2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ҚАТАР – 2022»ГА БОРА ОЛАМИЗМИ?

Ёхуд жаҳон чемпионатига саралаш бошланди

Мамлакат қудратини, халқаро майдондаги мавқеини белгилайдиган омиллар кўп. Улардан бири, бу сўзсиз – спорт. Дунё спорт мухлисларини кўпроқ жалб этадигани эса Олимпиада ўйинлари ва албатта, футбол. Шу боисдан ҳам дунёнинг деярли барча давлатларида футболни оммалаштиришга ва халқаро майдонда бу борада ўзига хос мавқега эга бўлишга жиддий эътибор қаратилади, жумладан бизнинг юртимизда ҳам.

Мамлакатда футболни янада ривожлантириш учун аввало шарт-шароитларни ҳозирлаш лозим, чунки бу давр талаби – инфратузилмани ривож­лантирмасдан туриб катта муваффақиятларга эришиб бўлмайди. Шу боис, бу борада мамлакатимиз миқёсида қабул қилинган бир қатор қонун ва қарорлар, жумладан дaвлaтимиз рaҳбaрининг 2011 йил 19 янвaрдa қaбул қилингaн «2011 – 2013 йиллaрдa рeспубликaдa футбoлни ривoжлaнтириш вa мoддий-тexникa бaзaсини мустaҳкaмлaш бўйичa қўшимчa чoрa-тaдбирлaр тўғрисидa»ги қaрoри ушбу йўнaлишдaги ишлaрни янaдa юксaк бoсқичлaргa кўтaришгa xизмaт қилди. Хусусан, қарор ижроси юзасидан Тошкент, Бекобод, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида янги стадионлар қуриб битказилди. Олмалиқ, Фарғона ва Наманган шаҳридаги стадионлар замонавий ҳолатга, мавжуд 9 та стадион эса халқаро стандартларга мос келтирилди. Ҳамон давом эттирилаётган бу каби ишлар ва янгиликлар юртимизда футболнинг тобора оммалашуви ҳамда ривожланишига, ўз навбатида, мухлислар сонининг ошишига хизмат қиляпти. Табиий, юртимиз юз минглаб футбол мухлисларининг бугунги кундаги асосий эътибори навбатдаги жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги баҳсларига тайёргарликни бошлаган бош жамоамиз – Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларига қаратилган.

БАҲСЛАРГА 2-БОСҚИЧДАН ҚЎШИЛАМИЗ

Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) футбол бўйича жаҳон чемпионати саралаш баҳслари механизмига бир қатор ўзгартиришлар киритганидан ашаддий мухлислар яхши хабардор. Унга кўра «Жаҳон чемпионати – 2022» ва «Осиё кубоги – 2023» саралаш баҳслари бирлаштирилди ҳамда у уч босқичдан иборат бўлади. Дастлабки босқич баҳслари ўтиб бораётган шу ҳафтада, рейтинг бўйича қитъамизда кучсизроқ ҳисобланган жами 12 та терма жамоа иштирокида бошланди. Икки ўйиндан иборат «плей-офф», яъни «уй-сафар» тизимида ўтадиган мазкур босқич ўйинларида ғолиб чиққан 6 та терма жамоа кейинги – 2-босқич баҳсларига қўшилади.

Бугунги кунда ФИФА рейтингида 85-поғонани (Осиё миқёсида 11-ўринни) эгаллаб турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Жаҳон чемпионати – 2022»га саралаш баҳсларини айнан 2-босқичдан бошлайди. Унда қитъамизнинг 40 та терма жамоаси қатнашади. Улар ҳар бирида 5 тадан терма жамоа бўлган 8 та гуруҳга бўлиниб, ўзаро баҳс олиб боришади ва «уй-сафар» тизимида 8 тадан учрашув ўтказишади. ОФК тақвимига кўра, ушбу гуруҳ ўйинлари 2019 йилда бошланиб, 2022 йилга қадар давом этади. Гуруҳда 1-ўринни эгаллаган 8 та терма жамоа ва 2-ўринни қўлга киритган энг яхши кўрсаткичли яна 4 та терма жамоа автоматик равишда «Осиё кубоги – 2023»га йўлланма олади, шунингдек, «Жаҳон чемпионати – 2022» йўлланмаси учун курашни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Дунё биринчилигига саралашнинг сўнгги, яъни 3-босқичида 12 та терма жамоа қатнашади. Улар 6 тадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда баҳсларни давом эттиришади ва якунда дастлабки икки ўринни эгаллаган 4 та терма жамоа жаҳон чемпионатига йўл олади.

Иккинчи саралаш босқичида гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган терма жамоалар «Осиё кубоги – 2023»га бериладиган қолган 12 та йўлланма учун курашни давом эттиради. Улар 4 тадан 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро баҳс олиб боришади. Гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар «Осиё кубоги – 2023»га йўлланма олади. Бу галги қитъа биринчилиги финал босқичида 24 та терма жамоа қатнашади.

ТУРКИЯ – ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2022 йили Қатарда ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга кирита оладими – қарийб ярим асрдан буён рўёбга чиқмаётган юртимиз футбол мухлислари орзуси амалга ошадими? 28 йил давомида дунё биринчилигига боролмаган Миср терма жамоасини шундай муаммодан халос этган ва мухлислари ишончини қозонган аргентиналик мураббий Эктор Купер шундай ишини юртимизда ҳам такрорлармикин? Шу ва шунга ўхшаш саволлар бугунги кунда юртимиз футбол ихлосмандларини қийнамоқда. Баҳорнинг илк кунлари бу хавотир бироз сусайди, чунки терма жамоамиз ўша кунлари Хитойда ўтказилган «China Cup – 2019» турнирида катта тажрибага эга Уругвай терма жамоасига ютқазган бўлса-да, мезбонларни мағлуб этиб, ФИФА рейтингида тўрт поғона юқорилашга эришди.

Ёзнинг иккинчи куни терма жамоамиз тарихий учрашув ўтказди – илк марта Туркия терма жамоасига қарши Анталия шаҳрида майдонга чиқди. Баҳс ФИФА рейтингида икки баравар юқорида (39-ўрин) жойлашган мезбонлар ғалабаси билан якунланди – 2:0.

– Биз таркибда бир қатор янги футболчиларни синаяпмиз ва бу натижага таъсир қилди, – дея мағлубиятни изоҳлади ўйиндан сўнг терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер. – Турклар бизга қарши тинимсиз «прессинг» ишлатишди ва шогирдларим илк бор бундай кучли босимга дуч келишди. Демак, келгусида шундай ҳолатлар, шу жумладан тўпни назорат қилиш ва стандартлар устида кўпроқ ишлашимиз керак бўлади.

Туркия терма жамоаси орадан олти кун ўтиб, яъни 8 июнь куни ўз майдонида Европа чемпионатига саралаш баҳслари доирасида Франция терма жамоасига қарши тўп сурди ва бу рақибидан ҳам 2:0 ҳисобида устун келди. Демак, биз, мухлислар терма жамоамизнинг туркларга қарши ўйинидан нолимасак ҳам бўлади.

ЎЗБЕКИСТОН – КХДР

Бош жамоамиз ФИФА кунларида (2 – 11 июнь) Тошкентдаги «Миллий» стадионда КХДР ва Сурия терма жамоаларига қарши ҳам ўртоқлик учрашувлари ўтказди. Юртимиз футбол мухлислари кореяликларга қарши ўйин олдидан унчалик хавотирга тушишмади. Зеро, терма жамоамиз шу кунга қадар шарқликларга қарши 9 марта турли хил мусобақалар доирасида майдонга тушган ва уларнинг 6 тасида ғалаба қозонган, 2 тасида дурангга имзо чекиб, атиги биттасида мағлуб бўлганди. Жумладан, ўтган йил ноябрь ойида Тошкентда кечган ўртоқлик учрашувида Марат Бикмаев томонидан урилган 2 та гол ҳисобига терма жамоамиз ғалаба қозонганди. Боз устига ФИФА рейтингида биздан 11 поғона қуйида жойлашган КХДР бу йилги қитъа биринчилигида энг кўп (14 та) тўп ўтказиб юборган терма жамоа сифатида қайд этилганди. Аммо футбол мутахассислари бу терма жамоани «фавқулодда тез ўзгарувчанлик» хусусияти билан изоҳлаб, огоҳ этишди. Хусусан, Гуамни 21:0 (!) ҳисобида ютган, Италиядан устун келган ва дунё биринчилигида чорак финалга чиққан жамоа сифатида эътироф этишди. Табиийки, бу тушунча ва қарашлар 7 июнь куни Тошкентда кечган учрашувга ҳам таъсир кўрсатди. Футболчиларимиз, айниқса, 1-бўлимда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишди ва рақиб дарвозасини атиги бир бор ишғол этишди – 11 метрлик жаримадан урилган гол муаллифи Одил Аҳмедов бўлди. Иккинчи тайм биринчисидан тамоман фарқ қилди – терма жамоамиз аъзолари мухлислар кутганидек ҳужумкор ўйин намойиш этишди. Т. Абдухолиқов, И. Сергеев ва Д. Турсунов томонидан урилган голлар терма жамоамизнинг йирик – 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади.

– Шогирдларим ўйинидан қаноат ҳосил қилдим, – деди учрашувдан сўнгги матбуот анжуманида мураббий Эктор Купер. – Аввалги учрашувдан фарқли равишда бу гал майдонда тинимсиз «прессинг» ишлатдик ва бу рақибнинг хатолар қилишига, голлар ўтказишига олиб келди. Бундан кейин ҳам шундай ишлашда – ўйинимиз савиясини тобора ошириб бориш ва кучайтириш йўлида давом этамиз.

ЎЗБЕКИСТОН – СУРИЯ

11 июнь куни пойтахтимиздаги «Миллий» стадион худди 7 июндаги каби яна футбол мухлислари билан лиқ тўлди, қарийб шунча одам ташқарида қолиб кетди.

Сурия терма жамоасига қарши кечган ўйин аввалдан кутилганидек жамоамизнинг ҳужумкорлиги билан бошланди ва 3-дақиқадаёқ ҳисоб очилди – терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов узатган тўпни Элдор Шомуродов дарвозага аниқ йўллади. Биринчи тайм сўнгида Шомуродов яна рақиб дарвозасини ишғол қилди ва 2:0 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди.

– Ўзбекистон терма жамоасининг бундан олдинги икки ўйинини кўрган эдим, жамоа жисмоний тайёргарлик ва ҳимоя жиҳатдан кучли, – деди  ўйиндан сўнгги матбуот анжуманида Сурия терма жамоаси бош мураббийи Фажр Иброҳим. – Ҳимоячиларимиз йўл қўйган хатолар қимматга тушди, ҳар иккала гол ҳам айнан шунинг маҳсули. Майдон ҳолати ёмон эмас – ётқизилган чим ҳали маромига етмаган, боиси яқинда уруғ қадалган экан, вақт ўтиши билан ҳаммаси яхши бўлади.

* * *

Келгуси йилнинг январь ойида Таиландда ўтказиладиган футбол бўйича Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси (U-22) ҳам ФИФА кунларида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди. Миср олимпия терма жамоасига қарши 9 июнь куни Андижон шаҳридаги «Соғлом авлод» стадионида бўлиб ўтган илк ўйинда Любинко Друлович  бош мураббийлик қилаётган олимпиячиларимиз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларга Б. Абдухолиқов (31) ва А. Ғаниев (90+1) муаллифлик қилди.

11 июнь куни бу жамоалар яна тўқнаш келишди. Бу гал Наманган шаҳрида ўтказилган учрашув голларга бой бўлди. Ёшларимиз баҳсни кўтаринки руҳда бошлашди – Ислом Қобилов 17-дақиқада ҳисобни очди, пенальтидан гол урди. 58 ва 66-дақиқаларда Азизжон Ғаниев ва Бобур Абдихолиқов ҳисобни йириклаштирди. Бироқ таркибдаги бир қатор ўзгаришлар сўнгги дақиқаларда ҳисобнинг ўзгаришига олиб келди, мисрликлар иккита (Аҳмад Ёсир – 82, Муҳаммад Абдулсалом – 90+4) гол уришга муваффақ бўлишди ва ўйин 3:2 ҳисобида олимпиячиларимиз ғалабаси билан якунланди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры