2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТАҚЛИД: САБАБ ВА ОҚИБАТ

Олиб борилган кузатувлар натижасида шу нарса маълум бўлди, авваламбор, Ғарб мультфильмлари жозибадор этиш учун ишланган. Уларда инсонларнинг диди, дунёқараши, нозик жиҳатлари эътиборга олинган. Танланадиган ранглар ҳам, ҳаракатлар ҳам шунга мос.

Шу сабабдан, Ғарб анимациялари томошабинни ўзига тортмоқда. Иккинчидан, улар сюжетида кўпинча ваҳшийлик, қотиллик ёқланади, чиройли саҳналарда тарғиб қилинади. Мазкур ҳолат қайсидир жиҳати билан болаларни катта фильмларга тайёрлашдир. Умуман, бу – мақсадли иш. Шунга кўра, бу вайронкор ғоялар ўринли-ўринсиз тиқиштирилаверади.

Бола – қизиқувчан, зийрак. У таҳлилсиз қабул қилади. Борича. Тақлид билан. Бундай руҳдаги мультфильмларни тизимли, мақсадсиз томоша қилиш охир-оқибат турли кўринишдаги экстремизмни вужудга келтирувчи омил сифатида баҳоланиши мумкин. Телевидение ва дисклар орқали намойиш этилган мультфильмлар интернет ўйинлари билан мустаҳкамланмоқда.

Энг муҳими, болаларда интернет ўйинлари ҳамда мультфильмларда тарғиб этилган ёвузликни ҳаётга татбиқ қилиш иштиёқининг пайдо бўлишидир. Айни шу нарса экстремизм учун эшик очади. Бинобарин, у ўз ўлжаларига қилган ёвузлиги учун жавобгар бўлмасликни ваъда қилади. Яъни уларни руҳлантиради.

Учинчидан, аксар Ғарб мультфильмларида ёмонлик яхшилик тарзида тарғиб этилади. Бошқага зарар, озор етказиш, ўлдириш ижобий қаҳрамон томонидан содир этилиши яхшилик кўринишида ифодаланади. Бу эса ўзини мутлақ қаҳрамон – ижобий образ деб билувчи болаларга қувват, «илҳом» беради. Уларда «мен ҳам кимнидир ўлдирсам, қаҳрамон бўламан ва қаҳрамон ўлдириши керак», деган тушунча, ғоя онгига секин-секин сингиб бораверади.

Тўртинчидан, Ғарб мультфильмларида нотаниш – биз кўникмаган маданият акс этади. Ўрганган жамоамизда бошқача – биз аввал учратмаган либосларни кийган одамни кўрсак, унга маҳлиё бўламиз. Ёки бошқача сўзловчи, бошқача ҳаракат қилувчи одам – улар бизнинг эътиборимизни тортади. Мана шу жиҳат болаларнинг диққат марказида туради, назаримизда.

Кўриниб турганидек, Ғарб фильмларининг фойдасидан зарари кўпроқ. Хўш, уларни кўрмаслик учун нима қилиш лозим?

Мўътабар манбаларда келади – «савол – илмнинг ярми». Шрек нима ёки ким? Уни кўрсатишдан мақсад нима? Маънавият ундан қандай фойда кўради? Тарбиячи? Бола хаёлот оламига йўлланмаяптими? Ҳаётда йўқ нарсаларни шакллантиришга ўргатилмаяптими? Яна бир қаҳрамон – смурф.

Хуллас, шу каби саволларни ҳар бир ота, ҳар бир она ўзига берсин. Жавобини изласин. Тафаккур билан. Фаросат билан. Бу эса масалага илмий, ақлий ёндашувдир. Зеро, кимда ақл тарозиси бўлса, унда илм тарозиси ҳам бор.

Айримлар мазкур ҳолатда телевидениени айблайди. Улар учун энг осони «телевидение кўрсатяпти – биз кўряпмиз» қабилидаги ёндашувдир. Бу тўғри эмас. Телевидение – ўзига хос тижорат соҳаси. У харидоргир «маҳсулот»ни таклиф қилади, бинобарин, ундан фойда кўради. Айрим фуқаролар истеъмолчилик масъулиятини унутиб қўяди. Истеъмолчи нимани таклиф қилса, ўшани олавериши керак эмас. Нима учун озиқ-овқатни, либосни ва ҳатто турмуш ўртоқни танлаймиз-у, аммо фильмни, мультфильмни, кўрсатувни танламаймиз, сараламаймиз?

Президентимиз тилидан мудом такрорланаётганидек уйғониш керак. Уйғониш фақат кўзни очиш билан содир бўлмайди. У ҳар битта жараёнга муносабатдир.

Ғарб мультфильмларидан бирида ўзга сайёралик ерликка савол бермоқда: «Сиз ерликлар нима учун ит ва мушук боқасиз?» Ерлик қаҳрамоннинг жавоби бундан ҳам қизиқ: «Кексайганда ёлғиз қолмаслик учун!» Бу бизни нима учун ташвишга солмаяпти? Наҳот кексайганимизда содиқ дўстимиз сифатида ит ё мушукни истасак?!

Хуллас, мультфильмлар беозор, аниқ манбага таянган, қадриятларга мос бўлиши, урф-одатларимизни тарғиб қилиши зарур. Катталар кўрган фильмлар кичикларга таклиф этилсин. «Уч оғайни ботирлар», «Зумрад ва Қиммат», «Алпомиш»… Бу мультфильмларнинг барчасида аниқ тарихий манба бор. Бу эса уларнинг давр чиғириғидан ўтганини англатади. Халқ тафаккурида сайқал топиб, бир тизимга тушганини англатади ва у тарбиявий аҳамиятга эга эканини билдиради.

Иргаш ДАМИНОВ

 

Информеры