамма ўз онасини тасаввур қилгани шубҳасиз. «…қиш қаҳратонини писанд қилмай, касал боласини кўтариб, калишлари қорга тўлса ҳам совуқни ҳис қилмай, қор кечиб кетаётган Она». Бу ёзувчининг онаси, сизу бизнинг онамиз. Адиб бу билан бизга оналаримизни ҳаётлигида ардоқлашимиз лозимлигини уқтиради, афсус-надомат, пушаймон чекиб, армонда ўртаниб қолмасликни уқтиради.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков Фарғона «Темурбеклар мактаби»да ҳам бўлиб туради. Спортда ва ўқишда ўзини ҳар томонлама кўрсатган ўқувчилар қўмондонлик эътиборидан четда қолмайдилар.

Намунали хулқи, аъло баҳоларда ўқигани учун Салимжон Жўрабоев ҳам бир неча бор рағбатлантирилган. Ўқув йили якунланаётганда қўмондон томонидан унга планшет совға қилинди.

– Мен ўша совғани ота-онамга совға қилдим, – деди Салимжон Жўрабоев.

Совғани совға қилиш… деган сўзлар ҳали тилимдан учмай туриб, яна давом этди:

– Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бу совға аслида ҳам ота-онамга тегишли бўлиб чиқади. Улар мени тарбиялаб, вояга етказдилар, ўқитдилар, мен учун ўз ҳузур-ҳаловатларидан кечиб, барча шароитни яратиб бердилар. Кичиккина ютуғимдан ўзимдан кўра кўпроқ қувонсалар, қайғурсалар… Албатта, бу уларнинг совғаси бўлади-да.

Ҳа, унинг фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ.

Азиз ўқувчи, мен фаолиятим давомида жуда кўп қаҳрамонлар билан учрашиб, суҳбатлашдим. Негадир уларнинг ҳар биридан оналари ҳақида эшитгим келади. Баҳоли қудрат оналари ҳақида сўз айтадилар. Аслида уларнинг кўнглида оналари ҳақида айтмоқчи бўлган сўзлари кўп бўлади. Шундай бўлса ҳам асосан меҳрибонлигини айтиш билан чекланадилар.

Салимжон ана шундай қаҳрамонларимнинг бири, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, уларнинг ичида энг ёши. У онаси ҳақида шундай деди:

– Онам… у ҳаётда синиб қолишимга йўл қўймайди!

Шу биргина гапда ўғилнинг онага улуғ муҳаббати, ишончи мужассам. Ҳамманинг ҳам онаси ҳаёт йўлларида Салимжоннинг онаси каби йўлчи юлдуздек порлаб турсин, ҳамманинг ҳам ўғли Салимжон каби оналарини қувонтириб юрсин!

Инобат ИБРОҲИМОВА 

Информеры