2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

УРУГВАЙ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Мамлакат Қуролли Кучларини шакллантириш ишлари 1825 йилнинг 25 августида Уругвай мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг бошлаб юборилган. Асосий ҳамкорлардан бири ҳисобланувчи АҚШ билан ўзаро ҳарбий алоқалар 1930 йилда йўлга қўйилган. Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан сўнг, яъни 1947 йилда Рио-де-Жанейрода ҳар икки давлат ўртасида Ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома имзоланганидан кейин бу ҳамкорлик янада мустаҳкамланган. Шунингдек, 1952 йилда Уругвай ва АҚШ ўртасида икки томонлама ҳарбий пакт имзоланган. Шу сабабли ҳам мамлакат армияси учун мўлжалланган ҳарбий техника ва қуроллар асосан АҚШдан харид қилинган. 1990-йилларга келиб мамлакатга Исроил ва Шарқий Европа давлатларидан асосан собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган ва эскирган техника етказиб берилган. Шунингдек, қўшни Бразилиядан ҳам харидлар амалга оширилган. Бироқ кейинчалик армияга бўлган эътибор пасайиб, ҳарбий йўналишдаги харажатлар миқдори кескин камайиб кетган. Бунга Уругвай учун жиддий ташқи хавф-хатарлар мавжуд эмаслиги ҳам сабаб бўлган. Натижада ҳозирги даврга келиб Уругвай ҳарбий нуқтаи назардан Лотин Америкасининг аксарият мамлакатларига хос бўлган Қуролли Кучларга эга, яъни армия асосан эскирган ва деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган жанговар техника ва қуроллар «уюми»ни ифодалайди. Мамлакат ҳукумати ҳарбийларга муддатидан олдин пенсияга чиқиш имтиёзини таклиф этган ҳолда, шахсий таркиб сонини Қуролли Кучлар таркибидан жой олган Қуруқликдаги қўшинлар учун 16 800, Ҳарбий денгиз кучлари учун 6 000 ва Ҳарбий ҳаво кучлари учун 3 000 нафар кишигача қисқартирган.

Уругвай Қуролли Кучлари бўлинмалари мунтазам равишда БМТнинг тинчликпарварлик операцияларида иштирок этиб келади ва бу жанговар тайёргарликни такомиллаштиришнинг муҳим усули ҳамда қўшимча даромад воситаси ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунга келиб ҳарбий йўналишдаги харажатлар миқдори 163 миллион долларни, яъни мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 1,6 фоизини ташкил этади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Мамлакат армиясининг бу турдаги қўшинлари 4 та минтақавий округ (минтақавий дивизия), 3 та бронетанк (енгил танклар, кўплаб зирҳли транспортёр ва зирҳли машиналар билан таъминланган) ва 6 та кавалерия (отлиқлар) полки, 13 та пиёдалар, 4 та артиллерия ва 4 та муҳандислик батальони ҳамда 1 та зенит артиллерияси дивизионидан ташкил топган. Танк парки таркибида 15 та Ti-67 (собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган Т-55), 17 та М24 ва 47 та М41 (АҚШ) русумли енгил танк бўлиб, уларнинг барчаси эскириб қолган. Шунингдек, қўшин ихтиёрида Бразилия ва Россияда ишлаб чиқарилган 81 та жанговар разведка машинаси, 15 та пиёдалар жанговар машинаси, турли русум ва типдаги 340 та зирҳли транспортёр, 6 та ўзиюрар артиллерия қурилмаси, 56 та шатакка олинувчи тўп, 201 та миномёт, 15 та «Милан» русумли танкка қарши ракета комплекси бор. Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари 6 та М167 (АҚШ) ва 8 та ТСМ-20 (Исроил) типидаги зенит тўпларига эга. Жанговар разведка машиналари ва БТРлардан ташқари, барча жанговар техника, юқорида айтиб ўтилганидек, анча эскирган ва бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшинлар учта авиабригада (эскадрилья)дан ташкил топган бўлиб, улар 30 та жанговар, 12 та транспорт, 30 дан ортиқ ўқув самолёти билан таъминланган. Жанговар самолётлар таркибида А-37В Cessna (АҚШ) ва IA-58 Pucaras (Аргентина) русумли штурмчи, ЕМВ-110В (Бразилия) ва ОА-37 (АҚШ) русумли разведка самолётлари бор. Транспорт техникаси паркидан эса Lockheed C-130s (АҚШ), Embraer Bandeirantes ва Embraer Brasilias (Бразилия), CASA C-212-200 Aviocars ва T-41D Mescaleros (Испания) типидаги самолётлар жой олган. Шунингдек, Ҳарбий ҳаво кучлари тасарруфида «Уэссекс-РС.2», Bell UH-1H, Bell-212 (АҚШ) ва AS365 (Франция) русумли кўп мақсадли ва транспорт вертолётлари (17 та) бор.

Ҳарбий денгиз кучлари

Уругвай ҳарбий флоти ихтиёрида «Команданте Жоао Бело» (Португалия) ва «Коммандан Ривьер» (Франция) типидаги 3 та фрегат, «Виджилант» (Франция), «Кейп» (АҚШ) ва «Пейсанду» (Италия) русумли 6 та соқчи кема, турли русумдаги 9 та патруль катери, «Темерарио» (собиқ «Кондор-2», АҚШ) типидаги 3 та тралчи кема ва 4 та десант катери бор.

Денгиз авиацияси таркибидан «Бич-200Т», «Супер Кинг Эр-200Т» (АҚШ) русумли разведка, «Жетстрим» Мk2 (Англия), S-2, Т-34С (АҚШ) типидаги патруль ва ўқув самолётлари (7 та), шунингдек Во-105М (Германия), AS355 (Франция), Bell-47 (АҚШ) ҳамда «Уэссекс» НС2/Mk60 (Англия) русумли кўп мақсадли ва транспорт вертолётлари (12 та) жой олган.

Шунингдек, бу турдаги қўшинлар денгиз пиёдалари батальони ва Лагуна-дель-Саусда жойлашган кичик ҳарбий денгиз аэродромига эга.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры